Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Голливуддаги иш ташлашга нейротармоқлар сабабчи

Голливуддаги иш ташлашга нейротармоқлар сабабчи

Фото: Kino Bar

Голливуд киносаноати, сценарийнавислар ва актёрларнинг иш ташлаши оқибатида, мураккаб кунларни бошдан ўтказяпти.

Киночилар меҳнат шароитлари ва ҳуқуқлари муҳофазаси яхшиланишини талаб қилишмоқда. 2023 йилнинг май ойида бошланган иш ташлаш июл ойида ҳам тўхтаган эмас — сценарийчилар қаторига актёрлар ҳам қўшилишди.

Хусусан, SAG-AFTRA касаба уюшмасига аъзо актёрлар Голливуд студияларидаги қониқарсиз шароитлар сабабли иш ташлашди. Бу жараёнда муҳим жиҳатлардан бири актёрларнинг рақамли нусхаларини ясаш учун нейротармоқлардан фойдаланишдир. Яъни, киносаноат корчалонлари бир марталик тўлов эвазига актёрларнинг рақамли клонларини қўлга киритишмоқчи, студиялар эса актёрларнинг иштирокисиз бу образлардан тоабад фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишмоқчи. Албатта, ўзини ҳурмат қилган санъаткор учун номақбул таклиф. Иш ташлашда қатнашаётганлар орасида кўплаб таниқли юлдузларни учратиш мумкин: Роберт Кичик Дауни, Мэтт Дэймон, Эмили Блант, Рами Малек, Киллиан Мёрфи ва бошқалар.

WGA касаба уюшмасига аъзо сценарийчилар май ойидан буён норозилик намойишларини давом ээтиришмоқда. Киноматнчилар энг кам иш ҳақини ошириш, сценарий ёзиш жараёнида нейротармоқлардан фойдаланишни чеклаш ҳамда меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилишмоқда.

Иш ташлаш кўплаб филмлар ва сериалларга таъсир кўрсатди. Масалан, “Жуда ғалати ишлар” сериалининг янги мавсуми тўхтаб қолди. Афтидан, нейротармоқлар забт этишни бошлаган илк соҳалардан бири айнан кино. Навбатдагилар қайсилар — вақт кўрсатади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг