Нега “айти”чи Дилшод Курязов Volkswagenдаги ишини ташлаб, Ўзбекистонга қайтган? (видео)
– “Uzinfocom”нинг илк филиали айнан Хоразмда ташкил этилган. Ҳозирги кундаги жараён ва ўзгаришлар қандай?
– Хоразмдаги филиалимиз очилганига бир йил бўлди. Дастлаб фаолиятни 18 киши билан бошлаган бўлсак, ҳозир 50 кишидан ошдик. Шу даврга қадар учта йирик лойиҳа устида ишлашга муваффақ бўлдик. Биринчиси – “E-mehmon” туризм билан боғлиқ дастурий таъминот ҳисобланади. Иккинчиси – Ички ишлар вазирлигининг интеграллашган маълумотлар базаси ҳисобланса, учинчиси – биллинг тизимидир. Яқин орада жамоа аъзолари сонини 100 нафарга оширмоқчимиз. Шунингдек, фақат дастурий таъминот билан чекланмасдан, ўз IT академиямизга асос солиш ниятидамиз. Ҳозирда компания филиали Урганч шаҳрида ташкил этилган, кейинчалик уни ҳар бир туманда очишни режа қилдик.
– Volkswagen каби йирик халқаро компанияларда фаолият юритганингиздан хабаримиз бор. Кўпчилик юртдошларимиз сингари, чет элда яшашни афзал билмасдан, Ўзбекистонга қайтиб келдингиз. Шу ҳақда гаплашсак...
– Aзалдан илм излаб, чет давлатларига боришган. Шу сабаб бўлиб, дастурий таъминот инженеринги бўйича PhD ёқлаш учун Германияга бордим. Ўтган вақтлар давомида бир нечта корхоналарда ишладим, Улардан бири Яшил энергия лойиҳасини қўллаб-қувватласа, иккинчиси суғурта компаниялари учун дастурий таъминот яратади. Шунингдек, Volkswagen компаниясининг илмий лойиҳаларидан бирида ҳам ишладим. Илмий лойиҳа натижаларини компания сотиб олар ва тижоратлаштирар эди. Маълум тажрибага эришгандан кейин, энди юртим учун нимадир қилишим керак, деган хулосага келганман ва Ўзбекистонга қайтдим.
– Айнан саноатлаштириш даврида Ўзбекистон қайси давлатлар тажрибасига таянгани маъқул, деб ҳисоблайсиз?
– Айнан бир давлат тажрибасига таяниш нотўғри. Германия, Япония, Америка ва бошқа технологик кучли давлатлар тажрибасини ўрганиш керак ва ўзимизга хос йўналишни шакллантирганимиз маъқул. Шунингдек, илмга кўпроқ эътибор беришимиз керак. Илм – сизга берилган йўл харитаси, у билан бирор ишни бошласа бўлади. У бўлмаса бошқаларнинг йўл харитасига бўйсунишга мажбурмиз. Масалан, Хитой, Корея, Сингапур каби шарқ давлатлари ўз менталитетини йўқотмасдан ҳам технология соҳасини ривожлантира олган. Биз ҳам ўз маданиятимиз ва қадриятларимизни сақлаган ҳолда ўз йўлимизни топишимиз лозим. Бу борада бизда фундаментал билим ва барча шароитлар бор.
– ITда қайси йўналишлар ҳозир долзарб ва нимага кўпроқ эътибор қаратган мақул?
– Аниқ бир йўналишни айта олмайман, чунки беш йилдан кейин бу йўналиш қоладими-йўқми – ҳеч ким айта олмайди. Тренд жуда тез ўзгаради, фақат битта дастурлаш тили ёки йўналишни билган одам эса ютқазади. Асосини билган, фундаментал билимларни яхши ўзлаштирган ва мантиқан кучли фикрлайдиган мутахассислар эса ҳар қандай йўналишда ўз ўрнини топа олади. Мутахассисларни кўпайтиришга алоҳида урғу бериш лозим. Катта лойиҳалар учун кучли менежерлар етишмайди. Масштабли лойиҳаларни “миясига сиғдира оладиган” ва жамоани бошқара оладиган менежерларга ҳар доим талаб катта.
Ўзбекистон йирик саноатлашиш даври остонасида турибди. Айти соҳасида ишлайдиганларга талаб ҳар доимгидан кўра юқори. Дилшод Курязов каби мутахассислар эса айнан ушбу соҳада ўзбек қадриятларини бирлаштира олишига ишонамиз. Батафсил суҳбатни видеоинтервью орқали кўришингиз мумкин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter