Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“ICT4Girls” Ўзбекистон ўқувчи қизлар олимпиадасида 12 нафар ғолиб аниқланди

“ICT4Girls” Ўзбекистон ўқувчи қизлар олимпиадасида 12 нафар ғолиб аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонининг 5-иловаси 63- ва 67-бандларида Ўзбекистонда қизларни рақамли технологиялар соҳасига янада кенгроқ жалб этиш, уларнинг АйТи-кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, ахборот технологиялари йўналиши бўйича ўтказиладиган халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларга тайёргарлик кўриш ишларини ташкил этиш вазифалари белгиланган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Рақамли таълимни ривожлантириш маркази” ДМ томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Amity университети ва Uzum билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда таҳсил олаётган 20 ёшгача бўлган қизлар орасида спорт дастурлаш бўйича “ICT4Girls” Ўзбекистон ўқувчи қизлар олимпиадаси ташкил этилди. Олимпиада 2 босқич - ҳудудий ва республика босқичларида бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 242 нафар ўқувчи қизлар “ICT4Girls” олимпиадасида иштирок этиш учун ариза йўллади. Олимпиаданинг илк, ҳудудий босқичи 8 июн куни барча ҳудудлар - 12 та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида бир вақтда ташкил этилди. Бунда қизлар “Yandex Contest” платформада берилган масалаларга C++ ёки Python тилларида ечим ишлаб, балл тўплашди. Ушбу босқичда юқори балл тўплаган жами 45 нафар қиз Республика босқичига йўлланма қўлга киритди.

“ICT4Girls” олимпиадасининг Республика босқичи Тошкент шаҳридаги Аmity университетида бўлиб ўтади. Беллашувда юқори балл тўплаган 12 нафар қиз ICT4Girls олимпиадаси ғолиби деб топилиб, муносиб тақдирланади.

Жорий йил бонус сифатида ICT4Girls олимпиадаси ғолиблари, яъни жами 12 нафар қиз учун қўшимча интенсив тренинглар - буткемп ташкил этилади. Буткемп сўнгида сараланган 4 нафар қиз шу йил 21-27 июл кунлари Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида бўлиб ўтадиган Информатика фани бўйича Европа қизлар олимпиадаси (European Girls’ Olympiad in Informatics)да Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этади.

Ғолиблар билан танишинг:

1. Зарнигор Рахимова - Бухоро вилоятининг Когон туманидаги 12-мактабнинг 11-синф ўқувчиси

2. Ойша Мирзатиллаева - Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги ихтисослашган мактабининг 7-синф ўқувчиси

3. Солиха Дагарова - Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги 20-мактабининг 10-синф ўқувчиси

4. Жасмина Тармашева - Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги 9-мактабнинг 10-синф ўқувчиси

5. Руҳсора Пардаева - Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридаги Президент мактаби 10-синф ўқувчиси

6. Малика Хожамуратова - Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб интернатининг 7-синф ўқувчиси

7. Гулчирой Рахматуллаева - Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳридаги 2-сон ИМИнинг 8-синф ўқувчиси

8. Муштарий Хуснидинова - Наманган вилояти, Мингбулоқ туманидаги ихтисослаштирилган мактабининг 8-синф ўқувчиси

9. Парвина Нуруллоева - Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 8-синф ўқувчиси

10. Дурдонахон Тўхтақўзиева - Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги ИМИнинг 7-синф ўқувчиси

11. Зилола Мирзатиллаева - Тошкент шаҳар, Олмазор туманидаги ихтисослаштирилган мактабининг 11-синф ўқувчиси

12. Дилафруз Жўрабоева - Фарғона вилоятидаги 10-Чет тилларига ихтисослашган мактабнинг 10-синф ўқувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг