Талабалардан "массовка" сифатида фойдаланманг!
Эътироф этиш жоизки, жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийлар обрўйини кўтариш борасида жуда катта ишлар қилиняпти. Уларниг нуфузини кўтаришни конституция даражасида белгилаш, уларнинг таълим-тарбия жараёнларига тўсқинлик қилмаслик, бошқа ишларга жалб қилиш ҳолларида жиноий жавобгарликка тортишгача таклифлар киритилаяпти. Бу асл педагог-мураббийларнинг мақсад-вазифаларига уйғун келадиган ҳолатдир. Зеро билим олиш, таълим жараёнларига ҳеч қандай омиллар тўсиқ бўлмаслиги керак.
Лекин бу борада талабаларимизнинг таълим олиш жараёнлари, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам давлатимиз манфаатлари доирасида эканлигини унутмаслигимиз керак, деб ўйлайман. Ҳаётимизда ҳанузгача университет талабаларидан “массовка” сифатида фойдаланиш, яъни ҳаттоки ўтилаётган дарслардан талабаларни гуруҳлаб олиб чиқиб кетиб, турли тадбирларга жалб қилиш, чунончи, тадбир ўтаётган зални “тўлдириш” каби ҳолатлар тез-тез учраб туради. Президент таълим сифати хақида гапираётган бир вақтда, минг афсуски, университетлар рахбариятига турли маҳаллий ҳокимликлар ва баъзи давлат органлари томонидан қаттиқ босим ўтказилиши натижасида талабаларнинг билим олиш, ўз устида ишлаш жараёнларига халақит бериб, “хўжа кўрсин” амалида иш тутиб, уларни оммавий равишда турли тадбирларга олиб чиқиш ҳолларининг гувоҳи бўлиб келяпмиз.
Бунинг оқибатлари ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўраяпмизми? Бу билан биз ўзимизнинг талабаларимиз келажагига болта урмаяпмизми? Педагогика ва психологияда, толерант инсонлар тафаккурида “Фарзандларнинг бегонаси бўлмайди”, деган маслак деймизми, ақидами, дунёқараш десак тўғри бўлади, бор. Унинг мазмун-моҳияти шундан иборатки, талабаларимизга ўз фарзанларимиздек муносабат, муомала, эътиборда бўлишимиз керак. Қайси биримиз университетга ўқишга, билим хазинасини тўлдиришга кетган фарзандимизни мутлоқ бошқа ишлар билан машғул бўлишини хоҳлаймиз? Танага кирган тикан ҳамманинг жонини бир хил оғритади. Ўзимизга, фарзандларимизга раво кўрмаган нарсани бировнинг фарзандига раво кўриш яхши эмаслигини ҳаммамиз тушунамиз, лекин унга риоя қилмаймиз.
Биз талабаларимизни шахс сифатида ҳурмат қилсак, эртанги кун мутахассиси бўлиб етишиши учун барча имкониятларни яратсак, уларни келажак лидери сифатида тарбияласак, ўйлайманки, талабалар ҳам ўзига нисбатан муносабати ўзгаради, ишончи кўпаяди, келажакка умидлари ва аниқ мақсадлари тўғри шаклланади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятнинг ижобий ўзгаришига олиб келиши шубҳасиздир.
Музафар Жалолов,
Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори в.б.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter