Самарқанд вилояти делегацияси Филаделфияда тадбиркорлар билан учрашди
Самарқанд вилояти делегацияси АҚШга сафари давомида Ню-Йорк шаҳрида IT соҳасидаги ўндан ортиқ тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, фойдали келишувларга эришгани ҳақида хабар бергандик.
Делегациянинг навбатдаги сафар манзили Филаделфия бўлди: бу ерда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бошчилигида EPAM Systems компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Компания фаолияти билан яқиндан танишилди, ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. Хусусан, соҳавий билимларни ўргатиш ва IT-хизматларни экспорт қилиш мақсадида вилоятда компания офисини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шунингдек, самарқандликлар Mir Transportation Inc компаниясида бўлиб, унинг фаолияти билан танишдилар, тадбиркорлар билан учрашишди. Учрашувда вилоятда инвестицияларни жалб этиш, хусусан, IT соҳасини ривожлантириш учун яратилган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида сўз борди, америкалик тадбиркорларга Самарқанд вилоятида ўз лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.
Мазкур учрашувлар натижасида, Mir Transportation Inc, Logex, Uzrek payment system Inc компаниялари билан масофавий хизматларни кўрсатиш марказлари ташкил этиш бўйича меморандумлар имзоланди.
Самарқанд вилояти делегациясининг АҚШга ташрифи давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter