Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ZoodMall орқали хорижга сотиш имконияти бор
13 июл куни Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос Zood (Швейцариянинг Orient Swiss компанияси бренди) компаниялар гуруҳи бош ижрочи директори ва директорлар кенгаши раиси Майкл Хой, Zood компаниясининг логистика бўйича бош директори Аскарбек Алшанбаев ва Zood компаниясининг Fargo етказиб бериш хизмати бўйича директори Азамат Абдуллаев билан учрашув ўтказди.
Учрашувда эркин омборлар хизматини жорий қилиш орқали ташқи иқтисодий фаолиятни рақамлаштириш, кичик ва ўрта бизнесдаги тадбиркорларнинг электрон тижоратдаги кўникмаларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Zood компаниялар гуруҳи бош ижрочи директори томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ZoodMall платформаси орқали Иордания, Ливан, Ироқ ва Покистонга сотиш имконияти мавжудлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, бугунги кунда электрон тижорат соҳасини ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Учрашув якуни бўйича келгусидаги учрашувларга бошқа давлат идораларини ҳам жалб қилишга ва мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Маълумот учун: Zood компанияси бош штаб-квартираси Швейцарияда жойлашган, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига хизмат кўрсатадиган тез ривожланаётган молия-технология компанияси бўлиб, рақамли кредитлаш тизими орқали инновацион ва хавфсиз ечимларни таклиф қилади. Zood компанияси 10 миллион фаол фойдаланувчига (Ўзбекистонда 5 миллион) эга бўлган ва ўз ичига ZoodPay (молиявий-технологик ечимлар), ZoodMall (электрон тижорат) ва ZoodShip (электрон логистика) хизматларини олувчи кенг қамровли экотизим ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter