“JOB& EDU FEST” — АйТи меҳнат ва таълим ярмаркасида 50 дан ортиқ АйТи компаниялар юқори даромадли бўш иш ўринларини таклиф этди

Бугун 30 ноябр куни Рақамли технологиялар вазирлиги биносида 2024 йил — “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида “JOB& EDU FEST” – АйТи меҳнат ва таълим ярмаркаси бўлиб ўтди.
JOB& EDU FEST – АйТи соҳасига қизиқувчи ёшларга соҳада муваффақиятли таълим олиш ҳамда иш ўрнини топишга йўналтирувчи меҳнат ва таълим ярмаркасидир.
Тадбирни Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов очиб берди. Вазир ўз нутқида АйТи соҳасида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ҳамда муваффақиятли карьера қуриш учун янги кўникмаларни эгаллаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Вазир соҳада мавжуд ресурслар ва давлат томонидан яратилаётган шароитлардан максимал даражада фойдаланиш орқали ёшларнинг ўз келажагини АйТи билан боғлашлари учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, барчани бу йўналишда фаол бўлишга чорлади.
Жорий йилда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан 2 бор ташкил этилаётган ярмаркада 50 дан зиёд маҳаллий ва хорижий компаниялар юқори маошли бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Анъанавий ташкил этиб келинаётган ярмаркада бу гал ҳам АйТи-таълим хизматларини тақдим этувчи олийгоҳлар, ўқув марказлари, маҳаллий ва халқаро АйТи-корхоналар ва бошқа тегишли компаниялар ўзларида мавжуд қатор имкониятлар ҳақида маълумот беришди.
Тадбир давомида иш ва ўқиш истагида келган 1000 га яқин ёшлар АйТи соҳасида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган мутахассислардан амалий тавсия олдилар. Шу билан бирга Тошкент шаҳридаги Амити университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, IT Park университети, Турин политехника университети каби олий таълим муассасалари ҳамда бир қанча хусусий ўқув марказлари иштирок этиб, АйТи соҳасида мавжуд таълим дастурларини ёшларга тақдим қилди.
Ярмарка доирасида соҳада муваффақиятли фаолият олиб бораётган АйТи мутахассислар иштирокида тақдимотлар ташкил этилиб, ёшларга АйТи меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш, карьера қуриш, интервюлардан муваффақиятли ўтиш ҳамда халқаро АйТи-сертификатларнинг аҳамияти ҳақидаги мавзуларда маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Мазкур ярмарканинг асосий янгиликларидан бири JOB& EDU FEST доирасида ишга туширилган АйТидаги бўш иш ўринларига бағишланган махсус канал бўлди. Рақамли таълимни ривожлантириш маркази томонидан яратилган ушбу канал (https://t.me/digitalitvacancy) АйТи соҳасидаги мутахассислар учун вакансиялар, фойдали материаллар ва амалий тавсияларни мунтазам равишда тақдим этиб келмоқда. Ушбу платформа АйТи меҳнат бозоридаги имкониятлардан самарали фойдаланишни мақсад қилган барча учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги миссияси рақамлаштириш орқали инсонлар ҳаётини енгиллаштириш ва қўшимча даромад топиш имкониятларини яратиш ҳисобланади. Мазкур миссияни амалга оширишдаги устувор вазифалардан бири 2030 йилгача АйТи соҳасида иш билан банд бўлган мутахассисларни 300 минг нафарга етказиш устувор вазифалардан биридир. Айни мақсадга эришишда бу каби меҳнат ва таълим ярмаркалари иш берувчи ва номзодлар ўртасидаги юзма-юз мулоқотни осонлаштириш орқали ишга қабул қилиш жараёнини соддалаштириш, ёшларни АйТи соҳасига йўналтиришда зарур маълумот саналган таълим олиш манбалари, дастурлари ҳамда соҳадаги имконият ва имтиёзлар билан таништиришга муҳим тадбир бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter