Ўзга юртда гадо бўлгунча ўз юртингда айтичи бўл
Айни вақтда ёшларнинг кўпчилиги имтиҳон ташвишлари, талабалик орзуси билан юрибдилар. Шу ой ҳаммаси ҳал бўлади. Албатта, бу ё чикка, ё пукка тамойилига асосланган лотерея ўйини эмас. Қоида оддий: Билими борлар олийгоҳ остонасига қадам қўяди, илм олишга қаратилган интилишлари кифоя қилмаганлар эса йўлнинг бу бетида қолиб кетади. Абитуриентларга омад тилаганимиз билан омад ҳам билимлиларга кулиб боқишини яхши тушунамиз.
Сентябрь аввалида ёшларимизнинг бандлигини тусмоллаб кўрайлик. Бир қисми талабалик бахтидан сармаст ҳолда олий таълим муассасасида таҳсил олишни бошлайди, имтиҳондан йиқилган кўпчилик-чи? Уларнинг олдида келаси ўқув йилида қайта уриниб кўриш, бу учун янада кўпроқ ўқиш ёки талаба бўлиш истагидан воз кечган ҳолда бирор ҳунарнинг бошини тутиш, ишга кириб пул топиш каби вариантлар туради. Ҳа, айтганча, режаларнинг салмоқли қисмини четга ишлашга кетиш ҳам ташкил этади. Хўш, бу қарорга қандай омиллар ундайди?
Мактаб битирувчиси келажакда яхши одам бўлиш, яхши яшаш истагида олий маълумотли бўлишга интилса-ю, бунга эришолмади, дейлик. Орзуларининг «талаба бўлиш» бандига қўл силтагани билан, барибир унда кам-кўстсиз яшаш умиди сақланиб қолаверади. Буни амалга ошириш учун эса мўмай даромад топишга, ўзимизда эмас, четда ишлаб пул топишга ҳаракат қилади. Кимнингдир ўзга юртда омади чопиши мумкин, аммо меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши, инсон сифатида камситилиш, қора терга ботиб тонгдан тунгача ишлаганига яраша ҳақ олмаслик, соғлиғини йўқотиш, ҳатто ёш жонининг завол топиши ҳоллари тажрибада кузатилаётганидан кўз юмолмаймиз.
Ҳеч кимнинг миллатдоши, ватандоши тақдирига бефарқ бўлишга ҳақи йўқ. Шундай экан, хорижда юртимиз номини баланд кўтараётган, чет элда билим ва малака тўплаб ўз юртига манфаат келтираётганларни қўллаб-қувватлаган ҳолда ўзга ерларда машаққат чекаётган юртдошларимиз ҳолидан хулоса чиқариш зарур. «Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл» деган мақолни авваллари кўп ишлатардик. Шоҳ бўлиш майлику-я, ёт тупроқда гадо бўлиш-чи? Ундан кўра ўз юртида кучли мутахассис бўлиб етишишни танлаган афзал эмасми?
Бу борадаги энг яхши ечим қалби нозик, фикри тарқоқ, таваккалчилик хусусиятларга лиммо-лим ёшлик даврини бошдан кечираётган йигит-қизларни ахборот технологиялари соҳасига жалб қилишдир. Кўпчиликда дастурчи бўлиш ёки бу оламнинг бошқа бир йўналишини ўзлаштириш учун ТАТУ ёки ИНҲАда ўқиш керак, деган нотўғри тасаввур бор. Албатта, агар чуқурлаштирилган ва мукаммал илмга даъвогарлар шу каби таълим муассасаларини танлайдилар, лекин талаба бўлолмаган ёшлар учун ҳам ҳамма эшиклар ёпиқ эмас. Муваффақиятсизлик - «бу ерда йўл йўқ» деган ёзувдир. Лекин кўпчилик фақат охирги икки сўзини ўқиб, ёлғон тасаввурни шакллантириб олади.
Ахборот технологиялари шу қадар толерант, қайишқоқ, мослашувчан соҳаки, у дипломлига ҳам, дипломсизга ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам бағрини очаверади. Унинг сир-асрорларини билиб олган ўрта маълумотли мутахассисдан тортиб тўрт девордан ташқарига чиқмайдиган уй бекасигача мўмай даромад соҳибига айланиши мумкинлиги афсона эмас.
Ахборот-коммуникацион технологиялари – ҳам илм, ҳам ҳунар. Уни эгаллаган инсоннинг билими қоғозда қолиб кетмайди, балки кундалик турмушга ярайди, инсонларнинг оғирини енгил қилади, ҳаёт сифатини яхшилайди. Ушбу ҳақиқат бағишлайдиган завқ эса касб эгасининг ўзига нисбатан ишончини оширади, янги марралар сари ундайди. Ишидан кўнгли тўқ, меҳнатига яраша ҳақ олаётган, хотиржам яшаётган одамни худди шу пулни ватан соғинчи ва қора иш билан топаётган яна бир ватандошингиз билан қиёслаб кўринг.
Ёшларда салоҳият етарли, фақат уларнинг ёшлик фаслига хос қизиққонликлари ва ҳассос қалблари шошма-шошарлик билан нотўғри қарор қабул қилишга бошлаб қўйиши мумкин. Шунинг учун ахборот технологиялари оламига чорловни кучайтириш лозим. Маҳалла, мактаб, лицей ва коллежларда, ёшларнинг уюшган жамиятлари ва гуруҳларида таъсирчан тарғиботлар олиб борилса, эртага ўзбек ёшлари ҳам ўзларига ярашган ишнинг бошини тута оладилар. Зеро, улар бунга лойиқлар. Ўзга юртда шоҳ бўлиш ҳам, гадо бўлиш ҳам ўз юртида зўр айтичи бўлишга етмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter