Япон университетлари билан ҳамкорликда АйТи таълим соҳасида қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Япониянинг Сукуба университети президенти ва Давлат университетлари ассоциацияси президенти Нагата Кёсуке билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни кенгайтириш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Нагата Кёсуке Ўзбекистонда АйТи мутахассисларини тайёрлашда Япония тажрибасидан фойдаланишни қўллаб-қувватлашини билдирди. Сукуба университети мисолида барча талабаларга ахборот технологиялари ва маълумотлар таҳлили асосларини ўргатиш зарурлигини таъкидлаб, ҳар қандай соҳа вакиллари – ҳатто санъат ва дизайн каби йўналишларда таълим олган талабалар ҳам АйТи билимлари орқали ўз соҳаларида инновациялар яратишга қодир эканликларини қайд этди.
Вазир Шерзод Шерматов Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги талабаларга халқаро тажрибани етказиш ва Япония университетларида, хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ўқиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги ёшларни хорижга кетмасдан, ўз ватанидан туриб ишлаш имкониятлари билан таъминлашга катта эътибор қаратаётганини айтди. Айниқса, япон компаниялари билан масофавий иш ўринларини яратиш ва бу орқали Ўзбекистоннинг АКТ соҳасидаги кадрларини тайёрлаш учун келгусида кўплаб имкониятлар мавжудлигини билдирди.
Вазир Ўзбекистонда ёшларнинг масофавий иш тажрибасини ошириш ва уларни юқори малакали кадрлар сифатида шакллантириш, Япония компаниялари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар орқали янада ривожланиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, вазир Ўзбекистонда хорижий АйТи компаниялари учун қулай инвестицион муҳит яратилаётганини маълум қилди. Бу хорижий инвесторлар, жумладан, япон компаниялари учун Ўзбекистонни АйТи марказига айлантириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар Сукуба университети ва бошқа япон давлат университетлари билан илмий-тадқиқот ва АйТи таълим соҳаларида қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар. Юқори малакали кадрларни тайёрлаш, АКТ соҳасидаги халқаро стандартларга мос янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантириш ва Япония мутахассисларини Ўзбекистонга жалб этиш бўйича келгусидаги режалар кўриб чиқилди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда АКТ соҳасида малакали мутахассислар етиштириш, ёшларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ривожлантириш, Япония ва Ўзбекистоннинг таълим ва технология соҳаларидаги тажрибаларини бойитишда муҳим қадам ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter