Робот VS инсон: меҳнат бозорида ким ғолиб?
Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” номли жиддий комедиясида ўзбек хонадонида “жон берган” робот-аёл қаҳрамон қилиб олинганини яхши биласиз. Демак, инсон сабр-матонати олдида робот ожиз, баъзан эса инсон робот эмаслигини, имкониятлари чегараланганини ҳис қилади.
Бугунги меҳнат бозорига назар ташласангиз, баъзи ўринларда инсон ва робот баҳсга киришаётгандек, рақобатлашаётгандек гўё. Айниқса, йирик компаниялар ўз фаолиятига робототехникани фаол жалб қилгани учун иш ўринлари сезиларли даражада қисқарди. Автоматлашиш жараёни, вазифаларнинг техникага юклатилиши ақлий ҳамда жисмоний меҳнатни камайтириб, ишчиларга эҳтиёж пасайди. Сунъий интеллект ҳаммасини ҳал қила бошлади.
“Робот инсондек бўла оладими?” саволи аллақачон эскирди. Бугунги кун саволи: “Қандай ишлар инсон масъулиятини талаб этади?”. Замонавий инсонларда робот ва компьютерга ишонч юқори. Чунки улар ақлий вазифаларни ҳам яхши уддалашини исботлади.
1990-йиллардаёқ ипотека кредитлари соҳасида компьютер дастурлари ишчилардан ортиқ босимда ишлай олди. Кейинчалик кўп маош оладиган кучли мутахассисларнинг ишини компьютерлар бажариши осонга ва арзонга тушди.
2020 йилда дунё бўйлаб пандемик шароит ҳукм сургач, роботлар меҳнати янада қўл келди. Барча мамлакатларда “Уйда қолинг” ҳайқириғи янграганида профилактик чоралар роботларга тегишли бўлмади, албатта. Эпидемия ўчоғи бўлган Хитой Халқ Республикасида аввалдан робототехника самарали йўлга қўйилгани учун пандемик инқироздан осон ва эрта фориғ бўлди.
Forbes фаразларига кўра, робототехника ривожи инъикосида ҳозирда мавжуд касбларнинг 57 таси 2030 йилгача йўқ бўлиб кетади. Аммо, шу билан бирга, 186 та янги касблар пайдо бўлади. Raconteur тадқиқотларидан АҚШ ва Европада иш вақтининг 48 фоизи қўл меҳнатига сарфланиши маълум бўлди, 2030 йилда ушбу кўрсаткич 35 фоизга ўзгариши кутилмоқда.
Ривожланган мамлакатлар тиббиётга ҳам роботлар меҳнатини олиб киришдан иккиланмаяпти. Масалан, ичагида шиш бор бемор жарроҳга умидвор боқишга мажбур эмас, махсус қурилма (робот-шифокор) орқали ўзини ўзи операция қила олади. Киндигига ўрнатилган зарур асбоблар жарроҳлик амалиётини хавфсиз олиб боради. Техниканинг ушбу мўъжизасига эришган халқлар энди никоҳ тўйига оператор ва сураткаш ҳам ёлламай қўйди. Махсус аппарат (робот-оператор) базмни бошдан оёқ ва турли нуқталардан тасвирга тушира олади. Кийимни бозордан танламайди, балки матодаги ранг ва суратларни ўзи яратиб, матога тушириш имконига эга. Сизни манзилга элтадиган робот-ҳайдовчи тезликни оширмайди, қоидани бузмайди, шахсий ҳаёти йўқлиги учун асабийлашиш ва аламини рулдан олиш ҳақида-ку, гап бўлиши мумкин эмас. Бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин, бир сўз билан айтганда робот ва техникаларнинг иши мижозларга кўпроқ манзур бўлаётгани айни ҳақиқат.
Демак, инсонга ҳам робот билан мулоқотлашиш қулай, кундалик ҳаётида роботдан фақат фойда кўради ва дўст тутинади. Меҳнат бозоридагина улар рақобатлашадилар ва аламли мағлубиятдан роботларга ёв қараш қилишлари мумкин. Аламзадалик билан қорин тўйдириб бўлмаслигини тушунган ходимлар эса ахборот технологиялари соҳасига чуқур киришиб, ўз соҳаларига оид ихтиролар яратиш ёки борларини такомиллаштиришга киришмоқдалар. Мана бу – ақлли қарор. Бошқача қилиб айтганда, робот деб ишсиз қолган бўлса, энди ўзи роботларни ишга олади. Шунда меҳнат бозори ҳам жозибадорлашади, мамлакатларда ишсизлик муаммоси бартараф этилади.
“Тайёр бўлмасликка тайёр тур” нақли нақадар ҳақиқат. Замон ўзгариши инсонларни ўзи кутмаган кўйларга солиши муқаррар. Ҳар қандай вазиятга мослашиш одамзоднинг тақдирига битилган ҳукм. Оқилона қарорларгина мағлубиятдан қутқариб, ривожланишга юз туттириши мумкин.
Аслида инсон олий мавжудот эканлигини ҳис этган ҳолда роботни ўзи билан рақобатчи эмас, балки кўмакчи дея қабул қилиши тўғрироқ бўлади. Ҳар қандай замонда инсоннинг қобилиятлари бебаҳолигича қолаверади, зеро робототехника ҳам инсон интеллектининг маҳсулидир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter