Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АйТи соҳасидаги фаол аёллар “Yulduz Tech Awards” да тақдирландилар

АйТи соҳасидаги фаол аёллар “Yulduz Tech Awards” да тақдирландилар

2024 йил 24 декабрда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлигида муҳим воқеа – аёлларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқларига бағишланган илк “Yulduz Tech Awards” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирдан мақсад уларнинг АйТи ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этиш, мотивацияни қўллаб-қувватлаш ва профессионал алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Тақдирлаш маросимида 25 нафар хотин-қизларга АйТи соҳасида эришган юксак ютуқлари учун эсдалик статуеткалари топширилди. Бу мукофотлар уларнинг меҳнати эътирофи, касбий маҳорати ва келажак авлодлар учун илҳом тимсолига айланди. 

Ўзбекистон АйТи соҳасида аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида сезиларли ютуқларни намойиш этмоқда. Мамлакат Coursera платформасида онлайн таълим бўйича етакчилик қилади, бу ерда талабаларнинг 49 фоизи аёллардир. “One Million Uzbek Programmers ”, АйТи-истеъдод ва халқаро АйТи сертификатлари учун харажатларни қоплаш каби дастурлар ёшларга жаҳон таълим стандартларидан фойдаланиш имконини беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон АйТи ва STEM соҳасида аёллар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли амалга оширилган Гендер тенглиги ва бошқарув индекси (GEGI) рейтингида 103 ўриндан 52 ўринга кўтарилди.

“Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасида фаол ривожланаётган истеъдодли аёллар авлодининг ўсиб бораётганидан фахрланамиз. АйТи соҳасида аёлларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади ва биз уларнинг профессионал ўсиши ва муваффақиятли карераси учун имкониятлар яратишда давом этамиз”, — деди Рақамли технологиялар вазирининг маслаҳатчиси Камола Собирова.

Тадбир тажриба алмашиш, алоқаларни йўлга қўйиш, мураббийлик ва таълим ташаббусларининг аҳамиятини муҳокама қилиш учун майдонга айланди. Ташкилотчилар АйТи соҳасида аёллар салоҳиятини қўллаб-қувватлашни давом эттириш мақсадида “Yulduz Tech Awards” мукофотини йиллик тадбирга айлантиришни режалаштирмоқда.

Тадбир Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Yandex Uzbekistan, TBC Uzbekistan, IT Park, Korzinka, ZTE, Click, Qand, АйТи таълими ассоциацияси, Women in Tech Uzbekistan, Lerna, GAP ва IT Ladies ҳамжамиятлари кўмагида ташкил этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг