Швейцар соатлари “модадан қолишни” бошлади — Bloomberg

Швейцариянинг люкс брендларига мансуб соатлар, уч йил давом этган юқори талабдан сўнг, урфдан қолишни бошлади, деб хабар берди Вloomberg.
COVID пандемияси бошланиб, карантин чекловлари туфайли ўзига тўқ одамлар уйларида ўтириб қолишганидан сўнг, Audemars Piguet, Rolex ва бошқа қимматбаҳо соатларга талаб ошиб кетганди. Натижада 2022 йилда швейцар соатлари экспорти қарийб 25 млрд франк ёки 28,5 млрд долларлик рекордни қайд этди.
“Биз 2021 ва 2022 йилларда гувоҳ бўлган вазият ҳеч қайси қолипга сиғмайди. Бунақа бўлишини ҳатто тасаввур ҳам қилмаганмиз. Ва буни бошқа кўрмасак керак”, — деди соатсозлар учун олтинга тенг бўлган бу йилларни эсларкан Audemars Piguet компанияси бош директори Франсуа-Анри Беннамиас. Bloomberg қўшимча қилишича, Audemars Piguet чиқарадиган битта соатнинг нархи ўртача 50 минг швейцар франки (тахминан 57 минг доллар)га тенг.
Энди вазият тамомила бошқача, соатга талаб ой сайин пасаймоқда. Бу “нархларнинг агрессив ошиши” ва ишлаб чиқаришнинг кўпайиши, қолаверса, соҳага боғлиқ бўлмаган омиллар — юқори фоиз ставкалари ва нобарқарор иқтисодий ўсиш фонида юз бермоқда. Буларнинг барчаси бир бўлиб “бир пайтлардаги беташвиш” истеъмолчининг онгига ва пулларни харжлашига таъсир кўрсатяпти. Инфляция ва иқтисодиётдаги пасайишлар борасидаги хавотирлар сабабли, соатсозлардан ташқари, люкс сегментидаги LVMH дан тортиб Kering SA (Gucci соҳиби) сингари бошқа компанияларда ҳам савдолар тушиб бормоқда.
Bloomberg қўшимчалашича, айни пайтда люкс тоифали ишлатилган соатлар ҳам арзонлашмоқда, бу жараён бошланганига бир йилдан ошди.
Morgan Stanley маълумотига кўра, 2022 йилда жаҳонда соатлар чакана савдоси ҳажми тахминан 48 млрд швейцар франки ($54,5 млрд)ни, эски соатлар савдоси ҳажми $24 млрд атрофида бўлди.
Соатлар — Швейцария экспортининг учинчи катта йўналиши, 60 минг киши шу соҳада банд. Соҳанинг бир неча вакиллари айтишларича, талаб камайиши оқибатлари сезилишни бошлаган, айрим соатсоз компаниялар иш ўринларини қисқартиришга киришган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter