Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Компютерни энди ўрганаётганлар учун: файллардан бошлаймиз (IT-саводхонлик)

Компютерни энди ўрганаётганлар учун: файллардан бошлаймиз (IT-саводхонлик)

Фото: Код

Компютер нималигини ҳаммамиз биламиз, унда файллар сақланишидан ҳам бехабар эмасмиз. Ва бу файллар мусиқа, фото, видео, матн ва ҳоказо маълумотлардан иборатлиги ҳам кундек равшан. Бизга оддий ва тушунарли кўринган бу нарсалар компютернинг ўзи учун бошқачароқ ва мураккаброқ. Ҳозир тушунтирамиз.

Ушбу мақола — компютерни энди ўрганаётганлар учун бошлаётган навбатдаги сабоқларимизнинг дастлабкиси. Компютер ёки файл ҳақида гапиришимиз эҳтимол сиз учун эриш туюлар, аммо ота-онангиз ёки компютердан “узоқ” дўстингизга файл нималигини тушунтирмоқчи бўлсангиз, марҳамат, шу мақолани тавсия қилинг. Бу биринчи мақоламиз ва мураккабликка қараб кетаверамиз, балки сизга ҳам фойдаси тегиб қолар, шундай экан, кузатишда давом этинг.

Файл нима?

Компютернинг кўзи билан қараганда, файл — қаттиқ дискдаги байтларнинг кетма-кетлиги. Агар 100 гигабайтли қаттиқ дискни 100 миллиард байтнинг кетма-кетлиги деб тасаввур қилсак, муайян файл ана шу дискдаги байтларнинг нечтасинидир ташкил қилади.

Яна ҳам тушунарли бўлиши учун расмга қаранг:

Байтларнинг бу кетма-кетлиги албатта изма-из келиши шарт эмас — файл дискнинг турли бурчакларида жойлашган бир нечта бўлаклардан иборат бўлиши ҳам мумкин:

Қолган бошқа файллар ҳам худди шундай сақланади — дискда бир ёки бир нечта бўлаклардан иборат жойлашади. Компютер, қайси файл айнан қайси бўлаклардан ташкил топганини билиш учун, хотирасининг бир қисмини файллар жадвалига ажратади. Ушбу жадвалда дискдаги барча файллар ҳақидаги маълумотлар сақланади:

Номлар ва кенгайтмалар

Файлнинг номи кўпинча номнинг ўзи ва кенгайтмадан иборат бўлади, уларни ўртадаги нуқта ажратиб туради:

Шу билан масала ҳал эмас. Файлнинг номи кенгайтмасиз ва нуқтасиз бўлиши ёки нуқта билан бошланиши ҳам мумкин: масалан, .htaccess каби.

Умуман олганда, файланинг кенгайтмаси борми-йўқми, компютерга фарқи йўқ. Унда нега керак? Бу компютер ва инсон қанақа маълумотлар унда сақланишини ва қайси дастурда файлни очиш кераклигини тушуниши учун. Бунинг учун компютер кенгайтмалар ва иловалар жадвалини яратади — қанақа кенгайтмадаги файлларни қайси дастурларда очиш лозимлиги унда ёзилган:

Ҳар бир амалий тизим (операцион тизим)нинг файлнинг номланиши бўйича ўз талаблари бор: Windows тизимида .con деб номланган файлни яратиб бўлмайди, MacOS тизимида эса бунақа муаммо йўқ.

Файллар ва папкалар

Ҳамма файллар бир жойга тўдаланиб қолмаслиги учун (илк компютерлардан шундай бўлган) папкалар ўйлаб топилган — улар ўзига хос виртуал қутилар бўлиб, уларнинг ичида файллар ёки бошқа папкалар сақланиши мумкин.

Агарда папкани ўчириб юборсангиз, унинг ичида сақланаётган барча файллар ва папкалар ҳам ўчиб кетади. Агар папкани бир жойдан бошқа жойга кўчирсангиз, ичидаги барча нарсалар қўшилиб кўчади.

“Файлга йўл” тушунчаси ҳам бор. Бу керакли файлгача етиб бориш учун ўтиш керак бўлган папкалар кетма-кетлиги. Агар сизда “Ҳисобот 2023” файли “Ҳисоботлар” папкасида, “Ҳисоботлар” эса  D дискдаги “Ишлар” папкасида жойлашган бўлса, унда файлга йўлнинг тўлиқ кўриниши қуйидагича бўлади:

D:\Ишлар\Ҳисоботлар\Ҳисобот 2023.doc

Папка — инсон учун махсус ўйлаб топилган файлларни ташкиллаштириш усули. Компютер эса ўзидаги муайян хизмат файли қаерда жойлашганини папкаларсиз ҳам эслаб қолади.

Папка ҳам файл

Балки буни биларсиз, папка ҳам файл саналади, фақат махсус, ўзига юклатилган вазифаларга эга. Ушбу файлнинг ичида қайси файллар ушбу папкага тегишли экани тўғрисидаги ахборот ёзиб қўйилган. Демак, папка — файл экан, биз бир папкани бирининг ичига жойлаганимизда, компютер бир файл иккинчисида ичида жойлашганини қайд этиб қўяди.

Файлда нимани сақласа бўлади?

Файл — шунчаки дискдаги байтлар кетма-кетлиги, демак, у ерга исталган нарсани ёзиш мумкин, булар:

  • филмлар;
  • фотосуратлар;
  • мусиқалар;
  • ҳисоботлар;
  • жадваллар;
  • ўйинлар;
  • ишланмалар тили учун драйверлар кутубхонаси ва бошқалар.

Файлларда муҳими уларнинг ичида нималиги эмас, балки компютер улар билан қандай ишлай олиши, файлни очиш учун қайси дастурларни ишга туширишни билиши. Агар Windows операцион тизимида ишловчи компютерга энг сўнгги русумдаги айфон махсус форматда олган суратни кўчирсангиз, қўшимча дастурларсиз уни оча олмайсиз.

Шунинг учун ҳам файлларнинг энг муҳим жиҳати — уларни очиш ва кўриш мумкинлиги. Акс ҳолда файл нуллар ва бирлар кетма-кетлиги ёки яроқсизлигича қолаверади.

Файл ва ҳужжат — битта нарсами?

Дискдаги номи ва манзили мавжуд исталган кетма-кетлик файл деб аталади. Файл шифрланган (оддийроқ айтганда қулфланган) ва очилмаётган бўлса, ичида бузилишлар ёки бўшлиқ бўлса ҳам барибир файллигича қолади.

Ҳужжат бу — фойдаланувчи учун бирон бир аҳамиятга эга, очиб, унга онгли равишда ўзгартириш киритиш мумкин нарса. Дейлик, сизнинг Word форматидаги рефератингиз — сиз учун ҳужжат, компютер учун — файл.

Солиштириш учун: Microsoft Word дастурининг тизим кутубхонаси — ҳужжат эмас, оддий файл. Сиз уни оча олмайсиз, бироқ Word дастури ишлаш учун ундан фойдаланади.

Телефон ва планшетларда файллар қандай сақланади?

Буларда файлларнинг сақланиши худди компютердаги каби бўлади, фақат файл тизими (ички ташкиллаштириш усули) фарқланади. Файл тизимлари ва улар қандай бўлиши ҳақида кейинги мақолада гаплашамиз.

Манба: thecode.media

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг