Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Aмериканинг етакчи университетларида ёшларимизнинг таълим олиши бўйича таклифлар берилди

Aмериканинг етакчи университетларида ёшларимизнинг таълим олиши бўйича таклифлар берилди

Фото: Рақамли технологиялар вазирлиги

Бугун, 12 январь куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Aмерика Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Дэвид Хенник билан учрашув ўтказди.

Учрашув ўтказишдан асосий мақсад – IТ соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш ва масофавий хизматлар экспортини янада оширишдан иборат.

Учрашувда Рақамли технологиялари вазири Ш. Шерматов рақамлаштириш соҳасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Жумладан, мамлакатни IТ хабга айлантириш ва рақамлаштиришни янги босқичга олиб чиқиш натижасида ўтган 2022 йилда IТ экспорт ҳажми 100 млн доллардан ошганлиги ва унинг асосий қисми айнан AҚШ бозорига тўғри келиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, Собиқ Иттифоқ давлатлари ичида Ўзбекистон аҳолиси энг кўп ўсганини ҳисобга олиб, мамлакатда BPO ва KPO орқали ёшлар учун муносиб масофавий иш ўринларини яратиш ва бу орқали уларни ўз оилалари билан Ўзбекистонда яшаб, юқори маошли иш билан таъминлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, мактабларда аввал бошланган English Speaking Nation лойиҳаси натижасида Cambridge University Press томонидан ишлаб чиқилган инглиз тили китобларининг ўтган ўқув йилидан амалга киритилганлиги, келгуси битирувчиларнинг инглиз тилини билиш даражасини оширишга ёрдам бериши, бу эса кўпроқ ёшларимизни IТ, BPO, KPO орқали даромад топиш имкониятларига жалб қилиш мумкинлиги билдирилди.

Вазирлик Coursera билан ҳамкорликда uzbekcoders.uz лойиҳасининг кейинги босқичи сифатида кўпроқ ёшларга IТ’дан қўшимча таълим олиш имкониятлари яратилаётгани айтиб ўтилди. Шу билан биргаликда, Вазирлик томонидан кўпроқ ёшларимизни IТ ва Инглиз тилига ўргатиш бўйича IТ-таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни янада кенгайтириш, IТ йўналишида Aмериканинг етакчи университетларида ёшларимизнинг таълим олиб келиши учун янги лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича таклифлар берилди. AҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Дэвид Хенник Ўзбекистон AҚШ билан географик жойлашув нуқтаи назаридан яқин бўлмаса ҳам, айнан IТ соҳаси орқали масофани яқин қилиб ҳамкорликни ривожлантириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш учун имконият етарли даражада эканини билдирди.

Шу билан бирга, юртимизда AҚШ етакчи IТ, стартап ва венчур компанияларининг ваколатхоналарини очиш, улар билан яқинлик ўрнатишда элчихона имкониятларидан фойдаланиш бўйича масалалар муҳокама қилинди. Шу орқали босқичма-босқич сервис экспортидан, продукт экспортига ўтиш муҳимлиги таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг