Рақамли технологиялар вазирлиги АҚШ–Ўзбекистон бизнес-форумида иштирок этди (фото)
15 сентябр куни Вашингтонда 2023 йилги АҚШ-Ўзбекистон йиллик бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, турли идоралар вазирлари, инвестиция ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Бизнес-форум Америка-Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилди.
Конференция давомида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистоннинг IT салоҳиятини ошириш, хусусан, BPO ва IT-аутсорсингни ривожлантириш бўйича тақдимот қилди. Вазир мамлакатимизнинг имкониятлари, афзалликлари ва Ўзбекистон бозоридаги янги ўсиш нуқталари ҳақида гапирди, шунингдек, мамлакатнинг IT-аутсорсингнинг янги маркази сифатида ривожланишидаги ролини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бири IT соҳасидир. Мамлакатда IT-компаниялар корпоратив солиқларнинг барча турларини тўлашдан озод қилинган, шунингдек, уларнинг ривожланишини рағбатлантириш учун бир қатор имтиёзлар берилган.
Мамлакатда кўпроқ хорижий инвесторлар ўз корхоналарини очмоқда ва уларнинг 220 дан ортиғи IT соҳасида фаолият юритмоқда. Ўзбекистоннинг АҚШ билан IT соҳасида ҳамкорлиги кенгаймоқда. 2022 йилги маълумотларга кўра, АҚШга экспортнинг 63 фоизини IT-хизматлар ташкил этади.
Рақамли технологиялар вазири республикамиз аҳолисининг 55 фоизини ёш авлод ташкил этиши, улардан 5 миллион нафари инглиз тилида сўзлашаётгани, уларнинг 100 мингдан ортиғи малакали ёш IT-мутахассислар эканини алоҳида таъкидлади.
Халқаро тажриба, илғор тенденциялардан фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон — Минтақавий IT-хаб” ташаббусини амалга ошириш, шунингдек, ахборот технологиялари соҳасида инвесторлар ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш устувор вазифалардан эканлиги айтилди.
“Шу билан бирга, биз бу билан тўхтаб қолмаймиз ва яқин келажакда биз илғор халқаро тажрибалар асосида бизнесни ривожлантиришнинг янги механизмлари ва меъёрий-ҳуқуқий базани яратмоқчимиз.
Ўзбекистоннинг эришаётган ютуқ-натижаларини ҳисобга олган ҳолда, биз америкалик ҳамкорлар билан ахборот технологиялари соҳасида тўлақонли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳаракатидамиз”, — деди вазир Шерзод Шерматов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter