Ўзини севган аёл севилади
Инсон борки, меҳрга ташна. Айниқса, аёл киши муҳаббат оғушида яшашни хоҳлайди. Нозик жинс вакиллари айнан эътиборсизлик, севилмасликдан кўплаб касалликларни орттириб олишади. Бачадон билан боғлиқ касалликларнинг психосоматикаси ҳам кутиш оғриқлари, меҳр танқислигига бориб тақалади.
Севимли бўлишнинг сири нимада? Аввало – аёлнинг ўзига нисбатан муҳаббати. Ўзини севолган аёл атрофдан ҳам муҳаббат қабул қилишга қодир ва мойилдир. Чунки ҳаёт бумеранг қонуни асосида қурилган. Ўхшаш нарсалар тортилади. Бошқача айтганда: Ҳар ким экканини ўради.
Ўзини севиш бир зумда ҳал бўладиган масала эмас. “Мен ўзимни севаман”, деган билан иш битмайди. Буни мақсад қилган аёл, аввало, ўзини англаши, баҳолаши, ҳурматлаши ва парваришлаши лозим. Бу босқичларга амал қилмай севиш нотўғри севишдир. Ўзини англаб, такомиллаштирадиган нуқталарни топиш ва улар устида ишлаш чин маънодаги севгига йўл беради.
Ўзингизни севмоқчимисиз? Унда бахтингизни ўзгаларда кўрманг, сизни тўлдирувчи йўқ, ўз бахтли ҳаётингизга ўзингиз масъулсиз. Кимнингдир ҳозиргидан бошқача бўлиши сизни бахтли қилиб қўймайди, уларни ўзгартиролмайсиз ҳам. Ўзгартиришингиз мумкин бўлган ягона инсон – ўзингиз!
Бошқалар билан солиштириш ҳам ўзига нисбатан муҳаббатни емирувчи омиллардан биридир. Ҳаёт – имтиҳон, ҳар кимга ҳар хил савол берилган, инсонлар эса буни англамаган ҳолда бировнинг жавобини кўчиришга уринадилар. Ҳаётни трафарет деб билманг ва тақдирингизга рози бўлинг. Бу ўзингизни севишингизда катта ёрдам беради.
Сизга солиштириш ёқса, ўзингизни ўзингиз билан солиштиринг. Ҳозир аввалгидан кўра такомиллашгандирсиз, балки. Бир йил олдин тарозида оғирроқ келгани ва бугунги кунда идеал вазнга эгалиги, беш ой бурун руҳий тушкунликда экани, айни дамда кайфияти аълолиги аёл учун тўғри солиштирувдир.
Ўзига нисбатан муҳаббатнинг турлари бир қанча: танасини севиш, руҳиятини севиш, онгини севиш. Танасини севган аёл соғлом турмуш кечиради, тўғри овқатланади, вақтида тиббий кўриклардан ўтади, ўзида мавжуд касалликларни даволашга эътиборли бўлади. Руҳиятини севиш ўз устида ишлаш, ижобий фикрларни кўпайтириш, одамларни кечира олиш кабиларда намоён бўлади. Онгини севиш бекорчи маълумот ва ғийбатлардан йироқ бўлиш, сифатсиз сериалларга муккасидан кетмаслик, ижтимоий тармоқларга қарамликдан ўзини тийишдир. Муҳаббатнинг бу уч турига қалбидан жой ажратолган аёл ҳаёти гўзал бўлишига ишонч юқори.
Кимки ўзини севса, фазилатларини тан олади ва бу учун ўзини рағбатлантира олади. Рағбатлантириш моддий ёки маънавий кўринишда бўлиши мумкин. Ўзингизга атаб бирор совға тайёрлашингиз, ҳеч бўлмаса ўзингизни мақтаб қўйишингиз рағбат вазифасини бажаради ва ғалабалар бардавомлигини таъминлайди.
Кутиш – оғриқ. Ҳеч қачон атрофдан, яқинларингиздан ниманидир кутманг. Ўзини севувчи аёл орзаларига ўз кучи билан эришади, рўёбини бошқалар гарданига ташлаб қўймайди.
Ўзини севган аёл муҳаббат атирига чўмилгандек, гўё. У ўзидан шундай ифор таратадики, барча самимий туйғулар у томон ёғилиб келаверади. Муҳаббатли аёл бахт, омад, барака, даромадга очиқ бўлади.
Биласизми, ўзига нисбатан муҳаббат танқислиги эркаклардан кўра аёлларда кўпроқ кузатилар экан. Кучли жинс вакиллари романтикага ўч эмасдек кўринганлари билан ўзларини қадрлашни аёлларга қараганда яхшироқ уддалар эканлар.
Депрессиядаги аёлга психологнинг тавсияси бир: “Ўзингни сев!”. Ўзини олий мавжудот сифатида англаган, жамият ва оиладаги ўрнидан қониққан, аёллик, оналик, опалик, сингиллик, қизлик мавқеидан севина олган аёл ўзини севади ва бу орқали нафақат аъло кайфият, балки жиддий касалликлар профилактикасини таъминлаган бўлади.


Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter