Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШда Жаҳон банкининг Рақамли ривожланиш гуруҳи раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди

АҚШда Жаҳон банкининг Рақамли ривожланиш гуруҳи раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: Digital.uz

Жорий йилнинг 4–7 март кунлари Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонга хорижий компанияларни жалб қилиш, экспортни ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва ўзбек компанияларининг ташқи бозорларга чиқишини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Америка Қўшма Штатларида бўлади.

Делегациянинг 4 март куни Жаҳон банки қароргоҳида бўлиб ўтган учрашуви ташриф доирасидаги муҳим воқеа бўлди. Учрашувда Ўзбекистон вакиллари Жаҳон банкининг Рақамли ривожланиш бўйича гуруҳи раҳбари Мишел Роги ва Михаил Бунчук билан бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни муҳокама қилдилар.

Лойиҳанинг мақсади республика бўйлаб ёшлар, жумладан, аёллар ва жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун минглаб рақамли иш ўринларини яратишдан иборат. Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда, миллий ривожланиш стратегиясига мувофиқ, ахборот технологиялари бўйича йиллик экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, 1000 та хорижий IT-компанияни жалб этиш ва ахборот технологиялари соҳасида 300 минг ёш мутахассисни иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Ушбу улкан мақсадларга эришиш учун Ўзбекистонда малакали кадрлар тайёрлаш, IT ва офис инфратузилмасини ривожлантириш, IT соҳасига хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш бўйича тегишли қонунчилик ва стратегияларни яратиш учун катта маблағ ажратиш режалаштирилмоқда.

Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа қишлоқ ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT Park орқали амалга оширилади. Аутсорсинг компанияларини ўқитилган мутахассисларни ишга жойлаштиришни рағбатлантириш муҳим жиҳат бўлади.

Лойиҳа 2029 йилда якунига етгач, Ўзбекистонда IT ва аутсорсинг соҳаларида тахминан 25 минг киши иш билан таъминланади. Лойиҳа 11 та ҳудудий аутсорсинг марказларини ишга тушириш, 6000 дан ортиқ ёшларни ўқитиш, 9000 га яқин ёш мутахассисларни иш билан таъминлашга кўмаклашади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун лойиҳа ҳудудий марказларни ишга тушириш, зарур меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш билан бирга асосий кўникмаларга ўқитиш ва фаол бандликни ўз ичига олади. Янги аутсорсинг компанияларини жалб қилиш ва уларнинг мамлакатдаги фаолиятини рағбатлантириш ҳам муҳим таркибий қисм бўлади.

“Uzbekistan Digital Inclusion” лойиҳаси иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва Ўзбекистонга хорижий сармояларни жалб қилиш катализаторига айланади. Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банкининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари келгуси ўн йилликларда мамлакат фаровонлигини таъминлайдиган барқарор рақамли иқтисодиётни яратишга қаратилган.

Шунингдек, Мишел Роги юртимизда  IT-таълимни ривожланиши йўналишида таълим тизимида қандай ишлар амалга оширилгани билан қизиқди. Вазир унга амалга оширилган лойиҳалар, хусусан, “English speaking nation” дастури ва “Al-Xorazmiy” лойиҳаси ҳақида маълумот берди.

Бундан ташқари, учрашув давомида электрон ҳукуматлар халқаро рейтингида Ўзбекистонни топ-30га киритиш мақсадида ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг