Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШнинг Яле университети билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди

АҚШнинг Яле университети билан ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг нуфузли Яле университети профессори Жинг Тсу бошчилигидаги делегацияси билан учрашув ўтказди ҳамда унда бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамли трансформациялар ҳақида гапириб, давлат хизматларини рақамлаштириш, жумладан, бу борада эришилган ютуқларга тўхталиб ўтилди. Шунингдек, рақамли давлат хизматларининг молиявий тизимлар билан интеграцияси орқали фуқаролар ва бизнес вакиллари учун яратилган қулайликлар таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, вазир минтақавий ҳамкорлик ҳақида гапириб, Ўзбекистоннинг IT Park ва Қозоғистоннинг Astana hub ҳамкорликда ишлаётганини, Марказий Осиёни ягона АйТи ҳудуд сифатида илгари суриш мақсадида халқаро инвесторларга минтақани бир бутун сифатида таништириш муҳимлиги таъкидлади.

Учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистонда яшил энергияга асосланган маълумотлар марказлари лойиҳалари ҳақида маълумот бериб, улар орқали халқаро компаниялар учун жозибадор шароитлар яратилаётганини айтиб ўтилди. Шу билан бирга, мамлакатнинг бизнес жараёнларини аутсорсинг қилишда рақобатбардош имкониятлари, хусусан, АҚШнинг юк ташиш соҳасидаги компанияларига хизмат кўрсатиш учун аутсорсинг марказлари очилишига катта эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, вазир Ўзбекистонда инглиз тилини билиш даражаси ошиб бораётганини таъкидлаб, АйТи таълим тизимини ривожлантиришда инглиз тилининг муҳим рол ўйнашини ва замонавий билимларни олишда тил кўникмаларининг аҳамияти ҳақида гапирди.

Ўз навбатида, АйТи таълим соҳасидаги инновацияларни жорий этиш ва Ўзбекистон ёшларини замонавий таълим билан таъминлашда Яле университети билан ҳамкорлик қилиш муҳим экани таъкидланди.

Яле университетининг тажрибасидан фойдаланиб, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва ўқувчиларни замонавий талаблар даражасида тайёрлашга эътибор қаратиш бўйича таклифлар берилди.

Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Яле университети ўртасида таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлиб, келгусидаги лойиҳалар ва ташаббуслар учун янги имкониятлар яратади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг