Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Туркия АйТи соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Ўзбекистон ва Туркия АйТи соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация айни кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳрига хизмат сафарини амалга оширмоқда. Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасида АйТи соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилишни кўзда тутади.

Делегация сафар давомида Туркиянинг йирик компанияларидан бири – “Al Bayrak Group” бошқарув аъзоси Месут Албайрак билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашувда компаниянинг техник директори Эрдал Налбант томонидан тақдимот ўтказилиб, “Al Bayrak Group” фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Учрашув давомида Шерзод Шерматов Ўзбекистонда АйТи соҳаси учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Маълумот учун, “Al Bayrak Group” 1952 йилда Туркияда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 80 дан ортиқ компанияга эга ва кўчмас мулк, логистика, оммавий ахборот воситалари, саноат ва туризм каби 20 дан ортиқ соҳаларда фаолият олиб боради.

Учрашувда Ўзбекистоннинг IT Park фаолияти ҳақида тақдимот ўтказилиб, “Zero Risk” дастури тақдим этилди. Шунингдек, Ш. Шерматов Ўзбекистонда АйТи мутахассисларининг хорижий тилларни, жумладан, турк ва инглиз тилларини яхши билиши ва уларнинг салоҳияти ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди. Музокаралар натижасида Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ва “Al Bayrak Group” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, “Al Bayrak Group” Ўзбекистонда ўз ишлаб чиқариш офисини очиш ва янги АйТи-ечимларни ишлаб чиқиш учун маҳаллий АйТи мутахассисларни ёллашни режалаштирмоқда.

Делегация, шунингдек, Туркиянинг “Teknopalas” ва “AsirDX” каби АйТи компаниялари раҳбарияти билан учрашди. Мазкур компанияларга IT Park фаолияти, дастурлари ва имтиёзлари ҳақида маълумот берилди.

“Teknopalas” компанияси 2005 йилдан буён RFID ва IoT технологиялари соҳасида юқори технологияли ечимлар ишлаб чиқариб келмоқда. Учрашувда компания вакиллари Ўзбекистонда офис очиш ва IT Park резиденти мақомини олиш учун ариза топшириш режалари борлигини маълум қилди.

“AsirDX” компанияси билан ўтказилган музокарада ахборот технологияларининг жаҳон иқтисодиётига таъсири, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида технологик ечимлар экспортини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида компаниянинг Ўзбекистонда шоъба корхонасини ташкил этиш ва Осиё мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш масаласи кўриб чиқилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг