Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эъзоза Турғунова

“Агар инсон ниманидир чин дилдан орзу қилса, бутун коинот уни шу орзусига етиштириш пайида бўлади!”

Саидравшан Шокиров: Ишга тезроқ кирай десангиз, асло бундай резюме тузманг...(ВИДЕО)

Бугунги “IT-Motivatsiya” саҳифамизнинг навбатдаги меҳмони — Monday Academy асосчиси, тажрибали фрилансер ва, қолаверса, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Саидравшан Шокиров.

IТ оламига кириб келишингиз қандай бўлган?

— Биласизми, IТ соҳасига кириб келишимдан аввал жуда кўп соҳаларда ўзимни синаб кўрганман. Ҳаттоки, этикдўзлик қилишимга ҳам тўғри келган. Мактабда ўқиб юрган кезларим устачилик ҳам қилганман. 14 ёшга кирганимда тоғам менга photoshop ва дастурлаш ҳақидаги видеодарслар ёзилган диск совға қилганлар ва шу орқали менда IТ соҳасига қизиқиш пайдо бўлган. Аввалига унга касб сифатида қарамаганман. Боиси атрофимда айтишниклар бўлмаган. 15 ёшимда турли меҳмонхоналарга бориб ўз хизматларимни таклиф қилиб кўрганман. Илк лойиҳам 250 доллар атрофида бўлган ва шахсий даромадимга ўша пайтда энг сўнгги моделдаги телефонни сотиб олиш менга бу соҳани янада мукаммалроқ ўрганишимга мотивация берган.

Фрилансерлик фаолиятингизни қайси компанияда бошлагансиз?

— Мен иш бошлаган пайтларим аксарият инсонлар асосан кнопкали телефон ишлатишарди, ҳаммада ҳам компьютер йўқ эди. Шу боис хам ўз хизматларимни тушунтириб беришга қийналардим.

Ўша кезларда фриланс биржаси ҳақида эшитиб қолганман ва аввалига ўзим рўйхатдан ўтиб мижозлар билан суҳбатлашганимда улар 15 ёшли болага ишонишмаган. Шунда тоғамдан илтимос қилиб, уларнинг номларидан иш бошлаганман.

Шундан сўнг то улғайгунимгача тоғам орғали буюртмаларни қабул қилиб фрилансерлик фаолиятимни бошлаганман.

2018 йилдан буён Toptal платформасида фрилансер-дастурчи сифатида ишлаб келмоқдаман.

Ўзбекистонда IТ билан шуғулланишнинг афзалликлари қандай?

— Биласизми, Европа мамлакатларида юқори маош тўлашганлиги билан, у ердаги харажатлар ҳам шунга яраша кўп бўлганлиги боис топганингизда унчалик барака бўлмайди. Ўзбекистонда эса яшаш харажатлари анча камроқ.

Аммо сиз Ўзбекистондан туриб фрилансер сифатида АҚШ компанияларида бемалол ишлашингиз мумкин.

Фрилансерлик билан шуғулланишнинг бугунги кундаги аҳамияти...

— Агар сиз ҳар куни битта ишхонада ишлаб, бир хил кун тартибидан зериккан бўлсангиз, фриланс биржаси сизга турли йўналишларда ўзингизни синаб кўриш имкониятини беради.

Шунингдек, иш берувчилар учун ҳам бир кишини ишга олиб, унга мунтазам ойлик маош тўлаб боргандан кўра, маълум бир иш учун фрилансер ёллаш анча арзон тушади.

Ёшларни фрилансерлик йўналишида фаолият юритишга қизиқтириш учун нималар қилиш керак? 

— Муваффақиятга эришган машҳур фрилансерлар, дастурчилар ҳақида кўпроқ маълумот бериш, уларнинг иш фаолиятини ёритиб бориш ҳам ушбу соҳага бўлган қизиқишни оширади.

Қолаверса, келажак авлодда болаликдан бу соҳа ҳақида қизиқиш уйғотиш учун мактаб дарсликлари сирасига дастурлаш фани ҳам киритилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Дастурчиликдан ташқари яна қайси соҳаларда фрилансерлик қилиш мумкин?

— Фрилансерлик — бу касб эмас. Нафақат дастурчи ёки дизайнерлар, балки журналистлар, монтаж усталари, копирайтерлар, SММ мутахассислари, маркетологлар ва молиячилар ҳам фрилансерлик билан шуғулланишлари мумкин.

IТ соҳасида яхши ишга жойлашиш, яхши даромад топиш учун, аввало, нима қилиш керак? Бунда резюме ҳам муҳим аҳамиятга эгами?

— Албатта, ишга жойлашишда резюме муҳим аҳамиятга эга. Резюме тузишда эса одатий шаблонлардан қочишни маслаҳат бераман. Қилган ишларингиз ва қобилиятларингиз акс этган бўлиши лозим.

Шунингдек, резюме ўртача бир варақдан ошмаслиги ҳам мақсадга мувофиқдир. Агар сиз яхшироқ даромад топишни истасангиз, хорижий тилларни билишингиз ҳам устунлик беради.

Бундан ташқари, ишга олувчи сизнинг хулқ-атворингиз, киришувчанлигингиз ва жамоа билан ишлаш қобилиятингизга ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Monday Academy ҳақида батафсил маълумот бериб ўтсангиз...

— Фрилансер сифатида ишлар эканман, фақатгина дастурчилик билангина чегараланиб қолишни истамадим. Шу боис ўзимнинг шахсий бизнесимни бошлашга қарор қилдим.

Бунда, албатта, дастурчиликка қизиқувчи ёшларнинг ўқиб-ўрганишлари учун ўзим туғилиб-ўсган Бухоро шаҳрида IТ соҳаси бўйича таълим берувчи Monday академиясини очишга қарор қилдим.

Ҳозирги кунгача академиямизда 3000 га яқин ёшларнинг IТ саводхонлигини оширишга ёрдам берган бўлсак, айни дамда 250 нафар ўқувчи 7 ойлик ва 1 йиллик ўқув курсларимизда ўқишмоқда.

Академиянгиз битирувчиларининг ишга жойлашишларига ҳам ёрдам берасизми?

— Энг яхши ўқувчиларни, аввало, ўзимиз иш билан таъминлаймиз. Бошқа ўқувчиларимизга эса фриланс биржасидан қандай қилиб иш топиш мумкинлиги ва ишга кираётганда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги борасида йўл-йўриқлар кўрсатамиз.

Фрилансер сифатида юқори даромад топишни истаган ёшлар ва, айниқса, аёлларга зарур ва ҳали ҳеч қаерда айтилмаган қимматли маслаҳатларга бой бўлган интервьюнинг тўлиқ қисмини албатта YouTube каналимизда томоша қилишингизни тавсия этамиз!

Эъзоза Турғунова суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг