Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вазир АйТи ва BPO-корхоналарни бошқараётган ватандошлар билан давра суҳбати ўтказди

Вазир АйТи ва BPO-корхоналарни бошқараётган ватандошлар билан давра суҳбати ўтказди

Фото: Digital.uz

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Америка Қўшма Штатларига хизмат сафари доирасида Чикаго шаҳрида Ўзбекистоннинг IT-аутсорсинг салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида, АҚШдаги IT-компаниялар вакиллари билан давра суҳбати ўтказди.

Шерзод Шерматов мамлакатимизда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган муҳим ютуқлар ва IT-компаниялар учун мавжуд имтиёзлар бўйича маълумот берди.

Тадбирда Ўзбекистонда мавжуд бўлган IT, BPO ва KPO-хизматлари аутсорсингининг имкониятлари, IT-соҳасидаги қулай сармоявий муҳит, IT-компанияларни Ўзбекистонга релокация қилиш бўйича имкониятлар ва яратилган шарт-шароитлар, АҚШ компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш учун ташкил этилган “Zero risk” (Нол риск) дастури, мамлакатимизда истеъдодли ва салоҳиятли IT-кадрларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бошқар қатор масалалар муҳокама этилди.

Муҳокама жараёнида АҚШда фаолият олиб бораётган IT-компаниялар вакиллари мамлакатимизда жорий этилган солиқ имтиёзлари, сармоя киритиш, кадрлар танқислигини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган дастурлар, мамлакатимиз бозоридаги IT-хизматларга бўлган эҳтиёж ва масофавий хизматларни тақдим этишда энг талабгор хизматлар бўйича бир нечта саволларига жавоб олдилар.

Шерзод Шерматов Ўзбекистон президенти ва ҳукумати томонидан мамлакатимиз ҳудудларини ривожлантириш, ҳудудларда истеъдодли ёшлар учун янги, юқори маошли иш ўринларини яратиш катта аҳамият билдириши таъкидлаб, тадбир иштирокчиларини нафақат Тошкент шаҳрида, балки республикамизнинг барча вилоятларида тенг имкониятлар яратилганлиги боис, ҳудудларда ўз ваколатхоналарини очишга чақирди. Бунда, Вазирлик томонидан IT-компанияларга зарур бўлган барча амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Шу билан бирга, вазир масофавий хизматлар учун иш ҳақи тўлашда IT-компанияларга “Алоқабанк”нинг “bank2bank” хизматидан фойдаланишни тавсия қилди ва бу “Western Union” каби бошқа халқаро пул ўтказмалари тизимларига нисбатан камхаржлигини таъкидлади.

Кадрларни тайёрлаш масаласида мамлакатимизда иқтидорли ёшлар учун “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси амалга оширилганлиги ва “Coursera” компанияси билан ҳамкорлик қилиб келаётганлиги билдирилди ҳамда ушбу соҳада мамлакатимизда бир нечта олий таълим муассасасида ҳар йили халқаро талабларга жавоб берадиган дастурлар орқали минглаб ёшлар таҳсил олаётганлигини маълум қилди.

Учрашув якунида кўплаб IT-компаниялар Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очишга қизиқиш билдирди, компаниялардан бири эса яқин давр мобайнида Самарқанд шаҳрида ўз ваколатхонасини очишга қарор қабул қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда IT-хизматлар экспорти оширилади, 2024 йилнинг якунига кўра, 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг