Мур қонуни муаллифи вафот этди

Intel компанияси асосчиларидан бири ҳамда Мур қонуни муаллифи — Гордон Мур 94 ёшида вафот этди.
Мур ўзини тадбиркорликка адашиб кириб қолган деб ҳисоблар, атрофидагилар эса уни яримўтказгичлар соҳасининг тараққиёт йўлини белгилаб берган муҳандис сифатида ҳурмат қилишган.
Гордон Мур 1929 йилда Сан-Францискода туғилган, Калифорния технология институтида таҳсил олган (кейинчалик институтга тинмай молиявий кўмак бериб келди). 1954 йилда илмий даража олган Мур ўзининг яримўтказгичлар соҳаси ривожланиши ҳақидаги машҳур эмпирик тамойилини илк маротаба 1965 йили илмий мақоласида тилга олганди. Кейинчалик Мур қонунига айланган ушбу тамойилда яримўтказгичли схемада транзисторларнинг жойлашиш зичлиги ҳар йили икки баравар кўпайиши тахмин қилинганди, кейинчалик бу муддатлар бир ярим йил ва икки йилга ўзгарди.
Мур 1975 йилгача Intel ижрочи директори, 1979–1987 йилларда компания бош директори ҳамда директорлар кенгаши раиси бўлган. 2006 йилда хайрия фаолияти билан шуғулланиш учун Intelни буткул тарк этган.
Гордон Мур бахтли ҳаёт кечирди, умрининг сўнгги йилларини Гавайидаги уйида, оиласи ва яқинлари қуршовида ўтказди. 1950 йилда уйланиб, рафиқаси Бетти билан икки фарзандли бўлди. Пенсияга чиққанидан сўнг асосан саёҳатлар ва балиқ овлаш билан шуғулланди, кейинчалик хайрия жамғармаси очиб, сайёрамизнинг турли нуқталарида сув дунёсини муҳофаза қилишга ҳисса қўшди. Гордон Мурнинг бойлигини шу йил бошида Forbes журнали $7,2 млрд дея баҳолаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter