Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Банклардаги электрон хизматлар ҳақида мулоҳазалар (1-қисм)

Банклардаги электрон хизматлар ҳақида мулоҳазалар (1-қисм)

Фото: Novostipmr.com

Банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда банкнинг кредит ташкилоти сифатидаги моҳиятини очиб беришга имкон берадиган ҳолатларга катта аҳамият берилади.

Мижозлар билан банк орасидаги муносабатлар объектив бўлиши зарур. Шу маънода, банк – бошқаларникидан фарқ қиладиган маҳсулот ишлаб чиқарадиган объект ҳисобланади. Ушбу маҳсулот, унинг таркибида пул мавжуд бўлганлиги сабабли товар бўлиб ҳисобланади. Пул – хизматлар, ишлаб чиқариш, тарқатиш, алмашиш ва истеъмолни ривожлантиришга ҳисса қўшади ва мижозлар билан пул муносабатларини ривожлантиради.

Ҳар бир банкнинг ўз стратегияси мавжуд бўлиб, унинг асосида ўз маҳсулотларининг истеъмолчилари гуруҳига, у корхона бўладими ё муассасами ёки оддий аҳолими, эътибор қаратилади. Бозорнинг ҳар бир сегментида жисмоний ва юридик шахслардан ташкил топган мижозлар базаси ўрганиб борилмоқда.

Мижозлар базасини қандай кенгайтириш мумкинлиги тўғрисида банк олдиндан ўйлаши керак, аксарият ҳолларда энг кенг хизмат турларини тақдим этувчи банклар ютади. Маълум сегментлар билан ишлашда ҳар бир истеъмолчига нима таклиф қилишни аниқ билиш кераклигини тушуниш зарур.

Банкнинг турли банк хизматлари бозоридаги фаолияти, унинг натижалари ҳар доим маълум манбаларда қайд этиб борилади ва кейинчалик мижозлар билан банк муносабатларининг бутун комплексини маркетинг таҳлил қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон банк секторидаги соғлом рақобат ҳолатида банклараро таҳлил айни муддао ҳисобланади. Ҳар бир банкда кўп сонли турли жиҳатларнинг маркетинги билан шуғулланувчи бўлинмалар мавжуд. Аксарият ҳолатларда ушбу жиҳатлар қуйидагилардан иборат бўлади:

1) кредитлаш, омонатга пул қабул қилиш ва бошқа хизматларни кўрсатиш бозорида етакчилик қилишга эришаётган рақобатчиларни ўрганиш;

2) рақобатчиларни ўз банки билан таққослаш.

Ўзбекистон банк бозори хизматларни яхшилашга, жамият манфаатларини тўлиқ қамраб оладиган янги банк хизматларининг пайдо бўлишига интилади. Aммо кредит муносабатларининг ривожланиши билан, банкларнинг зиммасидаги мажбуриятлар ҳам кўпайиб боради. Уларни пухта бажарилиши банк хизматлари ҳажмини оширади.
Шундай қилиб, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, Ўзбекистон бозорига талаб юқори бўлган ва аҳолининг турли қатламлари эҳтиёжларини қондирадиган сифатли маҳсулотларни олиб кириш ва такомиллаштириш зарур.

Шу ўринда ушбу вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий тажрибадан мисолларни қуйидаги келтириб ўтамиз.

Канада

Канаданинг “Royal Bank of Canada” банки “NOMI” деб номланган ўзининг виртуал ёрдамчисини ишга туширди. Ушбу янги жорий этилган тизим сунъий интеллектга асосланган бўлиб, мижозларга ўз маблағларини бошқариш самарадорлигини оширишга имкон беради. Канадаликлар тақдим этилаётган қулайликлари туфайли “NOMI”ни ёқтириб қолганлар.

Сунъий интеллект мижозларнинг молиявий ҳулқини ва харажатларини таҳлил қилади, бюджет доирасидан чиқиш ҳолатларидан огоҳлантиради ва уларга маблағларини қандай қилиб иқтисод қилиш ҳамда йиғиш бўйича маслаҳатлар беради.

Сунъий интеллект алгоритмлари бир нечта ҳисоб рақами ва банк карталарига эга бўлган мижозларга сарф-харажатлари, молиявий хатарлар ва имкониятларни аниқ белгилаб олиб, улар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Швейцария

Швейцарияда илк бор лицензияланган “SEBA” криптовалюта банки ўз фаолиятини бошлаган. Банк ўз эшикларини корпоратив мижозлар ва профессионал инвесторлар учун очган. Банк мижозлари ўзининг ҳам анъанавий, ҳам рақамли активларни сақлашлари ва улар билан амалиётлар амалга оширишлари, шунингдек криптовалюта кўринишида кредит олишлари мумкин. Банк раҳбариятига кўра, Швейцариянинг илк бошқариладиган криптовалюта банки ўз мижозларига рақамли активларнинг барча имкониятларидан хавфсиз фойдаланишини таъминлайди. Ушбу банк анъанавий ва рақамли пуллар ўртасида кўприк вазифасини ўтайди ва инвестицион маҳсулотларни, моддий активлар ва шахсий маълумотларни токенизация қилиш бўйича хизматлар кўрсатади дейилган банкнинг матбуотга берган баёнотида.

“SEBA” мижозлари дастлабки босқичда бешта криптовалюта билан амалиётлар амалга ошириши мумкин бўлади: Bitcoin, Ethereum, Stellar, Litecoin ва Ethereum Classic. Банк хизматларидан SEBAwalet иловаси ва банк ҳисоб рақамига боғланган пластик карта орқали фойдаланиш мумкин.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, пластик картани мавжудлиги криптовалютани оммавий жорий қилинишига жуда муҳим қадам ҳисобланади. Матбуотда чоп этилган баёнотда ушбу пластик картани бугунги кунда бутун дунё бўйлаб 42,0 млн савдо нуқталари қабул қилаётганлиги ҳақида маълум қилинган.

Швеция

Швеция – 2023 йилгача нақд пул маблағларидан бутунлай воз кечишни ўз олдига қўйган давлатлардан ҳисобланади. Шведлар пластик карталарини, қўл терилари остига чиплар жойлаштириш билан алмаштира бошладилар. Ушбу технология қўлланила бошлаганига қисқа вақт бўлганига қарамасдан, аҳоли орасида ниҳоятда машҳур бўлиб улгурган. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 4,0 мингдан ортиғи ушбу чипни тери остига жойлаштирган – микросхема бош ва кўрсаткич бармоқлар орасига жойлаштирилмоқда.

Технология нафақат банк карталари, балки фойдаланишдаги барча пластик карталарнинг ўрнини босиши мумкин. Хусусан, транспорт карталари, ишга кириш ҳуқуқини берувчи карталар, спортзалларига абонементлар ва бошқалар. Бундан ташқари, микросхемада фавқулодда ҳолатлар учун турли контактлар, концертлар ва транспортга билетларни сақлаш мумкин.

Ушбу янгиликдан фойдаланиш худди пластик картадан фойдалангандек осон – қўл ўқувчи ускунага тегизилса етарли бўлади. Микросхемани тери остига жойлаштириш ҳам оддий – йўғон игнали шприц билан тери остига юборилади. 2 мм.га 12 мм ўлчамидаги пластина ҳеч қандай ноқулайлик яратмайди.

Сингапур

Сингапурнинг пул-кредит бошқармаси (Monetary Authority of Singapore, MAS) дунёнинг энг яхши марказий банки сифатида ҳар йиллик Central Banking Awards мукофотини қўлга киритди.

Central Banking нашри Сингапур марказий банкига ушбу мукофотни “ўз давлатини молиявий технологиялар маркази”га айлантиришга бўлган интилишлари учун топширди. Айниқса, “MASнинг назорат ва норматив-ҳуқуқий амалиётини такомиллаштириши ва янги технологияларни ривожлантиришга кўмаклашишга тайёр эканлиги” алоҳида қайд этилган.

Бошқа кўпгина марказий банклардан фарқли равишда Сингапур савдо-сотиқ ва очиқ иқтисодиётга кучли боғлиқ бўлганлиги сабабли ушбу давлат валюта курсини сиёсатнинг асосий воситаси сифатида ишлатади. Хусусан, 2018 йил давомида MAS миллий валютани мустаҳкамлаш мақсадида пул-кредит сиёсатини кучайтириш бўйича икки марта кескин ислоҳотлар амалга оширди. Шунингдек, MAS бугунги кунда “инновациялар ва янги технологияларни жорий қилиш”га қаратилган бизнес соҳасини рағбатлантиришга мўлжалланган молия сектори учун соҳани трансформациялаш беш йиллик харитасини амалга ошириш устидан иш олиб бормоқда. Ушбу тадбирлардан мақсад 2016-2020 йиллар давомида Сингапур молия секторининг ўртача йиллик ўсишини 4,3% га етказиш ва молиявий технологиялар соҳасида 3 мингта хизматлар ва 1 мингта иш жойларини ташкил этишдан иборат.

Бугунги кунда МAС Сингапурни дунёдаги етакчи финтех марказига айлантириш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Эълон қилинган монетар мақсад – бу барқарор иқтисодий ўсиш ва нархларнинг барқарорлиги ҳисобланади, бунда ушбу вазифаларни амалга оширишнинг асосий механизми валюта курсини бошқариш ҳисобланади. Бу ерда бирон бир валютага қатъий белгиланган курс ҳақида гапирилмаяпти – МAС аслида умумий савдо курсини асосий савдо шерикларининг валюталари саватига (номинал самарали курс) қараб мувофиқлаштириб боради.

Шунингдек, МAС тўловларни амалга ошириш учун бутун дунё бўйича биринчи унификацияланган QR-кодни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда ва тажриба қилишдан чўчимайди. Сингапур очиқ иқтисодиётга эга бўлганлиги сабабли (ташқи савдонинг ялпи ички маҳсулотга нисбати 300% дан ошади), МAС экспортни қўллаб-қувватлашга ва импортнинг жуда қиммат бўлмаслигига ҳаракат қилмоқда.

Сингапур регуляторининг бундай стратегияси барча учун одатий бўлиб қолган қоидаларга зид ҳолат ҳисобланади. Бунинг натижасида, Сингапур бугунги кунда бутун дунё бўйича энг рақобатбардош бўлган бешта миллий молиявий тизимлардан биттасига эга бўлиб турибди. Масалан: хусусий секторга берилган ички кредит ялпи ички маҳсулотга нисбатан 130 фоизни, ёмон кредитлар улуши эса 1,2 фоизни ташкил этади.

Айни пайтда, Сингапур марказий банки тезкор ва хавфсиз электрон тўловларни жорий қилиш устида иш олиб бормоқда, бироз аввал реал вақт режимида банклар ҳисоб рақамлари орасида маблағларни ўтказишга имкон берувчи Fast and Secure Transfers (Fast) – электрон пуллар ўтказмалари хизматини ишга туширган эди. Бугунги кунда ушбу хизмат асосида PayNow тизими ишлаб келмоқда, бу тизимдан 2,3 млн. киши фойдаланиб келмоқда, яъни Сингапур аҳолисининг ярми. Пул ўтказмасини амалга ошириш учун фақатгина уяли телефон рақами ёки миллий идентификация рақамини кўрсатиш етарли бўлади. Бунда ушбу тизим нафақат жисмоний шахслар, балки юридик шахслар фойдаланиши учун ҳам мўлжалланган.

Америка Қўшма Штатлари

Aмерика Қўшма Штатлари қатъий қоидаларга эга бўлган демократик мамлакат бўлганлиги сабабли, ушбу мамлакатдаги барча банк муассасалари қонунларга қатъий амал қиладилар. Федерал қонунларга мувофиқ тарзда ишлаш учун Aмерика банклари учун мижозларнинг шахсини аниқлаш («Customer Identification Program» (CIP)) мажбурий ва муҳим ҳисобланади. Мижозларга хизмат кўрсатишда банкнинг миқёси ва фаолият туридан келиб чиқиб, унинг минимал талаблари белгиланади.

Америка банклари орасида кам сонлилари масофадан туриб шахсий ҳисоб рақам очишга қодир бўлиб, улар қаторида банк “Bank of America” ҳам мавжуд. “Bank of America”даги ҳисоб рақами AҚШга сайёҳ сифатида ёки хизмат сафарларига тез-тез борадиганлар учун фойдали бўлади. Бундай ҳисоб рақамга эга бўлиш Aмерика компаниялари билан ҳамкорлик қилаётганлар учун манфаатли бўлади. Бошқа давлатдан туриб “Bank of America”да ҳисоб рақам очиш, ҳисоб рақам эгасини АҚШнинг солиқ резидентига айлантирмайди ва халқаро даромадига АҚШ солиқларини тўлашга мажбур қилмайди.

“Bank of America”да шахсий ҳисоб рақамга эга бўлиш қуйидаги афазалликларни тақдим этади:

  • xалқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти;
  • Америка банки хизматларидан фойдаланиш ва почта манзили (қутиси)га эга бўлиш имконияти;
  • Ғарб банкларининг биридан Visa ва MasterCard пластик тўлов карталарини олиш имконияти.

Мижоз ўз уйидан туриб америка интернет-магазинларидан харидлар амалга оширганда ҳам америка банкидаги ҳисоб рақам Америка бозоридаги товарлар ассортиментига катта имкониятларни очиб беради. Бу ҳолатда, магазин томонидан, бошқа давлатларникидан фарқли равишда, Америка карталаридан тўловларни қабул қилишда рад жавоби берилмайди.

“Bank of America”нинг маҳсулотлари ва хизматлари

Ҳисоб рақам

Бу – ҳар кунлик молиявий амалиётлар ва тўловларни ўтказишга мўлжалланган ҳисобнинг асосий тури. Шахсий банк ҳисоби очилганда, мижозга дебет картаси тақдим этилади. Асосий ҳисоб рақамини очиш учун минимал депозит – 25 АҚШ доллари. Бунда банк томонидан 12 АҚШ доллари миқдорида ҳар ойлик хизмат кўрсатиш бадали ундирилади. Агар мижоз ҳар ойда 250 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда омонатга пул қўйиб борса ва 1500 АҚШ доллари миқдоридаги ҳар кунлик ўртача қолдиқни қўллаб-қувватлаш талабини бажариб келса, у ҳолда 12 АҚШ доллари миқдоридаги бадал банк томонидан ундирилмайди. Агар мижоз 23 ёшга тўлмаган талаба бўлса ҳам у юқоридаги талаблардан озод этилади ва ундан ҳисоб рақамга кўрсатилган хизмат учун тўловлар ундирилмайди.

Фоизли ҳисоб рақам

Ушбу ҳисоб ҳам жорий тўловлар ва амалиётларни ўтказишда асосийлардан ҳисобланади. Ҳисоб рақамни очишда минимал депозит миқдори 100 АҚШ долларини ташкил этади. Бироқ “Асосий ҳисоб рақам”дан фарқли равишда, бу ерда баланс миқдоридан келиб чиққан ҳолда йиғилиб бориладиган фоиз тўловлари кўзда тутилган. Шу жумладан, фоизли ҳисоб рақам ҳисобни юритишга нисбатан қатъий талабларга эга, бунинг учун банк ҳисоб рақамга хизмат кўрсатилиши учун ҳар ойда 25 АҚШ доллари миқдорида бадал ундиради. Кунига 10 000 АҚШ доллари миқдорида баланс таъминланган ҳолатда, банк томонидан ушбу комиссия қўлланилмайди. Ҳисоб рақамлар Online Banking ва Мобиль банк орқали бошқарилиши мумкин.

Фоиз ставкалари:

Ҳисоб рақам балансидаги маблағ миқдори

Йиллик фоиз ставка

50 000 АҚШ долларигача

0,01%

50 000 дан 99 999 АҚШ долларигача

0,02%

100 000 дан ва ундан ортиқ

0,03%

(Давоми бор)

Мадина Абдураҳмонова,  “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси масъул ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг