“Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасининг навбатдаги мавсумига старт берилди
“Бир миллион ўзбек дастурчилари” — Ўзбекистонда бир миллион маҳаллий дастурчини тайёрлаш лойиҳаси бўлиб, лойиҳада ёшларни замонавий касбларга бепул онлайн курслар ташкил этилган ҳолда ўқитиш мақсад қилинган.
Давлатимиз раҳбари ҳар доим таълимнинг мамлакат тараққиётидаги ҳал қилувчи ўрни ҳақида таъкидлаб келадилар. Юртимизда ёшларда таълимга қизиқиш ошиб бормоқда, аммо асосий муаммо — нима ўқитиш ва айниқса, узоқ ҳудудларда ким ўқитиши каби масалаларда сақланиб турибди.
Мазкур муаммонинг ечими сифатида Ўзбекистон ва Coursera платформаси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик долзарб аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳамкорлик орқали юртимизнинг энг олис қишлоқларидаги ёшлар ҳам дунёнинг етакчи университетлари ва компанияларидан энг юқори талабга эга бўлган курсларни онлайн ўқиш имконига эга бўлишмоқда. Бу жараёнда ёшларимизнинг ўз мақсадларига етишишлари учун қунт ва давомийлик муҳим. Курсларни муваффақиятли тамомлаб, халқаро сертификат имтиҳонларидан ўтиш, уларга глобал меҳнат бозорига йўл очиб беради.
2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги ушбу ташаббуснинг долзарблигини янада оширди. Ҳозирда онлайн курслар Бир миллион дастурчилар uzbekcoders.uz платформаси орқали йўлга қўйилмоқда.
Шу мақсадда бугун, 29 ноябр куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳасининг навбатдаги мавсумига старт берилди. Тадбирда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб сўнги йилларда рақамли таълим соҳасида, хусусан, онлайн таълим ва халқаро сертификатлар олиш бўйича яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, “Coursera” Inc Ҳиндистон ва Осиё-Тинч океани ҳудудларида бошқарув директори Рагҳав Гупта “Coursera” платформасидаги имкониятлар мавзусида тақдимот қилди.
Coursera — бу онлайн таълим платформаси бўлиб, дунёнинг энг нуфузли университетлари ва ташкилотларидан курс ва сертификатларни таклиф этади. Бу платформа орқали АйТининг турли соҳалари бўйича билим олиш, янги кўникмаларни ривожлантириш ва касбий маҳоратни ошириш мумкин.
Тадбирда Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов “Бир миллион Ўзбек дастурчилари” лойиҳаси доирасидаги келгуси 2 йиллик режалари билан иштирокчиларни таништирди.
Бир миллион ўзбек дастурчиси лойиҳаси доирасида эса Coursera курслари имтиёзли нархларда ёшларга тақдим этилади. Курслар соҳанинг энг нуфузли таълим муассасалари, университетлари ва устозлари томонидан ишлаб чиқилган.
Шунингдек, курсни муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга сертификат берилади. Ҳозиргача Coursera платформасининг 1,4 миллион Ўзбекистонлик тингловчиси бўлиб, уларнинг 50 фоизини аёллар ташкил этади.
Фойдаланувчиларнинг 90 фоиз қисмини эса асосан ўқувчи ва талабалар улушига тўғри келади. 2024-йилда Courseraнинг профессионал АйТи-сертификат курсларида ўқиш кўрсаткичи 206 фоизга ошган.
Жорий йил Coursera ўзининг олтинчи йиллик Global Skills ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, “Бир миллион ўзбек дастурчилари” (“One million uzbek coders”) лойиҳаси доирасида амалга оширилган ислоҳатлар натижаси ўлароқ, платформада Ўзбекистон мавжуд ишчи кучининг улушида ўрганувчилар сони бўйича биринчи ўринни эгаллади. Яъни, мавжуд ишчи кучини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кўникмалар билан таъминлашга энг кўп сармоя киритаётган мамлакатлар рейтингида давлатимиз етакчи ўринда деб қайд этилди.
Платформадаги ўзбек фойдаланувчиларнинг энг кўп талабида бўлаётган йўналишлар эса дастурлаш, Data Science, компьютер саводхонлиги, Графика ва дизайн ҳамда хорижий тилларни ўрганиш экани аниқланди.
Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Cоурсера таълим платформаси билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган бўлиб, жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказилган "ICTWeek — 2024" ҳафталиги доирасида ташкил этилган "АйТи таълим ва фрилансинг" форуми доирасида Courseraнинг Ҳиндистон ва Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича директори Рагҳав Гупта иштирок этиб, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар жумладан тобора ривожланиб бораётган рақамли дунёда онлайн таълимнинг аҳамияти ҳақида тақдимот қилганди.
Ваучерларни қуйидаги Олий таълим муассасалари олди:
Тошкент ахборот технологиялари университети - 5 млрд сўм;
ИНҲА университети - 500 млн сўм;
Амити университети - 500 млн сўм;
Хусусий таълим муассасаларидан эса:
Сенсорика - 250 млн сўм;
Maab academy - 250 млн сўм;
IT Center Навоий - 250 млн сўм;
Alicode IT академияси - 250 млн сўм;
Дастурчилар клуби - 250 млн сўм
Vosiq international school - 100 млн сўм;
Leaders school - 100 млн сўмлик миқдорда таълим олиш имкониятини берувчи ваучерлар берилди.
Шу билан бирга, АйТи инфлюенсерлар Зарифжон Нахалов, Умар Саъдуллаев, Манучеҳр Усмонов, Муроджон Норматовларга ҳам 1 йиллик "Coursera"да таълим олиш имконини берувчи ваучер тақдим этилди.
Қолаверса, IT Park Узбекистанга "Courserа" платформасида ўқиш имкониятини берувчи 1000 та лицензия ҳам топширилди.
“Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси 2025-2026 йиллар режасида халқаро АйТи сертификатларни олганлар сонини 2.5 млн нафарга, профессионал халқаро АйТи сертификатлар олганлар сонини эса 30 минг нафарга етказиш белгиланган. Қолаверса, лойиҳа доирасида юқори натижа кўрсатган энг яхши 2 та мактабга Президент совғаси сифатида электромобиллар берилиши ҳам режалаштирилган.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида 14 та ҳудудда энг юқори натижа кўрсатган ўқувчиларга 700 та ноутбук, Топ-10 нафар ўқитувчилар чет-элга саёҳат, лойиҳа доирасида энг юқори натижа кўрсатган 100 та ўқитувчига 10 млн сўмдан пул мукофоти ва Топ-3 олий таълим муассасаларига пул мукофотлари берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter