Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тажрибани орқасидан югур... (видео)

Жаҳонгир Раҳмонов

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетини тамомлаган.

Талабалик пайтида “Global Solutions”, “Shift Technologies” вa “Newmax” каби компанияларда ишлаган.

Университетни тамомлаб, “Super Dispatch” компаниясида 3 йилга яқин меҳнат фаолиятини олиб борган.

2019 йил охирида “Delivery Hero” компаниясида ишлаш учун Германияга кўчиб ўтади.

Орадан икки йил ўтиб, “Anaconda” компаниясида фаолиятини давом эттиради.

Ҳозирда “Аmazon”да иш фаолиятини бошлаш тараддудида.

У иш фаолиятини бошлаганда, бирданига натижага кўз тикмади, балки жараёнга ишонди! Орадан йиллар ўтди. Тинимсиз изланишлар ва турли жараёндан олинган тажрибалар унга нуфузли компанияларда ишлаш имконини берди. Бироқ, у бугунга қадар эришганларини чўққи санамайди! Унинг учун бу навбатдаги жараён ва меҳнати натижаси, холос! Олдинда эса уни “Аmazon” компаниясида янги жараёнлар кутмоқда!

Қуйида Жаҳонгир ўзи ҳақида ҳикоя қилади:

– Дастурлаш соҳаси бўйича 2013 йилдан бошлаб ўқийман. Лекин иш фаолиятим  2014 йилнинг ёзида бошланган. Ўшандан бери ҳар хил компанияларда ишлаб келаман.

Anaconda” компаниясида биз Data Says дастурлаш тури  бўйича  пакетларни ишлата олишлари учун инструмент(восита қурилма)лар тайёрлаб бериш билан шуғулланамиз. Ундан ташқари, хавфсизликка жуда ҳам катта эътибор берадиган компаниялар учун Enterprise-(корхона) даражасидаги инструмент (восита қурилма) ларни қуриб берамиз.

Anaconda”дан кетишимни сабаби, биричидан, “Аmazon”дан таклиф олдим. Биз ёшлигимиздан бери “Аmazon”, “Google”, “Facebook” каби номдор компанияларга ишга киришни хоҳлардик. Иккинчидан, касбий жиҳатдан ўзимда турғунликни пайқаб қолдим, ўсиш тўхтаб қолди. Хуллас, “Anaconda”да ўзим хоҳлаганчалик тез суръатда ўсолганим йўқ. Бошида ҳаммаси жуда ҳам яхши эди, лекин бир ярим йил ичида:“Анаконда” дан кетсам, менимча, яхшироқ, тезроқ ўсаман!” деган сабаб, фикр билан у ердан кетишга қарор қилдим! Одатда, бирорта компанияда фаолиятимни бошласам, астойдил яхши ишлашга ҳаракат қиламан. Компанияга ёқиш мақсадида эмас, ўзимни кўнглим тўлиши учун! Агарда яхши ишлолсам, у ердан  кетиш қийин бўлади. Менежерлар тўхтатишга ҳаракат қилишади, ўзим ҳам кетишга иккиланиб тураман. Чунки, ўтган йиллар давомида шу компанияга меҳр берган бўласиз-да.

Бизни маҳсулотни компаниялар ўзларининг алоҳида серверларига ўрнатиб олиб, фойдаланишади. Бу дегани, бизнинг маҳсулотни кўпгина ўрнатилган вариантлари бўлиб, ҳар битта вариантни юз, икки юз, нари борса, икки мингта одам ишлатарди. Бу жуда ҳам оз кўрсаткич! Дастурчиликни backand қисми билан шуғулланаман. Backand дастурчи учун иложи борича кўпроқ фойдаланувчи бўлса, request-(сўров) ҳам тез жадаллашади ва унинг қамрови кенгаяди. Request-(сўров)лар сони миллион, миллиардга етганидагина, бизнинг билимимиз ҳам янада ошади. Чунки, мингта фойдланувчи учун ёзилган ечим – код миллионта фойдаланувчи учун ишламайди. Фойдаланувчилар сони ошгани сари ҳар бир миқдор кўрсаткичи учун алоҳида ёндашишга тўғри  келади. “Anaconda”да  айни шу вазият билан боғлиқ масала  кўндаланг бўлиб, компания маҳсулотидан фойдланувчилар сони сал камроқ эди. “Аmazon” эса аксинча, сония қадар request келиб тушади. Унга умуман бошқача, қийин муҳандислик ечимларини топишга тўғри келади. Натижада дустурчиларнинг ҳам мавқеи  анча ошиб кетади.

 “Аmazon”га икки марта интервью топширганман. Биринчисида ўтолмаганман. “Аmazon”дан “йиқилсангиз”, сизга бу ҳақида ҳеч қандай feedback – сабаб, муносабат билдиришмайди. Компания масъули “Ўзингни устингда ишла, яна бир йилдан кейин қайта топшириб кўр!” дейди, холос. “Аmazon” мен интервьюсидан ўтолмаган ягона компания эмас.

            Ҳамма компанияларда интервью натижаси “Thank you…” дея бошланиб, эълон қилинади. Юборилган электрон хабар “Thank you…” билан  бошланса, билингки, ижобий натижадан умид йўқ! Бу сафар ҳам яна аввалгиларидек “Thank you…” дея бошланди. Бироқ, мен бу гал интервьюдан ўтгандим! Тахминим бўйича, Америка билан Европа маданияти орасида фарқ бўлдимикин, деб ўйладим. Сабаби, охирги пайтда мен европаликлар билан кўп ишлагандим, аввал эса иш юзасидан америкаликлар билан кўп мулоқот қилардим. Фарқни шунда кўрдимки, демак, ҳамма “Thank you…” деб  бошланувчи жавоб номалар ҳам рад жавобни изоҳламас экан. Менга интервью натижасини айтиш учун қўнғироқ қилган компания элчиси аввалига, хафароқ ҳолатда “Thank you…” деди-ю, сўнг  кутилмаганда, овозини  хурсанд кайфиятга созлаб,  баралла  “Табриклайман!” дея мақсадга ўтди.

            Ўзбекистонга келиб кўрдимки, ўтган уч йил давомида IT соҳаси анча жадал суръатда ривожланибди. Ҳозирда Германияда яшаб, фаолият юритсам-да, Ўзбекистоннинг IT соҳаси манзараси, янгиликларидан ижтимоий тармоқ орқали доим хабардорман. Бугун кунда Ўзбекистонга EPAM ва унинг қаторида турувчи бир нечта донгдор компаниялар кириб келибди. Мазкур компанияларнинг офисларига ҳолатни кенгроқ ўрганиш мақсадида бориб, дастурчи, менежерлар билан суҳбатлашдим.  

Келажакдаги энг катта мақсадим – ITни таълим йўналишида қўллаш. Чунки, ўзбек тилида айнан, таълим соҳасида контент инглиз, рус тилига солиштирадиган бўлсак, анча оз. Айниқса,  геймификация деган ёндашув борки, ана шуни  IT билан бирлаштириб, таълим йўналишига қўлласа, жуда катта натижа беради, деган фикрлар билан юрибман ҳозир. Масалан, шу йўналишда Duolingo деган битта зўр илова бор. Бу илова тилларни геймификация  орқали ўргатади.

Университетда инглиз тили фанидан listening – эшитиш қобилиятимизни кучайтириш учун ўқитувчимиз Муҳаммадали ака бизга ҳар хил ҳужжатли фильмлар  кўрсатардилар. Шулардан биттаси, “Google” ни офислари ҳақида эди. Ўн беш ёшли бола учун бу Вау-эффектни берган ва мен бир кун келиб, ана шу жойда ишлайман, дея хаёл қилганман. Гарчи, ҳали ўша пайтда дастурлаш соҳасини билмасам-да! Ўша кезлари мен келажакда иқтисодиёт, бухгалтерия соҳалари билан шуғулланаман, деб юрардим. Лекин “Google” ҳақидаги ҳужжатли фильмни кўрдим-у, фикрим ўзгарди, IT соҳасига бурилиш қилдим! Иккинчи босқичдан IT йўналишига ўтдим. Қолаверса, IT соҳасини танлашимга яна бир воқеа туртки бўлган. Биринчи босқичда ITдан  сабоқ берувчи Василий Кузнецов исмли ўқитувчимиз бўларди. Унинг харизмаси, фанни тушунтириш борасидаги ўзига хос услуби бизни  ITга кескин буриб юборганди. Ундан жуда миннатдормиз! Ўқитувчимиз бир куни дарсга биз талабалар учун  ITга оид қалин бетли ноёб китобни олиб келди. Китоб номи "Si, Al, Ar, Es" бўлиб, бу ном тўрт кишидан иборат ҳаммуаллифлар исмининг бош ҳарфини англатарди. Василий Кузнецов “Агар шу шу китобни 20 бетини бир йил ичида ўқиб тугатсанглар ва тушуна олсанглар, сизлардан 100 балл айлансин!” дея ваъда қилди. Бу ўқитувчини ҳали яхши танимайдиган биз ғўр талабалар унинг гапларини ҳазилга йўйишга йўйдик-ку, бир томондан қизиқиш кучлилик қилиб, кутубхонага чопдик. Шунча тиришсак ҳам, китобнинг 20-бетигача етиб боролмадик ва ўшандагина устозимизни аслида нимани назарда тутганлигини яхши тушундик. Қизиқишимиз борган сари ортиб, Василий Кузнецовни учратиб қолгудек бўлсак, “Бу китобни тугал ўқишни сири нимада? Қандай қилиб, 20 бетини ўқишни уддалолсак бўлади?” дея ҳол-жонига қўймасдик. Ўйламанг, фақатгина аъло баҳодан умидвор бўлиб бунчалар елиб-югурмадик. Бу китобни сири шунда эдики, уни ўқиб, мағзини чаққан киши  “Google”, “Аmazon” каби нуфузли компанияларда  ишлай олиш эҳтимоли катта эди.

Интервьюлардан “йиқилиш” жараёнига таҳлилнинг равшан кўзи билан тўхталадиган бўлсак, одамлар бир нарсани яхши тушуниб олишлари керак. Шунда вазиятдан тўғри хулоса қилиш мумкин бўлади. Яъни, интервьюдан “йиқилдинг”, дегани сен яхши мутахассис эмассан, дегани эмас! Шунчаки, ўша компания таклиф этган вакансияга сен тўғри келмадинг, дегани холос!

Мен ҳам кўп бор кўп интервьюлардан ўтолмадим, тўғри! Лекин бунинг маълум асосли сабаблари ҳам бор-да! Компания вакиллари аввалига, мавжуд вакансия ҳақида бошқача маълумот айтиб беришди-да, бироқ кейин интервью давомида менга буткул бошқа мавзудаги саволлар билан юзланишди. Масалан, дейлик, мен шифокорман, лекин улар мендан бино қуриб беришимни сўрашгандек гапда худди.

Яқин келажакдаги режаларимдан яна бири бу – “Аmazon”да бир ярим, икки йил ишлаб, сениор даражасига кўтарилиш, чунки, мен “Амазон”га мидле даражасида ишга қабул қилиндим. Ҳар сафар иш жойимни алмаштирганимда, доим шунақа ҳолат бўладики, бир компанияда сениор даражасига кўтариламан-да, бошқа компанияга ўтгач, фаолиятни яна мидле даражасидан бошлайман. “Аmazon” да ҳам сениор даражасига ўтганимдан кейин менга кўпгина эшиклар очилади, деб ўйлайман. Чунки, ”Аmazon”ни таржимаи ҳолдаги кучи жуда ҳам катта!

Ҳозирда IT соҳасини Ўзбекистондаги ривожланиш суръатини кўриб, тез орада Ватанга қайтиб, лойиҳалармини балки шу ердан туриб ҳам амалга оширишим мумкин, деган фикрим ҳам йўқ эмас.  

Кўпчилик ёшлар билан гаплашганимда, келажак режалари ҳақида тасаввурлари йўқ ҳисоб. Ўзига, ўз имкониятларига нисбатан ишончлари йўқ!  Ичларида ишончдан кўра “Сиз  “Аmazon”га ишга кирдингиз!  Мен ҳам у ерга ишга  кира олармиканман? Шунча куч, вақт сарфлаганимга яраша натижа бўлармикан-а?”деган иккиланиш устун. Шунақа ёшларга бир гапим бор: Trust the process! Яъни,  жараёнга ишон! Сен ўз устингда ишлайвергин, натижа бўлиши аниқ! Қандайлигини олдиндан айтиш мумкинмас! Лекин жараёнга ишониш керак!

Тажрибани орқасидан югур, пулни эмас! Карьера муқаддимаси ёш танламайди!   Чекинга тушдими, демак, айни вақти!

Лобар Қобилова суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг