Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Информатика бўйича Европа қизлар олимпиадасида 4 нафар ҳамюртимиз иштирок этади

Информатика бўйича Европа қизлар олимпиадасида 4 нафар ҳамюртимиз иштирок этади

“ICT4Girls” олимпиадасида ғолибликни қўлга киритган қизлар ўртасида буткемп ташкил этилиб, буткемп сўнгида Информатика бўйича Европа қизлар олимпиадасида қатнашадиган 4 нафар иштирокчи саралаб олинди.

Шу муносабат билан 29 июн куни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.  

Маълумки, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонининг тегишли бандларига мувофиқ, юртимизда қизларни рақамли технологиялар соҳасига янада кенгроқ жалб этиш, уларнинг АйТи-кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, ахборот технологиялари йўналиши бўйича ўтказиладиган халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларга тайёргарлик кўриш ишларини ташкил этиш вазифалари белгиланган. 

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълимни ривожлантириш маркази томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Amity университети, Uzum ва Ucell билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ва академик лицейларда таҳсил олаётган 20 ёшгача бўлган қизлар орасида спорт дастурлаш бўйича “ICT4Girls” Ўзбекистон ўқувчи қизлар олимпиадаси ташкил этилди. Олимпиада 2 босқич – ҳудудий ва республика босқичларида бўлиб ўтди. 

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 242 нафар ўқувчи қизлар“ICT4Girls” олимпиадасида иштирок этиш учун ариза йўллади. Олимпиаданинг илк, ҳудудий босқичи 8 июн куни барча ҳудудлар – 12 та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида бир вақтда ташкил этилди. Бунда қизлар “Yandex Contest” платформасида берилган масалаларга C++ ёки Python тилларида ечим ишлаб, балл тўплашди. Ушбу босқичда юқори балл тўплаган жами 45 нафар қиз Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

“ICT4Girls” олимпиадасининг Республика босқичи 21 июн куни Тошкент шаҳридаги Amity университетида бўлиб ўтди. Беллашувда юқори балл тўплаган 12 нафар қиз “ICT4Girls” олимпиадаси ғолиби деб топилиб, тақдирланди.

Жорий йил бонус сифатида ICT4Girls олимпиадаси ғолиблари, яъни жами 12 нафар қиз учун 22-29 июн кунлари қўшимча интенсив тренинглар – буткемп ташкил этилди. Буткемп 2 қисмда: куннинг биринчи ярмида иштирокчи қизлар бир неча саволдан иборат мусобақада ўз билимларини синади. Куннинг иккинчи ярми хатолар устида ишлаш ҳамда янги мавзуларга бағишланди. Дарслар бинар қидирув, маълумотлар структураси, динамик дастурлаш, графлар каби мавзуларни қамраб олди.

Юртимиз 2026 йил Халқаро информатика олимпиадасига мезбонлик қилади. Шу боис Ўзбекистон кўплаб халқаро олимпиадаларга иштирокчи сифатида таклиф этилмоқда. Бу йил ҳам юртимиз вакиллари 21-27 июл кунлари Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида бўлиб ўтадиган Информатика бўйича Европа қизлар олимпиадаси (European Girls’ Olympiad in Informatics) да иштирок этиш учун таклиф этилди. 

Шу боис “ICT4Girls” олимпиадаси ғолиблари учун ташкил этилган буткемп сўнгида, яъни 29 июн куни миллий терма жамоани шакллантириш мақсадида яна бир бор мусобақа ўтказилди ва мусобақа натижалари бўйича Информатика бўйича Европа қизлар олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этадиган 4 нафар қиз саралаб олинди.

Информатика бўйича Европа қизлар олимпиадаси (European Girls’ Olympiad in Informatics)да Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этадиган қизлар рўйхати:

1. Рахимова Зарнигор Бахтиёр қизи – Бухоро

2. Мирзатиллаева Ойша Зукуржон қизи – Тошкент 

3. Хожамуратова Малика Даулетмуратовна – Қорақалпоғистон Республикаси

4. Дагарова Солиха Шухратжон қизи – Самарқанд

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг