Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cобиқ президентлар, қўлига чип ўрнатилган одам, сунъий интеллектни танлаган 77 ёшли отахон... (видео)

Жаҳон майдонида Ўзбекистон Республикасининг брендини “Минтақавий IТ-марказ” сифатида тизимли тарғиб қилиш ҳамда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Digital Leadership Uzbekistan 2023” халқаро форумини Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов очиб берди.

Форум очилишида 300 дан зиёд BPО ва IТ-аутсорсинг компаниялари, хорижий ташкилотлар, тадбиркорлар ҳамда бутун дунёдан 20 дан ортиқ спикерлар иштирок этишди.

Спикерлар ушбу форум Ўзбекистонда ўз бизнесини дунёга намойиш этмоқчи бўлган компаниялар учун муҳим тадбирлардан бири эканлигини мамнуният билан қайд этишди.

Нуфузли тадбир “Huawei” компаниясининг минтақавий офиси, “ZTE” компаниясининг BPО маркази, шунингдек, “VEON”нинг янги бизнес йўналиши ҳамда “Ачария” университетининг очилиш маросимларига уланиб кетди.

“Digital Leadership Uzbekistan 2023” халқаро форуми доирасида бир қатор сессиялар ҳам ташкил этилди.

Жумладан, “Қандай қилиб 2030 йилга қадар BPO ва IТ хизматлари аутсорсинги орқали 5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги экспортга эришиш мумкин?” мавзусида панел муҳокамасида ўз соҳасида кўп йиллик тажрибага эга, малакали хорижий экспертлар иштирок этишди.

Шунингдек, “Ўзбекистон венчур капитали экотизими: халқаро стратегияларни кўриб чиқиш ва амалга ошириш” мавзусидаги сессия доирасида бир қатор хорижий экспертлар иштирокида “Ўзбекистонда рақамли трансформацияни ривожлантиришнинг кейинги истиқболлари ва халқаро молия маркази ташкил этишнинг афзалликлари” ва “Марказий Осиё тадқиқотлари: Ўзбекистонда ва хорижий мамлакатларда венчур капитал салоҳиятини ошириш” масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро форум доирасида “Хотин-қизларни IТ соҳасига жалб қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича жаҳон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ҳам ташкил этилган бўлиб, унда бир қатор хорижий экспертлар бир қаторда GAP аёллар клуби аъзолари ҳам иштирок этишди. IТ соҳасига хотин-қизларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ташкил этилган мазкур сессияни Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова очиб берди. Иштирокчилар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Исроил каби мамлакатларнинг тажрибаси, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси режалар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

IТ-кўникмаларга глобал талаб: IТ-таълимга сармоя киритиш орқали эҳтиёжларни тўлдириш мавзусида ташкил этилган EdTech сессиясида эса АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Бангладеш, Жанубий Корея ва Хитой Халқ Республикасидан келган халқаро экспертлар IТ-таълимни ривожлантириш, соҳада истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш каби мавзулардаги тақдимотлари билан иштирок этишди ва панел муҳокамаларида ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашишди.

"Digital Leadership Uzbekistan 2023” халқаро форуми доирасида ташкил этилган навбатдаги сессияда “Сунъий интеллект соҳасидаги этика ва тартибга солиш масалалари” ҳам муҳокама қилинди.

“Рақамли Ўзбекистон-2030“ стратегияси доирасида электрон ҳукумат тизимини жорий этиш“ мавзусида ташкил этилган GovTech сессиясида эса Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистонда электрон ҳукумат йўналишидаги муаммо ва ечимлар борасида ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Шунингдек, сессия давомида хорижий экспертлар иштирокида давлат бошқаруви органларини рақамлаштиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли режалар ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро форумга ташриф буюрган хорижлик ва маҳаллий меҳмонлар орасида бир отахон эътиборимизни тортди ва уни суҳбатга тортдик. Ҳикматилло ота ЭҲМ йўналишида таълим олган эканлар. Эътиборлиси шундаки, 77 ёшли отахон Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида дарс берар эканлар! Спикерлар инглиз тилида суъний интеллектда эришилган ютуқлар, янгиликлар ва долзарб масалалар юзасидан тақдимот қилар экан, Ҳикматтило ота ҳам зарур фактларни қизиқиш билан ёзиб ола бошладилар. Ҳа, “бешикдан то қабргача илм изла", деганлари айни ҳақиқат. Ҳикматилло ота эса бу борада бизга чинакам ибрат бўлдилар, десак муболаға бўлмайди.

Иштирокчиларни Ўзбекистонда IТ соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар билан таништириш ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш мақсадида ташкил этилган ушбу форум хорижлик меҳмонларда ҳам илиқ тассуротлар қолдирганига шубҳа йўқ.

Эъзоза Турғунова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг