Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Oracle” Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирди

“Oracle” Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигидаги вазирлик делегацияси “Oracle” корпорациясининг ижрочи вице-президенти Саймон Де Монфор Вокер ва катта вице-президенти Чериан Варгезе билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистондан туриб “Oracle” компаниясининг Марказий Осиё ва МДҲдаги фаолиятини кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, булутли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари муҳокама қилинди. 

Учрашув давомида Ўзбекистон делегацияси мамлакатнинг технология корхоналари учун асосий афзалликларини тақдим этди.

Буларга қулай ишбилармонлик муҳити, IТ соҳасини давлат томонидан кучли қўллаб-қувватланиши, ривожланган рақамли инфратузилма ва малакали кадрларнинг катта захираси киради. Ўзбекистонда, айниқса, маълумотлар муҳандислиги ва булутли технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, IТ мутахассисларнинг хорижий тилларни юқори даражада билиши мамлакатнинг халқаро компаниялар учун жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини янада оширмоқда.

“Oracle” вакиллари Ўзбекистонда, булутли инфратузилма ва иловалар билан боғлиқ соҳалардаги бозор имкониятларини ўрганишга катта қизиқиш билдирдилар.

“Oracle” билан потенциал ҳамкорлик Ўзбекистоннинг етакчи IТ ҳаб сифатидаги мавқейини янада мустаҳкамлайди ва илғор технологияларнинг жорий этилишини рағбатлантиради.

Қолаверса, замонавий ечимларни қўллаш рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, юқори малакали иш ўринларини яратиш ва мамлакатнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг