Япония Ойга космик қурилмаси қўнган бешинчи мамлакат бўлди
Япония ўз космик қурилмасини Ой сиртига юмшоқ қўндиришга муваффақ бўлди.
SLIM космик аппарати японларнинг Ер йўлдошини забт этиш йўлидаги иккинчи уриниши бўлди. Янги навигация тизими қўл келди: аппарат кичик кратер қиялигида олдиндан танланган жойга бешикаст қўнди.
Охирги пайтларда Ойга қўнишга уринган қурилмаларнинг муваффақиятсизлиги, айниқса, қўнишнинг сўнгги паллаларидаги омадсизликлар сабаб, япон зонди барчанинг диққат марказида турган эди.
2023 йилнинг августида Ойга бориб урилиб мажақланиб кетган “Луна-25” (Россия) ва ундан сал кейин Ойга юмшоқ қўнган “Чандраян-3” (Ҳиндистон) космик станцияларига нисбатан япон қурилмаси кичикроқ — 200 килограмм оғирликка эга.
SLIM Ой моделининг ишлари беш дейишга ҳозирча шошилмаймиз: Кунчиқар юрт фазо агентлиги хабар беришича, қурилманинг қуёш панелларида муаммо чиқибди. Улар ҳозирча ток бермаяпти, модул аккумуляторда ишламоқда.
Япония Ойга космик аппаратини қўндира олган бешинчи мамлакат бўлди, шу пайтгача рўйхатда Собиқ Иттифоқ, АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон бор эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter