Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Интернетда қатиқни ҳам пуфлаб ичинг

Интернетда қатиқни ҳам пуфлаб ичинг

Фото: "Аdvgazeta.ru"

Интернет фойдаланувчилари электрон почта ва ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларига келаётган хабарлар орқали баъзан фирибгарларнинг қармоғига жуда осон илинадилар.

“Табриклайман, сиз ютдингиз!”, “Пул ютуғингизни олинг!”, “Мана сизга миллионлар!”, “Сиз лотерея ғолибисиз!”. Бу каби чақириқлар ҳар қандай инсонга мойдек ёқиб, ўзига оҳанрабодек жалб этади. "Ия, буниси қандай бўлди, қачон, нимада ғолиб бўлибман?" дея ҳайрон бўлиш билан чекланмайдилар, албатта хабарни очиб кўришга чоғланадилар. Хабар одатда қисқа бўлади: “Сизнинг почта манзилингиз лотереяда ғолиб бўлди. Пулни олиш учун исм-фамилиянгиз, ёшингиз, мамлакатингизни жавоб сифатида ёзиб юборинг”.

Ютиб олинган пул ҳажми ҳам ишонмайдиган даражада бўлади. Узун сондан кейин доллар, евро, фунт стерлинг белгиси. Шу чоғда интернет фойдаланувчиси "Нима каромат кўрсатдимки, бу пулларни ютиб оламан?" деган шубҳага бормайди, хатни ўчиришга чоғланмайди. “Шошма, мендан нима кетди. Сўраган шу икки-учта маълумотни ёзиб юборсам бўлди-ку, қани кўрайлик-чи нима бўларкин?” дея алданиш сари илк қадамни ташлайди.

Бир неча соат, узоғи билан эртасига яна ўша манзилдан мактуб келади. Энди уч-тўртта сўз эмас, узундан узоқ ёзма нутқ. Аввали жўшқин табриклар, ўртаси ўзини таништириш (давлат ходими, ўқимишли, муомалали инсон эканлигига амин бўласиз), сўнгида эса тушунтириш – бир неча йил олдин мазкур банк мижозларидан бири авиаҳалокатда оиласи билан бирга ҳалок бўлган, унинг ҳисобидаги пулни ҳеч ким талаб қилмаган, шундан сўнг банк уни дунё бўйлаб лотерея ўйини орқали тарқатишга қарор қилган. Пулнинг маълум фоизи ҳамкорга (сизга хат ёзган инсонга) қолади. Сизни яна бир бор табриклаб, бу ишда муваффақият қозонмагунча, ҳеч кимга ҳеч нарса айтмаслигингизни тайинлашади. Энди сиздан олдингисидан кўпроқ маълумот талаб этилади: иш-ўқиш жойингиз, динингиз, миллатингиз, манзилингиз, банкдаги ҳисоб рақамингиз (миллионларни ўтказиш учун). Сизга уларнинг муомала маданияти юқади, миннатдорчилик билдириб, айтганларини ёзиб юборасиз. Банкда ҳисобингиз бўлмаса, очдирасиз. Ахир миллионларга осонликча эришиш учун бу иш бўптими?

Фирибгарлар ўз ишини пухта билгани учун биргина профилдан хабар жўнатиш билан кифояланмайди, бир нечта мутахассислар номидан почта ёки шахсий саҳифангизни хатларга қалаштириб ташлайди. Масалан, банк ходими, маркетолог, адвокат ролларига киришади. Уларнинг ҳам ёзганлари расмий услубда, жўнатган ҳужжатларида штамп, муҳр бор. Ҳужжатларнинг бирига “сертификат” деб изоҳ берадилар, ҳали бунақа сертификатдан 3 та бор, уларни эса сотиб олиш керак… Мана, ҳаммаси энди бошланди! Йўқ, йўқ, аслида бошланадиган нарса анча олдин – сиз ўша биринчи хатни очганингиздаёқ бошланиб бўлган эди. Хуллас, сиз сертификатларни сотиб олишингиз керак. Энди кўрсатилаётган рақамлар олдингисидан – сизнинг лотереядаги ютуғингиздан камроқ – бир неча минг доллар. Айтайлик, ютуғингиз 15 миллион доллар бўлса, тўловингиз 3 минг доллар. Улар буни албатта писанда қилишади. “Шуни бизга юборсангиз бўлди, 24 соат ичида банк ҳисобингиз тўлдирилади”. Ҳафсалангиз пир бўлади. “Ҳали пул ҳам бераманми?” Тезда “жавоб” тугмаси томон йўналасиз. Балки ҳамёнингизда улар сўраган пулдан кўпи ҳам бордир, лекин ҳозирги жавобингиз битта: “Менда бунча пул йўқ”.

Фирибгарлар ҳам бўш келишмайди. Тез орада жозибадор жавоб келади. “Бу сизнинг олтинга тенг имкониятингиз, қўлдан бой бермасликни маслаҳат берган бўлардим. Ахир бу ютуқ сизники, фақат сизники-ку! Мен сизнинг ҳамкорингизман. Муаммоингизни мен билан бўлишинг, айтинг, қанчасини тўлай оласиз? Сизга ёрдамлашаман. Унутманг, сертификатларни сотиб олмасдан туриб, миллионларингизга эгалик қилолмайсиз”.

Албатта, интернет фойдаланувчилари ҳам анойи эмас. "Пулни тўлолмайман, бу ишларни тугатишга розиман" мазмунида жавоб ёзади. Шунда қарши томондан “Лаоқал ярмини тўланг, мен сиз учун ҳаммасини тўлаб турган бўлардим, лекин ҳозир иқтисодий қийин аҳволдаман. Онам касал, операция столида ётибди, қанча умр кўриши менинг ғамхўрлик қилишимга боғлиқ, аммо мен бор пулимни ишлатсам ҳам етмаяпти”. У ёғи энг таъсирчан ҳинд филмларида ҳам топилмайдиган гаплар. Мактуб ҳам ҳар доимгидек “сенинг ҳамкоринг Фалончи” билан эмас, “Мен ялинган ҳолда оёқларинг остидаман” деб якунланади. Содда одамлар, албатта, ишонади. Бундайлар эса жуда кўп.

“Қўлингдан келганича топ, имконинг борини жўнатавер, биз уддалаймиз” деб ёзилади мактублардан бирида. Бу сиз учун янгилик. “Хоҳлаган миқдоримни?”. Бир неча маротаба сўраб аниқлаштириб оласиз. “Ҳа, хоҳлаганингизча, кучингиз етса ярмини, бўлмаса чорагини жўнатинг. Модомики, қурбингиз етмас экан, бошқа сўрамаймиз, тезда ҳисобингизга лотерея пулини ўтказиб берамиз” – дея жавоб қайтаришади.

Иш битгандан кейин эса бошқа профилдан “Пулингизни олдик, иш юзасидан ҳамкорлигингизни қадрлаймиз. Муваффақиятимизни нишонлашга оз қолди. Аммо бу миқдор билан сертификатларни сотиб олиб бўлмайди. Тез орада тўлдириб қўйишингизни кутамиз” деб ёзилган мактуб келади.

Қоп-қоп ваъда берган доимий ҳамкорга буни билдирсангиз, “Банк шундай деган бўлса, ҳеч нарса қилолмайман. Ҳаракат қил, яна озгина жўнат. Омадга эришишимизга яқин қолди, ҳаммасини барбод қилма” жавобини оласиз. Энди жаҳлингиз чиқади. “Яна жўнатаманми? Қаердан топаман пулни?” Улар эса сизни руҳлантириш билан банд, тез орада миллионер бўлиш, бунга атиги бир-икки қадам қолганидан сўзлашади. Бошингиз қотган, ўша ваъда қилинган миллионлар ҳам кўзингизга ёмон кўриниб кетади. Воз кечай десангиз, яқинларингизга айтиб қўйгансиз, уяласиз улар олдида. Воз кечмай десангиз, яна қаердан пул топасиз? Топасиз! Пул топишнинг турли йўллари бор, улар сизга ўткинчи туюлади, миллионлар кутяпти ахир. Жўнатасиз. Жавоб: “Етмайди, яна”. Жўнатасиз. “Яна”. Сиз бўлғуси миллионерга эмас, соғин сигирга айланиб қолгандексиз. Ҳаммаси бўлмаса ҳам майли, деганди-ку, бу нимаси энди?

Яна компьютер қаршисида уларга мурожаат қиласиз. (мулойим сўзлардан ҳам чарчагансиз) “Бўлди, бошқа бир тийин ҳам беролмайман. Мен у миллионлардан воз кечдим. Керак эмас. Лотерея ютуғим талаб қилинмаган ҳисоблана қолсин. Ўзимнинг пулларимни жўнатинг”. Жавоб: “Қанақа пул? Биз уларни маъмурий ишлар, банк хизмати, солиқлар учун сарфлаганмиз. Сиз учун энг яхши вариант қолган пулни жўнатиш ва ютуғингизга эгалик қилиш, бошқача маслаҳат ҳам, ёрдам ҳам беролмаймиз”.

Нима қилдингиз энди? Кўзингизга миллионлар эмас, ўзингиз топган минглар кўрина бошлайди. Улар миллионлардан ўн чандон азизроқ кўринади. Энди ўрин алмашдингиз: сиз фирибгарнинг почтасини хатларга тўлдириб ташлайсиз. Жавоб юқоридагидек, фақат ҳар гал ҳар хил шаклда ёзилади, холос. Шунда сиз алданганингизни сезасиз, тўғрироғи тан оласиз. Улар маслаҳат берганидек олдинга интилишга пулингиз, орқага эса йўлингиз йўқ…  

Бундай пайтда дунёга “Алдандим” деб жар солсангиз “Баттар бўл” деб акс-садо келади, гўё. Ахир ҳеч ким сизнинг пулингизни юлқиб олгани йўқ, ўз қўлингиз, ўз розилигингиз билан топширгансиз. Пул топишнинг йўллари қолмаган бўлса, шу ерда тўхтайсиз, манзилга етиб келдик. Охиригача борган тақдирингизда ҳам, улар сизга ўхшаб пулни силлиққина  жўнатишмайди, хатларидан бирида чек беришади. Орзуларингиз ушалганидан сармаст ҳолда банкка борасиз, лекин банк томонидан у амалда эмаслиги, яна етмаганидек шахсий банк ҳисобингиз бўм-бўш эканлиги ҳақида маълумот оласиз.

Индаллосини айтадиган бўлсак, лотерея деб таништирилаётган миллионлар аслида йўқ! Хоҳланг ишнинг ярмигача боринг, хоҳланг охиригача, пулни ололмайсиз. Мавжуд бўлмаган пулни қаердан оласиз?!

Фирибгарлар қалбаки ташкилот, банк ва бошқа муассасалар номидан иш кўради, сизга ҳамкор бўлиб кўринаётган одамлар ҳеч қандай банк ходими эмас. Сизни ишонтириш учун сохта муҳр ва сертификатлар тайёрлашган, аслида улар бирор тайинли жойда ишламайди, “даромад”и шу юбориладиган пуллардан. Сизга номи кўрсатиладиган давлат ишхоналаридан эмас, оддийгина интернет кафеларидан ёзишади. Инсонлар ишончига кириш, ўзини яқин дўстдек кўрсатиш учун телефонда ҳам суҳбатлашадилар, сизга телефон рақамларини берадилар. Улар тез-тез ўзгартириб турилувчи карталардир.

Биз фирибгар деб атаётганимиз кўп жойларда “қотил” сифатида ҳам юритилади. Ҳа, улар одамларнинг пулини шилиб, ҳамёнини бўшатишгач, қарзга ботиришгач, ҳамма иш битганини айтишади ва пулни осонлик билан олиш учун учрашувга таклиф қилишади. Пул оламан деб кетган одам бир тўда безориларга дуч келади, жароҳат олади, қийнаб ўлдирилади. Ишонмаслигингиз мумкин, лекин буни ўша биргина жавоб, улар билан иш юритишга розилигингиз ҳақида, гоҳ этиборсиз, гоҳ миллионер бўлиш умидида ёзилган хат бошлаб беради. Агар оз миқдорда пул жўнатиб, қолганини тополмасангиз, ўша озми-кўпми пулингиздан айрилган бўлсангиз, билингки, сиз бу борада энг яхши қурбонликка учрадингиз. Вақтида умидингизни уздингиз, йўлнинг охиригача бормадингиз, бу энг яхши якун, балки. Аммо пул талаб қилганларидан сўнг узилган умид янада фойдалироқ, келган спамни ўчириб ташлаш энг фойдалисидир.

Фирибгарлар инсонларга нафақат моддий, балки тиклаб бўлмас маънавий зарар ҳам етказади. Биринчи ўринда, инсонларга бўлган ишончни йўқотиб қўяди, ҳамма нарсадан шубҳаланадиган ва бизнес ишларида пессимистга айланади. Иккинчидан, алданиш алами хароб қилади. Афсус чекади, ўзини ўзи айблайди. Ўз жонига қасд қилишнинг биринчи сабаби шу. Учинчидан, одамлар олдида уятга қолади. Чунки у бу борада оиласига, дўстларига айтган ва уларнинг маслаҳатларига амал қилмаган. Яқинда ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасида қарз олганлар боши берк кўчага кириб қолади. Бу ўз жонига қасд қилишнинг иккинчи сабаби. Бундан ташқари, миллионларни қўлга киритиш иштиёқида ёнаётган инсоннинг фикру хаёли шу бўлиб қолади, ўз пули ва олган қарзлари етмагач, пул топишнинг қинғир йўллари, ўғирликни ҳам ишга сола бошлайди.

Ҳимоя йўли – билим. Булар ҳақида билиш ва бошқаларни огоҳ этиш. Қўйинг, ўша бор деб даъво қилаётган миллионлари ўзларига буюрсин, сиз ўша мингларингиз, ҳалол бўлган тийинларингизни-да фирибгарлар тузоғидан асранг. Сақланган пул топилган пулдир. Бошқача айтганда: Пул топгунча пул йўқотма.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг