БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Муҳокама чоғида мамлакатимизда рақамлаштиришнинг бугунги ҳолати, ёшлар ва айниқса, АйТи йўналишида таҳсил олаётган қизлар учун яратилиши зарур бўлган имкониятларга оид мавзуларга тўхталиб ўтилди.
Учрашувда вазир Ш.Шерматов вазирликнинг асосий мақсадларидан бири ёш авлодни тайёр иш ўринлари билан таъминлаш эканини таъкидлади.
Шунингдек, мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ёрдамида ҳал этилаётган масалаларига тўхталиб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон денгизга чиқиш имконияти чекланганини ҳисобга олган ҳолда вазирлик АйТи соҳасини фаол ривожлантираётганини, бу эса АйТи-хизматлар экспортини жадал оширишга хизмат қилаётганини қайд этди.
Ўз навбатида, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Ўзбекистоннинг кўп жабҳаларда жадал ривожланиш йўлида эришаётган, аҳоли турмушини сезиларли даражада яхшилаган ютуқларини юқори баҳолади.
Бундан ташқари, у STEM мутахассисликларини биргаликда ривожлантириш, айниқса, ёш қизларни ушбу мутахассисликларга жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади ҳамда сунъий интеллектни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳимлигини қўшимча қилди.
Шу билан бирга, вазир Ш.Шерматов, юртимизда давлат хизматларини онлайн кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдириб, бугунги кунда хизматларнинг қарийб 80 фоизи онлайн шаклга ўтказилганини қўшимча қилди.
Шунингдек, вазир аёллар, ногиронлар ҳамда кам таъминланган оилаларга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, ушбу гуруҳларнинг барчаси биринчи ўринда туришини, шу мақсадда “Рақамли инклюзивлик” лойиҳаси бўйича Жаҳон банки билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Якунда томонлар учрашув учун бир-бирига миннатдорчилик билдириб, ўзаро самарали ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter