Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АйТи таълим олишда қандай имконият ва имтиёзлар бор?

АйТи таълим олишда қандай имконият ва имтиёзлар бор?

Бугун, 30 октябр куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “АйТи таълим олишда давлат томонидан тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Айни вақтда республикамизда 600 дан ортиқ АйТи таълим марказларида 65 минг нафардан ошиқ ёшлар таҳсил олмоқда. Бироқ шу вақтга қадар мазкур ўқув марказлари сифати сўроқ остида қолиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 февралдаги “Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “АйТи-хизматлар экспорти йўналиши бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, жорий йилдан бошлаб “АйТи-истеъдод” дастури кучга кирди.

“АйТи истеъдод” дастури – IT-Park резиденти бўлган АйТи-хизматларни экспорт қилувчи компанияларга юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берувчи нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳа саналади.

Қарорга кўра, нодавлат таълим ташкилотларига битирувчиси АйТи-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача яъни 25 миллионгача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси ишга жойлашганда эса 105 бараваригача, яъни 35 миллионгача бир марталик субсидия ажратилади.

IT-Park резиденти бўлган нодавлат таълим ташкилотларига субсидия бериш учун махсус ахборот тизими (crm.digital.uz) яратилган бўлиб, жорий йилнинг март ойида ишга туширилди. Бугунги кунга келиб, ушбу махсус ахборот тизимидан 485 дан зиёд таълим резидентлари рўйхатдан ўтган ҳамда ўзларининг 1281 та ўқув курси бўйича маълумотларни киритган. Ушбу курсларни 26 800 нафра ўқувчи муваффақиятли битирган ва ҳозирги кунда 5 600 нафардан зиёд ўқувчи таълим олиб келмоқда. Битирувчиларнинг 11 000 нафардан зиёди иш билан таъминланган бўлиб, улардан 467 нафари АйТи-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотларда ишламоқда.

Субсидия олиш учун ўқув маркази дастлаб ўз талабалари ҳақида маълумотни CRM тизмига жойлаштиради. Ўқув марказнинг АйТи йўналишидаги курсини тамомлаган битирувчиси уч ой муддатда АйТи-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашиб узликсиз олти ой ишлаши керак.

АйТи ўқув марказлари рейтинги битирувчиларининг экспорт қилувчи ҳамда маҳаллий АйТи комапнияларга ишга кирганлик натижасига кўра реал вақт тартибида ўзгариб туради. CRM маълумотларига кўра, платформадан рўйхатдан ўтган 420 дан ортиқ ўқув марказининг 11 000 дан зиёд ўқувчилари расмий иш жойига эга бўлгани аниқ бўлди.

Хусусий АйТи таълим марказларини қўллаб-қувватлаш орқали 2030 йилгача АйТи таълим марказлари сонини 1 мингтага, ундаги ўқувчилар сонини эса 108 мингга етказиш кутилмоқда.

Ёшларни АйТи таълим олишга рағбатлантириш ҳамда соҳада иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзларнинг яна бири сифатида 31 ёшгача бўлган ёшларнинг АйТи сертификатни олиш ва ўқиш учун сарфлаган ҳаражатларини қоплаб бериш механизимининг жорий этилганлиги деб айтиш мумкин.

2022 йилдан бошлаб Халқаро АйТи сертификатни қўлга киритган 14 ёшдан 31 ёшгача бўлган ёшларга сарфлаган харажатларининг 50 фоизигача бўлган қисми компенсация шаклида тўлаб берилган. 2024 йил 17 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 95-қарорига мувофиқ, эндиликда АйТи сертификатни олишга бўлган харажатларининг 60 фоизигача қисмини компенсация қилиб олиш имконияти яратилди. Агар халқаро АйТи сертификатга қўшимча халқаро тил билиш сертификати бўлса, сарфланган харажатларни 100 фоизини қайтиб олиш мумкин. Ҳозирги кунга қадар 750 нафарга яқин ёшларнинг 2,6 млрд. сўмга яқин миқдоридаги халқаро АйТи-сертификат учун сарф қилинган харажатлари қоплаб берилди. Ушбу имтиёздан фойдаланган ёшлар 2 091 нафарни ташкил қилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг