Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Айтичилардаги кадрлар қўнимсизлигига ечим борми?

Айтичилардаги кадрлар қўнимсизлигига ечим борми?

Фото: "Delovoymir.biz"

Ҳар бир касбнинг ўз табиати мавжуд. Соҳа ходимларининг хатти-ҳаракати касб табиатини ташкил этади. Ташкилот ривожи эса унда фаолият юритадиган кадрлар салоҳияти ва бунга қўшимча равишда сабрига боғлиқ.

Социологларнинг таъкидлашларича, ишсиз одам эмас, бир жойда узоқ вақт ишлаган ходим социал дангаса ҳисобланар экан. Чунки ўз устида ишлаш, такомиллашиш учун бир жойда қотиб қолиш тўғри келмайди, турли жабҳаларда ўзини синаб кўриш лозим.

Аммо бунда ҳам меъёр зарур. Қисқа муддат ичида иш жойларини кўп бор ўзгартириб, шохдан шохга қўниш меҳнат фаолиятининг жозибадорлигига путур етказади. Бундан ташқари, кадрлар қўнимсизлиги ташкилот обрўсини туширади.

Бесабр касб вакиллари кўп учрайдиган соҳалар қаторига ахборот технологиялари ҳам киритилган. Кўплаб IT-компанияларда ишчиларнинг стажи 1,5-3 йилдан ошмайди. Бундай ташкилотлар эса узоқ йилга мўлжалланган лойиҳалар билан шуғулланади ва кадрларнинг алмашинуви муҳим ишларнинг ҳам қўлма-қўл бўлишига олиб келади. Умуман, ҳеч бир идора учун шаклланган кадрни йўқотиш муваффақият олиб келмайди.  

Яна бир муаммоли масала - кадрнинг иккинчи иш жойи. Бир жойдан бўшаган одам қаерга борарди? Фаолияти айни йўналишдаги бошқа компанияга. Бу эса бир ташкилот берган билим ва тажриба унинг рақобатчисига хизмат қилиб қўяди, деганидир. Ғояларнинг сотилиши ёки уларнинг замирида янгилари яратилиши эҳтимол остида қолади. Демак, кадрлар сиёсатини тўғри олиб бориш, салоҳиятли ходимларини ўзида ушлаб қолиш чораларини ҳар бир раҳбар олдиндан кўриши керак.

Бугунги кунда ёш дастурчилар иш жойини тез-тез ўзгартиришни табиий ҳолат, деб қабул қилиб олганлар. Уларга бу мавзуда савол берсангиз, очиқчасига "Олдинги авлод одамлари каби бир жойда 15 йиллаб ишлолмайман" дея жавоб қиладилар. Кадрлар қўнимсизлигини замонавийлик белгиси, деб биладилар. Сабабини эса лойиҳалар билан боғлайдилар. Айтишларича, айти соҳасида дастурларнинг аҳамияти тез эскиради. Кўп ўтмай улар бошқа ташкилотда унинг ўзигагина хос бўлган ишланмалар яратишга эҳтиёж сезадилар. Битта ташкилотга узоқ вақт боғланиб қолиш юқори даромад топишга тўсқинлик қилади, деб ҳисоблайдилар.

Айти соҳаси вакиллари табиатан тортинчоқ бўладилар. Бу иш жойларини кўп ўзгартиришининг сабабларидан биридир. Чунки маоши қониқтирмаган ходим бу ҳақида раҳбарга бирдиргандан кўра тинчгина ишини тарк этишни маъқул кўради. Улар ҳар ой бир хил миқдорда маош олишга ўрганишмаган, масофавий тарзда қўшимча ишларни қилиш имконияти бўлганидан даромадлари ўзгариб туради. Қайсидир ойда пасайиш кузатилса, ишни ўзгартириш кун тартибидаги биринчи масалага айланади. Шунингдек, улар ўзларини жамоада қадрсизланган ходим деб ҳис қилганларида ҳам ҳурмат талаб қилиб ўтирмайдилар, бошқа иш топишга тушадилар. Улар учун шу қулайроқ.

Технология соҳасига умр давомида ўрганиш тамойили мос бўлгани учун улар узлуксиз тарзда билим олишга эҳтиёжмандлар. Даромаддан ташқари билим оқими ҳам равон бўлган жойда нисбатан кўпроқ қўним топадилар. Роҳат ва илм бағишлай олмайдиган ишни, сердаромадлигига қарамай, тарк этини афзал биладилар.

Ҳозирда айтичиларнинг "кетмони учгани", яъни иши бароридан келиб, уларга талаб ортаётгани, ахборот технологияларига асосланган компаниялар ҳавас қиларли даромад топаётганлари учун ҳам соҳа ходимларининг обрўси юксалди. Бугунги кунда билимдон ва маҳоратли IT-мутахассис иш қидирмаяпти, балки уни ташкилотлар излаб топяпти. Улар иш жойини танлаш борасида бир эмас бир неча вариантларга эгалар. Гап шундаки, бирортасини танлаб, ишга жойлашгач ҳам у вариантларни назардан соқит қилмайдилар.

Бу борада ечим йўлида икки ёқадан бош чиқариш зарур. Биринчидан, раҳбарлар ишга олаётганда яхшилаб ўйлаб қарор қабул қилишлари керак. Айти кишиларининг ҳам ҳар хили бор. Малакали бўлмаганини сақлаб ўтириш у ёқда турсин ишга олишдан ҳам фойда йўқ. Билимига амин бўлган ҳолда ташкилотга жалб қилинган ходимнинг эса даромади, кайфияти, иш шароити, режаларини ҳисобга олиш даркор. Шу йўл билан унинг корхонадаги умрини узайтириб туриш мумкин.

Иккинчидан, ходимлар ҳам ишдаги қўнимсизлик ўзининг имижига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, ўз касбларини севганлари каби иш жойларига ҳам меҳр берганлари мақсадга мувофиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг