Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Бизнесни нимадан бошлаш керак? Сир сақлашдан!

Бизнесни нимадан бошлаш керак? Сир сақлашдан!

Фото: «Profitmentoring.com»

Бизнесга энди киришаётганлар хато қилиб қўйишдан қўрқадилар ва соҳа мутахассисларидан маслаҳатлар олишга ошиқадилар. Лекин уларга энг биринчи ўринда психолог тавсиялари зарур. Буни кейинга қолдирсалар кеч қолишлари мумкин. Чунки кўпчилик бизнеснинг илк босқичида катта хатога йўл қўяди.

Бизнес остонасидаги инсоннинг режалари лиммо лим. Шунинг учун у баъзан тасаввур косамиздан ташқарига чиқиб кетади. Мана шу бизнесни синдирадиган катта хатодир. Яъни, бўлажак бизнес-мен ёки бизнес-леди режалари  ҳақида атрофдагиларга тўлиб-тошиб гапириб беради. Аслида позитивдек кўринган бу одат омад қаршисидаги инсоннинг зиёнига хизмат қилади.

Нега дейсизми? Боиси атрофдагиларнинг реакцияси сизнинг душманингиздир.

Фараз қилайлик, янги фирма очаётганингизни бирор яқин одамингизга айтдингиз. У гапингизни бўлиб, “Қўйсанг-чи, бу қўлингдан келмайди, ҳомҳаёлга берилма” деди. Сиз бу баҳодан тушкунликка берилишингиз, руҳан синиб қолишингиз эҳтимоли бор.

Сиз шу ўринда мен билан баҳслашишингиз мумкин: “Атрофимда мени руҳлантирувчи мотиваторлар тўла. Уларнинг фикри менга қанот бағишлайди”. Йўқ, бу ҳолат ҳам сизни омадсизликдан қутқара олмайди.

Яна тасаввур қилайлик. Қаршингизда сиз билган ва сизни яхши билган, ақлли, оптимист одам турибди ва сиз у билан режаларингизни бўлишяпсиз. Яқинда фирма очишингизни маълум қилиб, уни қандай реклама қилишингиз, қайси маҳсулотга ихтисослашишингиз, кимлар билан ҳамкорлик ўрнатишингизни батафсил сўзлаб бердингиз. Унинг кўзлари порлади ва сизга жавоби: “Қойил, зўр нарсани ўйлаяпсан. Ишонаман, бу қўлингдан келади. Ўйлаганингдан ҳам зиёда натижаларга эришишинг аниқ. Фирманг ҳали гуллаб-яшнаб кетади, мижозларинг кўп бўлади, даромадинг ошади...”.

Бу ёқимли иборалар сизнинг психологик қиёфангизни бундай яратди: “Омадсиз”. И-я, бу қанақаси бўлди?!

Инсон онг остининг бошқача номи – “ақлсиз онг”. У реаллик ва нореалликларни яхши фарқлай олмайди. "Бўлди" ва "бўлади" сўзларидаги замонларни-ку, умуман тушунмайди. “Бўлади” деб гапирган гапингизни “бўлди” деб ёзиб олади. Ҳамма гап шунда!

Сиз бирор ишни режалаштирганингизда, онг ости уйғонади, уни бажаришга бор кучи билан ҳаракат қилади. Аслида онг ости мақсадига эришмагунча тинчимайдиганлар хилидан. Лекин сиз бу ҳақида кимгадир гапириб берганингизда ва ундан ижобий жавоб эшитганингизда буларнинг барини бажарилган деб ўйлайди. Мақсадларига “+” қайдини қўйиб чиқади ва тинчланади. Энди унга интилиш учун эҳтиёж йўқ. Онг остининг тинчланиши – инсон учун омадсизлик. Бунинг оқибатида режаларни амалга ошириш учун куч тополмайди, ҳар қанча ҳаракат қилмасин, миядан келаётган қувват ўчиб қолгани учун орзуларини рўёбга чиқаришга қийналади.

Бу масала янада тушунарлироқ бўлиши учун юқоридаги мисолдан қайта фойдаланмиз. “Фирма очаман, ихтисослашаман, ҳамкорлик қиламан”. Сизнинг фикрларингизни эшитган онг остининг қайдномаси: “Фирма очилди, ихтисослашилди, ҳамкорлик қилинди. Ҳаммаси бажарилди”. Суҳбатдошингизнинг реакцияси: “Ўйлаганингдан ҳам зиёда натижаларга эришишинг аниқ. Фирманг ҳали гуллаб-яшнаб кетади, мижозларинг кўп бўлади, даромадинг ошади...”. Онг остининг қайдномаси: “Зўр натижаларга эришилди. Фирма ривожланди, мижозлар кўп, даромад юқори. Бўлди, бу масала ҳал”.

Кўриб турганингиздек, “ақлсиз онг” тасаввурдан қониқиб улгурди ва бу мавзуни архивга улоқтирди. Энди у мақсадларингизга эришишда кўмакчи эмас.

Аксинча ҳолатда эса, яъни сиз режаларингизни пинхон сақласангиз, онг ости ўзи ҳам тинчимайди, сизни ҳам тинч қўймайли. Орзу ушалиши учун зарур фикрларни туғдириб беради, ғайрат уйғотади ва охирида – натижага эришгандагина қониқади. Мана энди тафсилотларни истган инсонингизга истаганингизча гапириб бераверинг.

Демак, мақсад шу қадар олий нарсаки, уни асрашни, парваришлашни билиш керак. Мазкур олтин қоидани ҳаётига татбиқ эта олганлар бизнесда ҳам, шахсий масалаларда ҳам муваффақиятдан умид қилишлари мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг