Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Huawei Tech4Good глобал танловида ўзбекистонлик талабалар Silver Awardни қўлга киритди

Huawei Tech4Good глобал танловида ўзбекистонлик талабалар Silver Awardни қўлга киритди

Фото: Digital.uz

2024 йилнинг 11 январида Huawei “Seeds for the Future 2023” таълим дастури доирасида ўтказилган Tech4Good глобал танловида ўзбекистонлик саккиз нафар талаба Silver Award мукофотига сазовор бўлди. Шунингдек, People’s Choice Award овоз бериш жараёнида жамоамиз “томошабинлар танлови” деб топилди.

Танловда Жазоир, Сингапур, Италия, Чили, БАА, Колумбия, Германия, Бразилия ва Намибиядан тўққизта жамоа билан бир қаторда Ўзбекистон жамоаси ҳам иштирок этди.

Лойиҳада Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент шаҳридаги Кимё халқаро университети ва Янги Ўзбекистон университети талабалари совринли ўринни эгаллашди. Шунингдек, Намибия, Германия ва Бразилиядан келган талабалар ҳам ғолибликни қўлга киритди.

Танловнинг нуфузли ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилган “Aquatibia” лойиҳаси қишлоқ хўжалиги учун рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда сув ва тупроқдаги туз ва оғир металларни камайтириш учун лигнин асосидаги инновацион филтрга эга бўлган интеграциялашган сув филтрлаш тизимидир. Мазкур тизимни ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали чиқиндиларнинг минимал даражасига эришиш, очарчиликни бартараф этиш (БРМ2) ва тоза сув ва санитария (БРМ6) каби муҳим барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга қаратилган.

Tech4Good 2023 танлови Ўзбекистонлик иштирокчилар учун бир неча босқичда ўтказилди. Биринчи танлов 2023 йил сентябрь ойида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида минтақавий даражада бўлиб ўтган, ҳар йили ўтказилувчи “Seeds for the Future 2023” таълим дастури давомида амалга оширилди ва унда Ўзбекистонлик ўн беш нафар талаба иштирок этди. БААнинг Дубай шаҳрида акселерация дастури кўринишидаги иккинчи босқич бўлиб ўтди ва унда ўзбекистонлик талабалар Tech4Good минтақавий чемпиони бўлишди. Минтақавий босқич натижаларига кўра, “Techno Mind” жамоаси 2023 йил декабрь ойида БААнинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Seeds Tour ва COP-28 тадбирларида иштирок этиш учун таклиф қилинди ва у ерда “Talent & Green Summit”да ўз лойиҳасини тақдим этди. Глобал босқич ғолиблари сифатида талабалар бу йил Startup Sprintда иштирок этиш ва бизнес кўникмаларини ошириш учун Хитойга ташриф буюрадилар.

Tech4Good — “Seeds for the Future” флагман таълим дастури доирасидаги танлов бўлиб, илк марта 2021 йилда талабаларни рақамли технологиялар орқали ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилишга жалб қилиш ҳамда стартап ғоясини тижорат учун фойдали лойиҳага айлантириш мақсадида ўтказилган.

“Seeds for the Future 2023” — компаниянинг бутун дунё бўйлаб АКТ истеъдодларини ривожлантиришга қаратилган корпоратив ижтимоий масъулият бўйича флагман таълим дастури ҳисобланди. Лойиҳа 2008 йилдан буён бутун дунё бўйлаб амалга оширилиб келинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг