Ахборот технологиялари — 2016 йилдан буён ўртача ойлик маош энг юқори ўсган соҳалардан бири
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2016 йил нархларига нисбатан Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида реал ойлик маошнинг ўсиш суръати таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, қуйидагилар аниқланди:
Таҳлил қилинаётган давр мобайнида молия (167,5 фоиз), ахборот технологиялари — IT (91,0 фоиз), соғлиқни сақлаш (44,2 фоиз) ва логистика (40,0 фоиз) каби соҳаларда реал ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори ўсиш суръати кузатилган.
Реал ўртача ойлик иш ҳақи савдо (0,2 фоиз), қурилиш (16,0 фоиз) ва санъат (17,1 фоиз) каби тармоқларда нисбатан секин ўсган.
2016 йил нархларига нисбатан реал иш ҳақи 52,6 фоизга ошган.
Рақамлаштириш ва бозор муносабатларининг жадал ривожланиши шароитида меҳнат ресурсларининг мобиллигини ошириш жуда долзарб аҳамиятга эга. Бугунги кунда касбни ўзгартириш оддий ва камхаражат ҳодиса.
МҲТИ мутахасcислари молия, IT ва логистика каби соҳаларда ўқитишни таклиф қилувчи 45 та таълим маркази фаолиятини таҳлил қилди. Таҳлил натижаларига кўра қуйидагилар аниқланди:
Молия курсларининг ўртача давомийлиги 4 ойни, ойлик тўлов миқдори эса ўртача 1 млн. сўмни ташкил этади. Шундай қилиб, молия мутахассислиги бўйича ўқиб, ушбу соҳада ишга жойлашганлар ўртача 4 млн. сўм сарфлаб, кўпи билан 1,5 ой ичида таълимга сарфлаган харажатини қоплай олади (шахсий харажатларни ҳисобга олмаган ҳолда).
IT курсларининг ўртача давомийлиги 6,5 ойни, ўртача тўлов миқдори ойига 1,5 млн. сўмни ташкил қилади. Бинобарин, ишга қабул қилинганидан сўнг, ўқитиш харажатлари ўртача 2-3 ой ичида қопланади.
Диспетчернинг ўқиш муддати ўртача 1 ойни, курсларнинг нархи эса ўртача 2,3 млн. сўмни ташкил этади. Баъзи ўқув марказлари курсларни аъло натижалар билан тугатган битирувчиларга иш ўрни ҳам таклиф этади. Бугунги кунда логистика соҳаси мутахассислари ўртача 6 млн. сўм ойлик маош олади. Уларнинг аксарияти масофадан туриб ишлайди.
Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни тезкорлик билан эгаллаш ва бунинг учун ўқув курсларида таҳсил олиш турмуш шароитини яхшилашдаги энг муҳим омил бўлиши мумкин. Бунда давлат томонидан ўқув курслари учун субсидиялар ва имтиёзли кредитларнинг ажратилиши масаланинг ярмини ҳал қилади, лекин шу билан бирга ҳар бир инсон касб ва соҳани танлашда имкониятларнинг кенглигини англаши ва кўзланган мақсад сари интилиши даркор. Бу жараёнда уни атрофидаги ҳамкасблари ва оила-аъзоларининг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter