Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шерзод Шерматов: «Соҳамизнинг келажагига ишонч янада мустаҳкамланди»

Шерзод Шерматов: «Соҳамизнинг келажагига ишонч янада мустаҳкамланди»

IT соҳасида таълим берадиган резидентлар сони кун сайин ортиб бораётгани АКТ таълими соҳасида рақобат кучайиб, энди сифатга яхшироқ эътибор қаратилишига сабаб бўлади, дейди АКТ вазири Шерзод Шерматов.

«Шанба кунининг иккинчи ярмида ҳам юзлаб ёшларимиз ахборот технологияларини ўзлари қизиқиб ўрганаётганини кўриш албатта келгуси 5 йилда IT экспортимизни 10 баробар ошишига ишончимизни мустаҳкамлайди.

Ўтган ҳафтада Давлатимиз Раҳбари томонидан муҳокама этилган Тараққиёт стратегиясида кўзланган мақсадларга эришишимиз учун энг асосий масалалардан бири бу ёшларимизнинг ўз устиларида ишлаб қўшимча таълим олишларидир. Бунда мактаб, ОТМлардан ташқари хусусий таълим ташкилотларининг ҳам анчагина ҳиссаси бор. АКТ соҳасидаги бундай ташкилотларимиз ҳозирги кунда IT-Park резиденти бўлиб қўшимча солиқ имтиёзларига ҳам эгадирлар.

Шундай резидентларимиздан бирига бориб, юзлаб ёшларимизнинг дам олиш кунида ҳам тинмай ўз устиларида ишлаётганини кўриб, соҳамизнинг келажагига ишонч янада мустаҳкамланди. Бундай таълим берадиган резидентларимизнинг сони кун сайин ортиб бораётгани АКТ таълими соҳасида рақобат кучайиб, энди сифатга яхшироқ эътибор қаратилишига сабаб бўлади деб умид қиламиз. IT-Park сайтида соҳада таълим олиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот бор: https://education.it-park.uz

Кўпгина ёшлар вақтини бекорчи, фойдасиз нарсаларга сарф қилиб, кейинги ҳаётларида пушаймон бўлиб қолишлари мумкин. Ундан кўра, шу ёшларимизга ўхшаб вақтингиздан унумли фойдаланинг», дейди АКТ вазири.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов IT-парк резиденти — «Нажот таълим» ўқув марказида бўлиб, унинг фаолияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

Вазир марказ фаолияти билан танишиш жараёнида ахборот технологиялари соҳасида қилинаётган ишлар юзасидан таклифлар берди.

Учрашувда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳам қатнашиб, Ёшлар порталини такомиллаштириш ва қўшимча қулайликлар яратиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Шунингдек, ёшлар дафтарига киритилганларга IT-йўналишда таълим олиш имкониятини яратиш ҳам муҳокама қилинди.

Шу куни АКТ вазири ва ўқув марказида таълим олаётган ўқувчилар ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг