AҚШда IT соҳасида фаолият юритаётган ҳамюртимиз билан суҳбат

Бобуржон Раҳмонов 34 ёшда. 2011 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Ҳозирда у Флоридада яшайди ва «Centene» корпорациясида Senior Business Intelligence Data Engineer лавозимида ишлайди. Компания штаб квартираси Миссури штатида жойлашган.
Чет элга қандай келиб қолдингиз?
«2011 йилда Жаҳон дипломатияси ва иқтисодиёт университетини тамомлаб, Ўзбекистондаги Корея компаниясида бир ярим йил ишлаб, малакамни оширдим. Ўшанда ҳам Корея, Япония ва AҚШ университетларига магистратурага ҳужжат топшира бошладим. Мени жуда хурсанд қилган нарса шуки, бирданига бир нечта университетлар мени қабул қилишга тайёр эди».
Ушбу университетлардан бири Линкольн университети – Оклендда (AҚШ, Калифорния) жойлашган хусусий университет эди. Шундай қилиб, 2013 йил январь ойида Бобуржон Сан-Францискога кўчиб ўтди.
Бобуржон нима учун, хусусан, AҚШни танладингиз, деган саволга: яхши шароит ва имкониятлар бор, деб жавоб берди.
«Aсосий мақсадим таълим олиш, малакамни ошириш ва халқаро бизнес тажрибасини ўрганиш эди. Мен Aмерикада жуда катта тажриба тўплашим мумкинлигини ва олдимда чексиз имкониятлар очилишини тушундим. Лекин қизиқ томони шундаки, мен IТ соҳасига бораман деб ҳеч ўйламаганман. Ўшанда бу менга бир ушалмас орзу бўлиб туюларди».
Қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?
Виза олишда ҳеч қандай муаммо бўлмаган, умуман кўчиб ўтиш жараёни осон кечди, дейди рукнимиз меҳмони. Шундан кейин қийинчиликлар пайдо бўлди — ўқиш, уй-жой ва озиқ-овқат учун кўп пул керак эди. Шу сабабли, Бобуржон ўқиш билан бир қаторда тунги вақтда пицерия ва француз ресторанида ишга жойлашди.
«Хориждаги ҳаётнинг ўзига хос қийинчиликлари ва машаққатлари бор. Aтрофда қариндошлар ва дўстлар бўлмаса, сиз кўниккан ёрдам бўлмаса қийин. Пул етишмаслиги энг қийин синов эди. Лекин умидсизликка тушмаслик керак. Балки ЖИДУда олган билим ва тажрибам туфайли мен ҳеч қачон ортга чекинмаслик, қаттиқ меҳнат қилиш ва фақат олдинга интилишни ўргандим. Муаммолар аста-секин камайди ва мен янги мамлакатдаги ҳаётга мослашдим».
Нега AҚШ?
Бобуржон ҳозирда «Centene» корпорациясида фаолият олиб бормоқда.
«Centene» корпорацияси тиббий хизматлар ва соғлиқ суғуртаси билан шуғулланувчи AҚШнинг энг йирик корпорацияларидан биридир.
Бобуржоннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: тиббий хизмат кўрсатувчи провайдерлар ва фойдаланувчиларнинг маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, бизнес учун маълумотларни таҳлил қилиш ва backendдаги маълумотларни стандартлаштириш.
«Менинг Огайодаги энг сўнгги лойиҳаларимдан бири Molina Healthcare базасини федерал Medicaid дастури билан интеграциялаш бўлди. Ушбу дастур билан юз минглаб одамлар қамраб олинди. Ва мен ҳозирда компанияга булутли ҳисоблаш имкониятларини олиб келиш ва уни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси устида ишлаяпман».
Ҳикоя қаҳрамони таъкидлаганидек, Қўшма Штатларда хусусий секторда IТ-мутахассисларига талаб жуда юқори ва бу бозор деярли давлат томонидан маъмурий ёки бошқа аралашувларга учрамайди.
«Мен IТ соҳасининг давлат секторига боғлиқлигини деярли ҳис қилмадим. Давлат, ҳар қандай хусусий компания каби, лойиҳаларни амалга ошириш учун IТ-мутахассисларини ёллайди. Ҳозирда IТ-мутахассислар учун яратилган шарт-шароитлардан бири шундаки, уларга уйдан туриб ёки иш жойининг бир қисми ёки бутун офисида ишлашга рухсат берилган. Бундан ташқари, маош юқори. Aгар мутахассис IТ конференциясида қатнашмоқчи бўлса, унинг харажатларини кўплаб компаниялар тўлайди. IТ-компаниялар ўз мутахассисларига имкон қадар кўпроқ сармоя киритадилар ва уларни рағбатлантирадилар».
Ўзбекистоннинг IТ-соҳасини қандай баҳолайсиз?
Бобуржон сўнгги йилларда Ўзбекистон IТ-саноатида рўй берган ўзгаришларни алоҳида қайд этади.
«Ўзбекистонда IТ соҳаси албатта ижобий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда ва фаол ривожланмоқда. Лекин, афсуски, хусусий секторда талаб ҳали ҳам жуда паст, шунинг учун у етарлича ривожланмаяпти. Кўпгина лойиҳалар давлат томонидан молиялаштирилгани учун етарли бюджетга эга емас. Aммо шунга қарамай, IТ-мутахассислар жуда малакали ва кучли».
Ўзбекистонлик мутахассислар учун бозор очилса, улар ўзини яхши кўрсата олишига, ҳурмат қозонишига ишончи комил. Бу, ўз навбатида, ўзбек мутахассисларига бўлган ишончнинг ошишига, йирик IТ марказларнинг очилишига олиб келиши мумкин.
«Бундан ташқари, менинг ҳудудимдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда булутли ҳисоблаш – Azure, AWS, GoogleCloud, Snowflake ва бошқалар жадаллаштирилса, яхши бўларди. Ҳозир барча компаниялар ушбу технологияга ўтмоқда ва унга талаб жуда юқори. Буларнинг барчаси яқин келажакда Ўзбекистонда пайдо бўлишига чин дилдан умид қиламан».
Ёш IТ мутахассисларига қандай маслаҳат берган бўлар эдингиз?
Бобуржон ёш дастурчиларга кўп ўқиб-ўрганишни, ўзларига ва кучли томонларига ишонишни маслаҳат беради.
«Бу йўналишга эндигина кирганларга сабр қилишни маслаҳат берган бўлардим. IТ-соҳа фаол ривожланмоқда, сиз доимо ўз устингизда ишлашингиз керак. Ва камида 1 ёки 2 тилни ўрганишни унутманг, бу муваффақиятли карьера қуришда ёрдам беради. Ва, албатта, барча ёшларга омад тилаб, ушбу соҳада ўз ўринлари учун курашишда давом этишларини тилайман».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter