Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга киритган сармоямиз бир йилда ўзини оқлади — IT Parkнинг россиялик резиденти

Ўзбекистонга киритган сармоямиз бир йилда ўзини оқлади — IT Parkнинг россиялик резиденти

Фото: Vc.ru

“Декабрда Тошкентдаги офисимизга 2 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистонда B2B (бизнес учун бизнес)нинг хусусиятлари ҳақида ҳикоя қилмоқчиман: нега бу ерда “йўқ” деган сўзни деярли эшитмайсиз, нима учун мижозларингиз бир-бирлари билан танишишга ошиқишади”. Тошкентдаги «Первый Бит» IT-интегратори офиси раҳбари Виталий Городилов ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, Ўзбекистонда бизнесни йўлга қўйишнинг ўзига хосликларига тўхталди.

Нега “Первый Бит” Марказий Осиё бозорига киришга қарор қилди?

Бизнинг Ўзбекистондаги биринчи лойиҳамиз IPOга тайёрланаётган йирик компанияда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш билан боғлиқ эди. Ўзбекистонда ўз офисимиз йўқ эди, қолаверса, ушбу минтақада хизматларимизни реклама қилмасдик, шунга қарамасдан, Россиядаги сайтимиз орқали Ўзбекистон рақамларидан фойдаланувчиларнинг сўровларини олишни бошладик. Барча сўровлар бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш билан боғлиқ эди.

Эҳтимол, компаниямизга қизиқиш Ўзбекистон ҳукуматининг бизнесдаги яширин иқтисодиётга қарши курашдаги фаол ҳаракатлари сабабли юзага келгандир. Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини тасдиқлаганди, унда МҲХСга ҳам ўтиш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январидан молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар сифатида таснифланган юридик шахслар учун шарт этиб белгиланди.

Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда электрон ҳужжат айланиши босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу ерда (Ўзбекистонда — таҳр.) барча ҳужжатлар, жумладан, солиқ  ҳисоботлари, пенсиялар ва бошқалар электрон шаклда расмийлаштириляпти.

Бугунги кунда электрон ҳужжат айланиши борасида Россия Ўзбекистондан ортда қолмоқда, — Виталий Городилов.

Қонунга кўра, Ўзбекистонда рўйхатга олинган барча ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисоб-фактураларни электрон шаклда расмийлаштиришлари, жўнатишлари ва сақлашлари шарт. Буларнинг барчаси тартибга солинадиган бухгалтерия ҳисобини юритишни талаб қилади.

Дастлаб Ўзбекистон бозори учун ўзимизнинг “БИТ.Финанс” (“БИТ.Молия”) маҳсулотимизни маҳаллийлаштирдик. “БИТ.Финанс” Ўзбекистон учун мўлжалланган, қонун талабларига мувофиқ тартибга солинадиган бухгалтерия ҳисобини юритувчи “1С: Бухгалтерия” дастури билан мувофиқ келади. Натижада бошқарув ҳисоби ва ҳисоботини автоматлаштириш дастури пайдо бўлди.

Қўлимиздаги шу маҳаллийлаштирилган маҳсулотимиз билан 2021 йилнинг декабрида Тошкентдаги офисимизни очдик.

Менталитетдаги ўзига хосликлар

Марказий Осиёда муваффақиятли бизнес юритишимиз учун Россиядаги иш тажрибамизнинг ўзи камлик қиларди. Янги шароитларни ўрганиш ва унга мослашишга тўғри келди.

Масалан, ўзбекистонлик мижозлар ҳеч қачон очиқчасига рад жавобини беришмайди. Агар таклифингиз уларни қониқтирмаса ҳам “ҳа, ҳа, мен учун қизиқ” дейишади ва ҳар сафар телефон қўнғироғига жавоб қайтаришади...

Хизматларингиз тарғиботида бошқаларнинг сиз ҳақингиздаги фикрлари жуда муҳим. Тўғри, Россияда ҳам бунга эътибор қаратилади, аммо бу ердагичалик (Ўзбекистонни назарда тутмоқда — таҳр.) эмас. Масалан, шартнома имзоламоқчи бўлган мижозингиз, сизни яхшироқ билиб олиш учун, сиз олдин ишлаган мижозни топиб, сизнинг ишларингиз тафсилотлари билан обдан танишиши мумкин.

Айрим мижозлар лойиҳали бошқарув ҳақида тасаввурга эга эмас, маҳаллий буюртмачилар оддийгина бизнес-жараёнларни баъзида тушунмаслиги мумкин. Лекин бу ернинг одамлари анча очиқ, мулоқотдан қочишмайди.

Масалан, Россияда лойиҳадан олдинги мажбурий босқич ҳисобланган бизнес тадқиқоти бу ерда урф эмас. Маҳаллий мижозлар нархлар келишиб олинишини ва кейин дарҳол ишга киришилишини исташади. Бунга мослашишимиз ва янгича ишлашни ўрганишимиз учун вақт керак бўлди. Нима билан шуғулланаётганимизни аввало ўзимиз тушуниб олишимиз учун ҳам, баъзида текинга бўлса-да, Ўзбекистонда экспресс-тадқиқотлар ўтказяпмиз.

Яхши ҳолат: мақомидан қатъи назар, одамларнинг очиқлиги. Россияда бирон-бир компаниянинг ижрочи ёки бош директорига тўғридан-тўғри боғлана олмайсиз, Ўзбекистонда мен бир куни Молия вазирлиги департаментларидан бирининг раҳбарига бевосита боғландим ва унинг ходими вебинаримизда қатнашишига келишиб олдик. Бу ерда жуда кўп нарсалар қарор қабул қилувчи шахслар билан юзма-юз мулоқотларга қурилган — барчасига қўнғироқ қилишингиз ва хат йўллашингиз мумкин.

IT Park — солиқдан тежашнинг енгил усули

Ўзбекистонга сарфлаган харажатларимиз Тошкентдаги офисимиз очилганига бир йил тўлганида тўлиқ ўзини қоплаб кетди. Бунда Ўзбекистонда IT Park резидентлари учун жорий этилган солиқ имтиёзлари муҳим рол ўйнади.

ЖШДС (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи) — IT Park резидентлари учун 7,5 фоиз (одатий 12 фоиз ўрнига). Қолаверса, резидентлар корпоратив солиқ (5–12 фоиз), ижтимоий солиқ (12 фоиз) ва қўшилган қиймат солиғидан тўлиқ озод этилган. Резидентлик учун аъзолик бадали айланманинг 1 фоизини ташкил этади.

Ҳозир IT Park резидентлари учун офислар, коворкинглар ва ҳатто хонадонлардан иборат махсус бизнес-марказ очилган.

IT Park юристлар ва бухгалтерия ҳисоби бўйича мутахассисларнинг имтиёзли консултацияларини таклиф этади. Улар юридик шахсни рўйхатга олиш, маҳаллий банкда ҳисоб очишда кўмаклашишлари мумкин. Шунингдек, тажриба алмашиш ва нетворкинг бўйича платформа мавжуд.

IT Park аъзоси бўлиш учун нима қилиш керак? Атиги иккита шарти бор:

  1. IT-компания бўлишингиз ёки онлайн хизматлар кўрсатишингиз
  2. Бизнес-режангиз

Бизнес-режа компания тўғрисидаги батафсил маълумотни ўз ичига олади: монетизация, сотувлар, хизматлар, ходимлар сони, шунингдек, компания шуғулланмоқчи бўлган фаолият турлари бўйича режалар. Бизда булар — ҳисоб юритиш тизимларини сотиш, шунингдек BI ва RPA-ечимлар (Qlik, PIX BI, PIX RPA).

Фаолият турингизни ўзгартирсангиз резидентликдан маҳрум бўлишингиз мумкин: масалан, дастурларни жорий этиш билан шуғулланаман деб кўрсатиб, кейин бирданига “темир” (техника) сотишга ўтиб кетиш ярамайди.

IT Park резиденти бўлиш учун аризани онлайн, лойиҳанинг расмий сайти орқали топшириш мумкин.

Ўзбекистонда IT соҳаси ривожланиб боряпти ва резидент бўлиш истагидагилар сони йилдан-йилга ошмоқда, шунга қараб талаблар янада қатъийлашмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, у ерга (Ўзбекистонга — таҳр.) бориш албатта ўз самарасини берадиган ва уддалаш мумкин бўлган вазифа.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг