Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Рақамли технологиялар вазири ёшлар билан қандай масалаларни муҳокама қилди? (видео)

Жорий йилнинг 23 июн куни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг АйТи соҳасига қизиқувчи ва ушбу йўналишда таълим олувчи ёшлар билан навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Бу галги учрашув айни ёз оқшомларида ёшларга ўзгача мотивация, кўтаринки кайфият бериш мақсадида пойтахтимиздаги Япон боғида бўлиб ўтди.

Ёшлар ойлиги доирасида ташкил этилган учрашувдан кўзланган асосий мақсад — ёшларнинг ахборот технологиялари борасидаги фикрини тинглаш ҳамда улар томонидан кўтарилган масалаларнинг ечимини топишдир.

Қолаверса, давлатимиз томонидан АйТи соҳасида ёшлар учун яратилаётган шарт-шароит ва кенг имкониятлардан уларни бохабар этишдир.

Очиқ осмон остида, табиат қўйнида ташкил этилган учрашувда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов “Ўзбекистондаги ТОП АйТи университетлар“ лойиҳаси мисолида ҳозирги кунда ёшларга ахборот технологиялари бўйича таълим беришда етакчилик қилиб келаётган университетларни алоҳида эътироф этиб ўтди.

Айниқса, ёшлар эътиборини АйТи соҳасига жалб қилиш ва уларни жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган инновацион ечимлар ва ишланмаларни яратишга ундаш мақсадида ташкил этилган умумий мукофот жамғармаси 1 000 000 АҚШ доллар бўлган President Tech Award танлови ҳақида айтиб ўтар экан, Шерзод Шерматов ёшларга янгидан-янги стартап лойиҳарни амалга оширишлари ва АйТи соҳасининг ривожи учун янада яхшироқ ҳаракат қилишлари лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, ушбу танловдан мамлакатимиздаги барча ёшларни бохабар этиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш муҳимлигини ҳам айтиб ўтди.

Шунингдек, Рақамли технологиялар вазири ёшлар билан бўлиб ўтган учрашув давомида АйТи соҳасида аёллар салоҳиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб, йиғилганларни мазкур соҳада хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича ўзларининг таклифларини билдиришга чорлади.

Умид қиламизки, бўлиб ўтган учрашув ёшларимизнинг АйТи соҳасида ўз ўрнини топиб, меҳнати, билими ва салоҳияти билан келгусида рақобатбардош кадр бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг