Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Xsolla” Ўзбекистонда ҳамкорлик имкониятларини ўрганмоқда

“Xsolla” Ўзбекистонда ҳамкорлик имкониятларини ўрганмоқда

Видео ўйинлар саноати учун етакчи глобал бизнес ечимлар таъминотчиси “Xsolla” “Global Business Services Forum” доирасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Ўзбекистон GameDev  бозори билан ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга киришди. Абдулаҳад Кучкаров бошчилигидаги IT Park Uzbekistan  вакиллари билан бўлган учрашувда маҳаллий истеъдодларни ўқитиш ва минтақанинг ривожланаётган ўйин саноатини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда Ўйин ишлаб чиқариш академиясини ташкил этиш имконияти муҳокама қилинди.

Учрашувда “Xsolla” компаниясининг Глобал стратегик ҳамкорлик ва давлат органлари билан ўзаро алоқалар бўлими раҳбари Ритис Жозеф Ян ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиёда бизнесни ривожлантириш бўйича катта вице-президент Анатолий Струтинский иштирок этдилар.

2005 йилда асос солинган ва бош қароргоҳи Калифорниянинг Шерман-Оукс шаҳрида жойлашган “Xsolla” турли платформаларда ўйинларни молиялаштириш, ишга тушириш ва монетизация қилиш учун ишлаб чиқувчилар ва нашриётчиларга воситалар тақдим этиш орқали видео ўйинлар саноатининг асосий иштирокчисига айланди. Компаниянинг йиллик даромади 100 миллион доллардан ошади ва ходимлар сони бутун дунё бўйлаб 490 дан ортиқ мутахассисни ташкил этади.

Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган АйТи-сектори ва малакали мутахассисларнинг мавжудлигини инобатга олган ҳолда, “Xsolla” ўзининг глобал фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун мамлакат имкониятларидан фойдаланишга қизиқиш билдирди. Компания, шунингдек, Ўзбекистон бозорига киришни осонлаштириши мумкин бўлган турли хил давлат қўллаб-қувватлаш дастурларини, жумладан хорижий инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган “Zero Risk” ташаббусларини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистонда академиянинг очилиши маҳаллий иқтисодиётга сезиларли фойда келтириши, иш ўринларини яратиши ва мамлакатдаги АйТи-мутахассисларининг малака даражасини ошириши мумкин.

Музокаралар давомида томонлар ҳамкорликни расмийлаштириш ва келажакдаги истиқболларни ўрганиш мақсадида ўзаро англашув меморандумини (MoU) имзолашга келишиб олдилар.

Маҳаллий истеъдодларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш орқали “Xsolla” бутун дунё бўйлаб ўйин ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вазифасини давом эттириш ниятида, шу билан бирга Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган технология саноатига ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг