Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Бир кун "селфи"сиз яшайлик!

Бир кун

Фото: Peopletalk.ru

Ўзини кашф этиш деганда ижобий қирраларини ошириш, манфаатли меҳнат билан шуғулланиш ва унинг мевасини кўриш, ўз устида ишлаш тушунилади. Лекин оммавий маданият авж олган бугунги кунда тушунчалар таърифи ўзгариб кетгани рост.  Ҳозирги ёшлар аудиторияси ижтимоий тармоқ орқали ўзини кўз-кўз қилишни шахс сифатида шаклланиш, танилиш ва тан олинишнинг бир унсури сифатида қабул қилиб олишган.

Эҳтимол, бунинг оқибатларини сезган ҳолда 16 март - Селфисиз кун, деб эълон қилинган экан.

Селфи сўзини биринчи марта 2002 йилда австралиялик фуқаро Нейтан Хоуп ишлатган ва у ўз тишининг суратини интернетга жойлаган. Сурат муаллифи унинг сифатсизлиги учун узр сўради ва бу селфи эканлигини тушунтирди. Ўзини суратга олиш 2010 йил охирига келиб машҳур бўлди. 2013 йилда "селфи" сўзи ёшлар жаргонидан Оксфорд луғатига кўчиб ўтди.

Селфи "эпидемия"си  инсон кўп вақтини ўзини суратга олиш ва ижтимоий тармоқларга жойлаштиришга сарфлашга олиб келди. Дўстлар билан дийдорлашув, оилавий саёҳатлар, кино, театр, кўргазмалар томошаси вақти инсонлар оқибат, табиат манзараси ва санъат асарларидан эмас, смартфондан кўпроқ завқ олишга ўтиб олганлар. Гўё у ерга маданий ҳордиқ чиқариш эмас, фотофактни ижтимоий тармоққа жойлаштириш учун борадигандек тасаввур уйғотяптилар.

Селфимания ўзига нисбатан ҳурмат ва ишончнинг пастлиги, бошқалар билан муносабатларда илиқлик етишмаслигидан даракдир. Замонавий инсон ҳаётини осонлаштирадиган янги қурилмалардан фойдаланишнинг ёмон жойи йўқ, албатта. Лекин смартфон эгалари ижтимоий тармоқлардаги "лайк"лар учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйганига кўп бор гувоҳ бўлдик. Қоя четида, шаршарада, кўприк панжарасида, томда, темирйўлда, ёввойи ҳайвонлар олдида, машина бошқараётиб селфи олишдан тап тортмаётган ёшлар билан боғлиқ мудҳиш ҳодисалардан шериклари сабоқ чиқармаётгани икки ҳисса ўйга толдириб қўяди. Бундай селфилардан йилда бир эмас, ҳар он воз кечса арзийди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг