Тошкентдаги Инҳа университети ўзининг 10 йиллигини нишонлади
Кеча, 8 ноябр куни ташкил этилган ушбу тадбир университет тарихини акс эттирувчи видеоролик билан бошланди ва унда Тошкентда шаҳридаги Инҳа университетининг Корея билан маданий ва илмий ҳамкорликнинг мустаҳкам ифодасига айлангани намойиш этилди.
Маросимда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Корея Республикасидаги Инҳа Университети президенти Чо Мёнг Ву, Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён, Инҳа Университетининг ижрочи директори Ли Ҳва Сок ва Тошкентдаги Инҳа Университети ректори Музаффар Жалолов нутқ сўзлаб, университетнинг аҳамияти ва битирувчиларининг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини таъкидладилар.
Вазир Ш. Шерматов нутқи давомида университетнинг Корея компаниялари билан ҳамкорлик рамзига айланганини ҳамда университет битирувчилари Корея ва бошқа халқаро компаниялар томонидан юқори малакали кадрлар сифатида тан олинаётганини қайд этди.
“Университетнинг 10 йиллик фаолияти давомида ўз олдига қўйган юксак мақсадлари амалга ошди. Инҳа нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг яхши университетлардан бирига айланди. Ушбу университет битирувчилари мамлакат АйТи компанияларида юқори талабга эга бўлиб, улар Ўзбекистоннинг АйТи марказига айланиши йўлида муҳим рол ўйнамоқда”, – деди вазир.
Тадбир давомида университетнинг муваффақиятли битирувчилари – Азиза Артикхўжаева, Аслхон Хошимхўжаев, Раҳима Нуғманова ва Муҳаммадсаид Мамасаидов ўз муваффақиятлари билан ўртоқлашдилар. Улар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, университетда олинган билимлар уларга янги имкониятлар эшикларини очганини таъкидлашди. Шунингдек, халқаро компанияларда ишлаётган битирувчилар Нуриддин Иминхўжаев, Дархонбек Маматалиев, Дилмурод Янгибоев ва Рустам Зокиров ўз табрикларини видео орқали йўллаб, университетнинг халқаро майдондаги нуфузини кўрсатдилар.
Таъкидлаш лозимки, ўтган 10 йил давомида Тошкентдаги Инҳа Университети 1900 дан ортиқ мутахассисни тайёрлаб, улар глобал АйТи ҳамжамиятининг бир қисмига айланишди. Уларнинг 85 фоиздан ортиғи Ўзбекистонда фаолият олиб бориб, мамлакатда рақамли трансформация ва ахборот технологиялари ривожига сезиларли ҳисса қўшмоқда. Қолганлари эса Google, Microsoft ва Амазон каби йирик халқаро компанияларда фаолият юритиб, университет ва унинг қадриятларини дунё миқёсида намойиш этмоқдалар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter