Қурилиш соҳасидаги жараёнларни рақамлаштиришга ихтисослашган “SOFTEX” корхонаси хизматларини хорижий бозорларга олиб чиқиш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш бўйича тавсиялар берилди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов IT Park резидентларидан бири — қурилиш соҳасидаги жараёнларни рақамлаштиришга ихтисослашган “SOFTEX” хусусий корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.
“SOFTEX” бугунги кунда қурилиш соҳасидаги жараёнларни инновацион АйТи-ечимлар орқали автоматлаштириш ва оптималлаштириш билан шуғулланмоқда. Ушбу корхона 100 га яқин маҳаллий ёш дастурчини иш билан таъминлаб, уларнинг саъй-ҳаракатлари билан турли хил дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари, платформалар ҳамда стартап лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Ташриф давомида корхонанинг бир қатор муҳим лойиҳалари тақдим этилди, жумладан, уларнинг энг қизиқарли ишланмаларидан бири — УЙ СОТ лойиҳаси катта қизиқиш уйғотди. Мазкур лойиҳа қурилиш соҳасида шаффоф ва самарали савдо жараёнларини ташкил этишга қаратилган бўлиб, уй-жой ва кўчмас мулк савдосида фойдаланувчилар учун қулай имкониятлар яратади.
Вазир Ш. Шерматов УЙ СОТ тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берди. Жумладан, лойиҳа давлат ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилиниши, яъни қурилиш ва кўчмас мулк соҳасидаги бошқа давлат тизимлари билан боғланиши орқали янада кўламли ва самарали ахборот майдони яратиш кераклигини таъкидлади. Бу эса фойдаланувчилар учун жараёнларни осонлаштириш ва маълумотларга тезкорлик билан эга бўлиш имконини беради.
Бундан ташқари, вазир томонидан “SOFTEX” ахборот тизимини хорижий бозорларга олиб чиқиш ва уларнинг экспорт ҳажмини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу борада корхонага бир қатор тавсиялар берди, хусусан, лойиҳа сифатини халқаро талаб ва стандартларга мувофиқлаштириш, хорижий бозорларнинг ўзига хос эҳтиёжларига мослаштириш ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter