Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дурдона Алимова

Ҳаётдаги ҳар бир вазият миннатдорлик билан қарши олинишга лойиқ

Оқибат электронлашиб кетмоқдами ёки дангасалашиб?

Оқибат электронлашиб кетмоқдами ёки дангасалашиб?

Ижтимоий тармоқдаги саҳифангизни кузатар экансиз, сиз билан виртуал мулоқотдаги айрим инсонлардан келаётган табрикномаларнинг ҳаддан зиёдлигини кўрасиз. “Биринчи қор”, “биринчи ёмғир”, “биринчи туман”, “биринчи шамол” хуллас, уларга қўйиб берсангиз йилнинг 365 кунида табриклаш учун сабаб топадилар. “Душанба тонги муборак” қабилида ҳафтанинг ҳар бир кунига табрик бор. Жума куни бу янада авжига минади. Бир-бирини Жума билан табриклаётганлар бунинг моҳиятини тушунармикин ўзи?

Албатта, ўзаро ширин муомалада бўлиш жуда яхши, лекин ижтимоий тармоқ фаолларининг бу хатти-ҳаракатларида бир мисқол ҳам самимийлик йўқ. Жимжимадор табрикномада бир оғиз дил сўзи мавжуд эмас, боиси улар тайёр табрикномани қўлма-қўл қилиш билан бандлар. Агар ҳар бир инсонга ўзига хос табрик, тилак ёзилганида бошқа гап эди, аммо тармоқ фойдаланувчилари томонидан андозавий суратлар тарқатилади, холос.

Назаримда, бу асло оқибат, бир-биридан хабар олиш эмас, балки бошқа бировнинг вақтига, диққатига нисбатан ҳурматсизликдир. Шу йўл орқали қариндошлари ёинки дўстлари билан доимий алоқа ниқобини кийиш эса ўзини ва ўзгаларни алдашдан бошқа нарса эмас.

Нафақат тутуруқсиз табриклар, балки бўлар-бўлмас видео, фото, постларни гуруҳлар ва фойдаланувчилар бўйлаб тарқатиш аслида ўша одамнинг руҳий ҳолатидан хабар беради. Бу ишга ружу қўйганларнинг ички оламида кемтиклар, шахсий ҳаётида ҳал қилинмаган муаммолар бор, дея хулосаланиш мумкин. Бинобарин, улар қалбидаги бўшлиқни шу орқали тўлдиришга ҳаракат қиладилар. Жамиятда ўрнини тополмаган инсон шу жўн юмуш орқали инсонлар диққатини жалб этиш, ички “мен”лари эҳтиёжини қондиришга интилади.

Агар шундай танишларимиз бўлса, уларга руҳий далда беришимиз, қўллаб-қувватлашимиз, инсонлар билан самимий муносабатларга ўргатишимиз лозим. Бу одат ўзида борлигини аниқлаганлар эса ички иродани ишга солишлари, ўзларига нисбатан ишончни мустаҳкамлаб, ҳаётга некбин нигоҳ билан қарашга ўтишлари шарт.

Умуман олганда, ижтимоий одоблар борасида ўрганишимиз керак бўлган қирралар талайгина. Булар арзимас кўрингани билан кайфиятимизга, иш унумдорлигимизга таъсир қиляптими, демак мушоҳада юритишга муносиб. Масалан, ўзингиз ихтиёр этмаган ва лозим топмаган ҳолда гуруҳларга аъзо бўлиб қолишингизни олайлик. Ҳозир интернетда бизнес қилувчи тадбиркорлар шундай осон усулга ўтиб олди: “Гуруҳга одам қўш”. Бунинг эвазига совға ваъда қиладиганлар ҳам анча оммалашди. Ғойибдан совғага учганлар контактида бор одамларни гуруҳга қўшишга тушиб кетади. Бу ўз манфаати йўлида бошқалардан фойдаланиш-ку ахир. Нега сиз қайсидир танишингиз совға олиши учун бирор бир гуруҳга аъзо бўлишингиз, унга диққатингизни қаратиб, вақтингизни сарфлашингиз керак? Уларни совға соҳиби дейиш тўғрими ёки вақт ва диққат ўғриларими? Саҳифангизда пайдо бўлиб қолган гуруҳ билан танишасиз ва ёқмаса ўчириб ташлайсиз, бу аснода интернет трафигингиз қанчадир миқдорда сарфланади. Демак, молиявий даҳл қилиш ҳам бор.

Тўғри, у фойдали гуруҳ бўлиши ва сизга ёқиши ҳам мумкин. Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам тасодифий аъзолик – ҳуқуқингизнинг бузилиши бўлиб қолаверади. Контактингиздаги яқинингиз аввал сиз билан гаплашиб, бу гуруҳ ҳақида маълумот берса, сўнг сизни у ерга киритиш учун руҳсат сўраса, рози бўлганингиздан сўнггина, сизни сафга қўшса, тўғри бўлади. Аммо, афсуски, бу маданиятга жуда озчилик риоя қилади. Улар учун махсус функция – гуруҳ ҳаволасини жўнатиш бор. Мана, бу бошқа гап. Шахсий саҳифангизга ҳаволали манзил келади, кириб кўрасиз, ёқса – аъзо бўласиз, ёқмаса – йўқ. Лекин жуда кўпчилик биринчи усулдан фойдаланади. Яъни, сизни гуруҳларга зўрма зўраки тиқиштиришади. Мақсад – админ ваъда қилган совғани олиш.

Нега гуруҳ маъмурлари ҳам бизнесларини ривожлантиришда бундай ноҳалол йўлдан фойдаланишмоқда? Бу мижозларни кўпайтиришнинг осон ва арзон усули-да, а? Арзимас совғани олган одам ўзича хурсанд, аслида бундан фақат админларнинг тегирмонига сув қуйилади. Айрим гуруҳ эгаларининг нафси шу даражада ҳакалак отганки, мантиққа умуман риоя қилмайдилар, уларга гуруҳларининг аъзолари кўп бўлса бас. Таассуфланарли томони, диний маълумотлар бериб борувчи баъзи гуруҳлар ҳам “Гуруҳимиз аъзоларини кўпайтиринг, дуо қиламан”, “Одам қўшинг, савоб бўлади”, “Юзта одам қўшган ота-онасини ҳажга олиб борсин” каби ундовлар билан чиқишга ўтиб олишган. Уларга ишонувчан содда одамлар кўп, “Одам қўшақолай, савоб бўларкан, ота-онамни ҳажга олиб борар эканман”, деб телефонларини шиқиллатишга тушишади. Қани, ўша донишманд админлар гуруҳга одам қўшиш савоблиги ҳақида бирор оят ёки ҳадисдан иқтибос келтиришсинчи!

Канал ёки гуруҳ ҳақиқатдан ҳам керакли, маърифат тарқатувчи бўлса, реклама ва зўраки аъзоларга муҳтожлик йўқ. У одамларни табиий равишда жалб қилади, интернет фойдаланувчилари ўз ўзидан уни топиб, сафга қўшилади ва чин дилдан, ўзи истаган ҳолда кузатиб боради ҳамда наф кўради.

Мухтасар айтганда, инсонлар тушунишларини истардикки, ижтимоий тармоқдаги “смайлик” ва “стикер”лар оқибатни ифодаламайди, уларни самимийлик билан алмаштиринг.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг