Қатраларда акс этган уммон ёки аудиокитоб ўқиш оммалашганми?

Инсон умрини оқар дарёга қиёслашади. Бу умр аталмиш неъматнинг ғаниматлигига, омонатлигига, қайтмаслигига ишора. Мана шу қисқа, таъбир жоиз бўлса, кўз очиб юмгунчалик вақтда одам боласи нималар қилмайди дейсиз?!.
Дарҳақиқат, инсон боласи учун энг муҳим нарса нима, деган савол ҳар доим долзарб бўлиб келган. Айтиш мумкинки, мана шу қисқа умри давомида инсонга дунёвий неъматлар каби руҳий озуқа ҳам катта эҳтиёж бўлиб келган.
Буюк руҳий озуқа манбаи эса — бу китобдир. Бир замонлар тоғу тошларга, дарахт япроқларига, сополларга, ҳайвон терисига ёзилган сўзлардан иборат “китоб”лар ҳақида биз тарихий адабиётларда кўп ўқиганмиз. Бугун жуда кўп инсоннинг уйида катта-кичик ўз кутубхонаси бор. Аммо китоби йўқ ёки китобатга қадр йўқ хонадонлар ҳам, минг таассуфки, учраб туради.
Борди-ю агар мендан одамларни тоифага бўлишни сўрашса, уларни иқтисодий ва ижтимоий мақомидан келиб чиқиб эмас, балки китоб ўқиган ёки ўқимаганига қараб икки тоифага бўлиш тўғри бўлар эди, деб ҳисоблайман.
Бебаҳо ижодкорларимиз қаламига мансуб намуналарда газета, журнал ва китобларни ўқиб ўрганасиз, қаердадир баҳслашасиз ва ўз ҳаёт йўлингизни топиб оласиз. Бу ёруғ йўлда бемалол мўлжаллаган манзилни кўриш, тасаввур қилишингиз мумкин. Фарзандлар камоли, келажагини ўйлаган ҳар бир оилада, маҳаллада, жамиятда китобга, китобхонликка эътибор албатта юксак бўлади.
Китобга иштиёқ энг аввало, оиладаги муҳитга боғлиқ. Маърифатли оилаларда китобга бўлган эътибор фарзандлар тарбиясида жуда ҳам қўл келади. Ёшлигида китоб ўқиб катта бўлган боланинг дунёқараши ва фикрлаш қобилияти китоб ўқимаган ўсмирникига қараганда сезиларли даражада кенг бўлади. Китоб – ақл ойнаси, фикрлаш булоғи, тафаккур манбаидир.
Атоқли адибимиз Шукур Холмирзаев бир пайтлар матбуот орқали “Адабиёт ўладими?” дея бонг урган эди. Бу – китобхонлик, китоб ҳам ўладими шаклида қалбларда акс-садо берган, кейин бутун зиёли қатламлар бу ҳайриққа қўшилиб, китобхонлик маданиятини муносиб тарғиб қила олишган эди. Китоб — завол топмайдиган ўлмас бойлик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 12 январ куни қабул қилинган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган алоҳида фармойиши ҳам ўз вақтида эълон қилингани билан аҳамиятлидир.
Халқимизда: “Китоб кўрмаган калла — гиёҳ унмаган дала” деган нақл бор. Китоб ўз ўқувчисиниу ҳали кўрмаган дунёларга олиб бориб, ҳали эшитмаган сўзларини қулоқлари остида шивирлайди, барралла айтади.
XXI аср — ахборот технологиялари асри. Даврнинг шиддати-шашти, руҳият шакллари ҳам ўзгарган. Дунёнинг нариги чеккасида нима бўлаётганини, бу манзилларида туриб бемалол онлайн равишда кузатиб бориш имконлари пайдо бўлди.
Бир сўз билан айтганда, ахборот олиш ва унинг салоҳиятидан унумли фойдаланиб, билим ўзлаштириб, тафаккурни инсон ўзи хоҳлаган каби ўстириш имкони жуда кенг. Ана шу бемисл тезкор жараёнларда ҳаммада ҳам бемалол кутубхонага бориш, дўкондан китоб сотиб олиб, бемалол мутолаа қилиш учун вақт топиши қийинроқ кечади...
Мана шундай пайтларда аудио китоблар қулай кўмакчига айланаяпти. Аудио, яъни овозли китоблар – асар матнининг овозли кўриниши. Уй-рўзғор ишлари билан машғул бўлган, тамадди чоғида, ишхонада компьютер қаршисида кўзингиз толганда, тиқилинч кўчалар узра автомобилда юрганда, спорт билан шуғулланаётганда, кутиш жойларида, уйқу олдидан, қўйингчи, бўш вақт топилди дегунча уларни эшитиб, мароқ олиш мумкин.
Болалигимда оилавий сафарга отлансак, йўлда зерикмаслик учун ўзим билан китоб олиб кетардим. Дадам транспортда китоб ўқиш кўз учун ниҳоятда зарарли эканини таъкидлаб, танбеҳ берар ва рухсат этмасдилар. Қани, ўша тобларда ҳозирги аудио китоблар бўлганда, дея афсус қиламан. Овозли китоблар нафақат кишини зериктирмайди, балки вақтингизни ҳам тежайди. Энг муҳими, ўқиш, ўрганишдек неъматдан бебаҳра қолмайсиз.
Дарвоқе, интернетдан, ижтимоий тармоқлардан кўплаб асарларнинг турли тиллардаги овозли нусхаларини топиш мумкин. Ёшларимиз, айниқса, мазмуни саёз қўшиқлар ўрнига чинакам руҳий қувват берадиган овозли китобларни ўқишлари мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман.
Аслида бу янгилик ҳам эмас. Ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ Ғарбнинг илғор мамлакатларида аудио асарларни “чоп этиш” ишлари бошланган эди. Кўзи ожиз инсонлар, кўзи қувватдан қолган ёши кексалар учун ўзларини қизиқтирган китобларни мутолаа қилиш учун имконият яратишга қаратилган бу лойиҳалар кейинчалик яхши оммалашиб кетди.
Қолаверса, миллий телерадиокомпаниямиз тизимида инсценировка жанри яхши оммалашган эди. Яъни адабий асарлар – роман, қисса, достон, ҳикоянинг саҳна, телевидение, радио учун қайта ишланган шаклларини мароқ билан эшитар эдик.
Ўзбекистонда инсценировканинг илк намуналари ўтган аср бошларида яратилди ва иккинчи ярмида ривожланди. Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Ўткир Ҳошимовнинг асарлари асосида ёзилган инсценировкалар телевидение ва радио-тўлқинлари орқали берилиши ҳаммага жуда манзур бўлаётганини ота-онам завқ билан айтиб беришар эди.
Талотўп даврда ҳали ўқиш ва ёзишни билмайдиган болажонларимиз учун турли хилдаги эртакларни ҳар доим ҳам ўқиб беришга вақтимиз бўлмас, мана шундай кезларда “сўзлайдиган китоблар” жонга оро беради.
Баъзи овозли асарлар муаллиф томонидан тўлиқ ўқиб чиқилади, табиийки, ундан бошқа ҳеч ким сўзларга айнан керакли оҳангни бера олмайди. Чунки муаллиф қайси сўз қайси маънода қўлланилганини билади. Бу эса асарни янада яхшироқ тушунишимизда яқиндан кўмак беради.
Асар мазмунига ҳамоҳанг тарзда турли (ёмғир шивири, сувнинг шилдираши ёки ёқимли мусиқа каби) товушлар янграб турадиган аудиолар ҳам борки, уларни эшитиш орқали асардаги воқеалар кўз олдимизда тугал гавдаланади.
Ўзбекистонда китобларни овозлаштириш, яъни аудио китоблар чиқариш жараёнлари бошланганига анча бўлди. Табиийки, бу иш билан шуғулланувчи студиялар биринчи галда маърифат тарқатишни ният қилишади.
Аммо бу ўринда муаллифлар ҳуқуқлари бузилиб қолмайдими, қалам ҳақи сўраб мурожаат қилган муаллифга эртага қандай жавоб берилади, қулай ва фойдали бўлган аудио китобларни оммалаштириш учун қандай ёрдам кўрсатиш мумкин каби саволлар очиқ қолмоқда. Қолаверса, аксарият аудиоканаллардаги овозларда шира йўқ, ғализ ва бир ёқлама ўқилгани билан ҳам тингловчига манзур эмас.
Уларни янада қизиқарлироқ қилиб кўпайтириш, ахборот ресурс марказлари фондини бу каби ноанъанавий асарлар билан тўлдириш, мактаб кутубхоналарига тақдим этиш ва улардан болалар ўз қўл телефонларига ёзиб олиб фойдаланиши мумкин.
Бу йўналишда тизимли ишлаш учун албатта, Миллий телерадиокомпания, олий таълим ва мактаб таълими мутасаддилари, Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий кутубхона, тил бўйича маслаҳатчилар тизими, янги ташкил этилган ва кўплаб хайрли ишларни амалга ошираётган санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқлариин ҳимоя қилиш палатаси бир ёқадан бош чиқариб ишлаши мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Мадина Зуфарова,
RENAISSANCE университетининг
Филология ва тилларни ўқитиш
факултети талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter