Вазир Нукус шаҳридаги “ Voice Solution VB” BPO маркази фаолияти билан танишди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Нукус шаҳридаги “Voice Solution VB” BPO (Business Process Outsourcing) маркази фаолияти билан танишди.
Мазкур марказ 2024 йил охирига қадар 100 нафардан ортиқ янги иш ўринларини яратиш орқали ҳудудда АйТи хизматлар экспорти ҳажмини оширишни ўз олдига мақсад қилган эди. Ушбу режа жорий йилнинг 20 июнида вазир Шерматов томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида тасдиқланган бўлиб, марказга янги иш ўринларини ташкил этиш учун Нукусдаги IT Park биносининг 16-қавати тўлиқ ажратиб берилган.
Вазир навбатдаги ташрифи давомида марказнинг ҳозирги фаолияти, мавжуд иш ўринлари ва келгусидаги режалар билан яқиндан танишди. Ҳозирги кунда “Voice Solution VB” маркази ҳудуддаги 100 нафардан ортиқ ёшларни иш билан таъминлаган бўлиб, улар халқаро даражадаги хизматларни кўрсатишда фаол иштирок этмоқда.
Марказ ходимлари билан мулоқот чоғида вазир ёшларнинг АйТи соҳасидаги салоҳиятини юқори баҳолаб, уларнинг хорижий бозорлар билан ишлашдаги тажрибасини янада ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, марказ раҳбариятига иш ўринларини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва янги мижозларни жалб қилиш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
Бу каби марказларнинг фаолияти нафақат маҳаллий аҳолининг бандлигини таъминлашга, балки АйТи хизматлар экспортидан олинадиган даромадни кўпайтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Мазкур ташриф давомида Шерматов ҳудудда БПО соҳасининг истиқболига эътибор қаратди ва “Воиcе Солутион ВБ” каби марказлар орқали ёшлар учун ИТ соҳасида юқори даромадли иш ўринлари яратиш, уларнинг глобал рақобатбардошлигини ошириш мақсадида зарур кўмакни тақдим этишни давом эттириш бўйича таклифларини билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter