Компьютер саводхонлигини неча ёшдан бошлаш керак?
Ахборот технологиялари ривожланишга юз тутгани сайин ҳаётимизни кенг доирада қамраб олмоқда. Шунга монанд соҳа мутахассислари обрўли, даромадли, керакли касб вакилига айланмоқдалар. Бунинг бевосита гувоҳи бўлаётган инсонлар "айти" энг мақбул мутахассислик эканлигини, улар кўчада қолмаслиги, пичоғи ёғ устида бўлишини англаган ҳолда ҳавас ила боқмоқдалар.
Бугунги кунда "Ахборот технологиялари бўйича мутахассис бўламан" дея қарор қилган ёшлар кўп. "Фарзандимни "айтичи" қиламан" деб режалаштираётган ота-оналар ҳам талайгина.
Ҳозирда кўплаб давлатлар мактабларида бошланғич синфларданоқ компьютер саводхонлигини чиқаришга оид фанлар киритилмоқда. Зеро, бу замон талабига айланмоқда. Фарзанди ушбу соҳа ёки унга уйғун касбда ишлашини ният қилган ота-она ва устозлар рақамли олам сабоқларини қачондан бошлаганлари афзал?
Аслида жараён ҳомиладорлик пайтиданоқ бошланади. Яъни, бўлажак она махсус дастур, илова, сайтлар орқали билим олиб, фарзанд тарбиялашга ўзини тайёрлайди. Чақалоқ парваришини ҳам ёш оналар китобдан кўра интернетдан кўпроқ ўрганадилар. Веб оламдаги хос жамиятлар - форум, чат, канал ва гуруҳлар бу борада қулайлик туғдиради. 5-6 ойдан оламни фаол ўзлаштиришга киришган кичкинтойни онасининг қўлидаги гаджетлар ҳам беэътибор қолдирмайди, албатта. Аммо ҳали эрта. 5 ёшгача болажонлар компьютер, планшет, смартфон кабиларни ўйинчоққа айлантирмаганлари маъқул.
5 ёшлилар учун эса таълимга ихтисослашган компьютер дастурлари жуда кўп, улар билан таништириш мақсадга мувофиқ. Болаларга аталган иловалар диққатни жамлаш ва хотирани мустаҳкамлашга катта ёрдам беради. Фарзандларингиз улардан завқ олибгина қолмай рақамли оламга илк қадамларни ташлайдилар. Унинг билимларини янада кучайтириш учун ролик ва ўйинларни ҳар гал очиб, кўришга тайёр қилиб бермай, илова ёхуд қидирув хизматига ўзи киришни ўргатиб қўйиш керак. Боғча болаларига расм чизишни ўргатувчи дастурлар қизиқарли ва фойдалидир. Телефондаги ўйинлардан кўра уларга кўпроқ жалб қилинг. Чунки ўйин савод чиқаришга самарали ёрдам бермайди, видеоролик, дастур ва иловаларнинг билим бериш таъсири юқорироқ.
Мактаб ёшидаги бола интернетга анча яқинлашади. Биринчи синф ўқувчисига компьютердан папка, файл очиш, ҳарф теришни ўргатавериш керак. Кейинги босқичда фотосуратларни сақлаш, қидирув хизматидан фаол фойдаланиш усуллари билан таништирасиз.
9 яшар бола интернет билан анча дўст тутинган бўлади. Ҳозир уни фойдали дастурларга қизиқтиришнинг айни палласи. Шу пайтгача компьютер имкониятлари билан етарлича танишган бола 9-10 ёшида гаджетлардан мустақил фойдаланиш кўникмасига эга бўлади. Агар дарслардан ташқари қўшимча курсларда ёки адабиётлар билан шуғулланган бўлса, нисбатан содда бўлган муаллифлик дастурларини ҳам яратиши мумкин. Бу ёшдаги фарзандингизнинг ҳарф териш тезлигини кузатинг, бармоқлари клавиатура бўйлаб эркин ҳаракатланиши керак.
Ўқувчи юқори синфга ўтгач, рефератлар тайёрлаш, слайдлар яратиш тақозосидан компьютер ва интернет ҳаёти ҳамда таълимининг бир қисмига айланиб қолади. Фақат бу пайт ўйинлар ҳам ўзига ром этаётган бўлади. Бунинг асоратларидан ҳимоялаган ҳолда веб-оламнинг мураккаброқ қирраларини очиқланг. Масалан, архивлаштириш, антивируслар, график таҳрирлаш каби тушунчаларни яхши эгаллаб олсин.
6-7 синф ўқувчиси дизайн яратиш ва сайт очиш сари юзланиши даркор. Албатта, ҳозирча профессионал ва мукаммал эмас, ҳаваскор ва содда иш услуби танланади. Бу давр шуниси билан муҳимки, болада касб танлаш фикри туғилади. Компьютер билимларига таянган ҳолда ахборот технологиялари соҳасини афзал кўрса, ажаб эмас. Демак, фарзанди "айтичи" бўлишини хоҳлаган ота-она ҳаракатни анча аввал бошлаши, уни билимлар билан аста-секин бойитиб бориши мақсадга мувофиқ. Акс ҳолда 14 ёшли йигит-қизлар соҳага қанчалик қизиқмасинлар қўлларидан бир иш келмаслигидан чўчиб, рақамли дунё кишиси бўлишдан юз ўгиришлари ҳеч гап эмас. Унгача тўпланган билим заҳираси эса ўсмирларга мотивация бағишлаб, ўзларига нисбатан ишонч ортади ва ҳеч иккиланмай шу соҳани танлайдилар.
Мактабни битириш арафасидаги ўқувчи ўзини дастурчи, администратор, веб-мастерликка тайёрлаши керак. Бу пайтга келиб бошқа соҳалар, масалан тиббиёт, қурилиш, маркетингда компьютер технологияларининг қўлланилишини ўрганиб, фирмалардан ҳақ эвазига буюртма олишга ўтавериш керак.
Шунча нарсани ўрганиб бўлса, институтда ўқишга ҳожат қолмайди-ку, дейсизми? Бу ҳар кимнинг ўзига тегишли қарор. Агар янада кучли мутахассис бўлиш ва мўл-кўл даромад истагида бўлса, юқорироқ марраларни кўзласа, олий таълим доирасида касб сир-асрорларини муфассал ўрганиши даркор. Албатта, университет ёки институтдаги таълимини тажриба билан уйғунлаштирган ҳолда муаллифлик ишланмаларини давом эттиради. Зотан, ахборот технологиялари шундай соҳаки, унда "Бўлди, ўрганиб бўлдим", дея оладиган кадр йўқ. Мунтазам равишда ўз устида ишлаш, қўлидаги диплом ёки оқиб келаётган пулларга ишониб қолмаслик, рақобат кучлилигини унутмаган ҳолда изчил изланиш самарали натижани кафолатлайди. Ҳа, шундай, бу касб сирларини бир умр ўрганасиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter