Ногиронлиги бўлган шахслар учун рақамли дунёдаги имкониятлардан бохабармисиз?
Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан “ICT Week Uzbekistan 2024” доирасида илк бор имконияти чекланган шахсларни ижтимоий интеграция қилиш ва ишга жойлаштиришга бағишланган тадбир ўтказилди.
Унинг асосий мақсади – имконияти чекланган шахсларни АйТи соҳасидаги имкониятлар, шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлиги ва тизим ташкилотларидаги бўш иш ўринлари билан таништириш ҳамда уларнинг ижтимоий интеграциясини яхшилашдан иборат.
Жорий йилнинг феврал ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида янги тизим ишга туширилди. Ушбу тизим доирасида давлат идоралари ва тижорат банклари билан ҳамкорлик қилиб, 21 минг нафар шахсни иш билан банд қилиш режалаштирилган.
Тадбирни кириш сўзи билан Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова очиб берди ва ушбу тадбирнинг аҳамиятини юқори баҳолади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори маслаҳатчиси Дилфузабегим Рўзметова ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, инклюзивлик яратиш учун томонларнинг ҳамкорликдаги тадбирларини ҳудудларда ҳам амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Дастурнинг кейинги қисмида Матонат мактаби мотиватори Муродбек Жигитов ва Мирали Ғиёсов амалга оширилаётган лойиҳа ҳамда фикр-мулоҳазалари ҳақида нутқ сўзлади. Тадбир доирасида ўтказилган пленар сессияда эса жамиятдаги ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қарашларни ўзгартириш, ижтимоий объектлардаги инклюзивлик даражаси, рақамли таълимда инклюзияни таъминлаш ва бандлик масалалари кўриб чиқилди.
Дастур доирасида иштирокчилар имконияти чекланган шахслар учун иш ўринларини яхшилашга қаратилган ташаббуслар ва стратегиялар билан танишдилар. Шунингдек, АйТи соҳасидаги бўш иш ўринлари ва карьера истиқболлари ҳақида маълумот берилди. Компаниялар ва махсус имкониятларга эга бўлган шахслар ўз тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар.
Тадбир сўнгида ҳамкорлик тармоқларини кенгайтириш ва билдирилган таклифлар асосида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter