Электрон ёзилган хат конвертда етиб боради. Бу техника мўъжизаси эмасми?

Мактубни кабутарлар ташиши почтага, сўнг электрон почтага, кейин эса мулоқот усули мессенжер ва ижтимоий тармоқларга кўчди. Ҳозир ҳеч ким қоғоз-қалам олиб хат ёзмайди, чунки ҳамманинг қўлида телефон дейсизми? Афсуски, ҳамманинг ҳам эмас!..
... Ўшанда мактабни битириш арафасида эдим. "Оила ва жамият" газетасида Шаҳзода исмли қизнинг мақоласини ўқиб қолганман. Сўнг таҳририят орқали у ҳақида маълумот сўраганимда манзилини беришди. Хат ёзиб, почтадан жўнатдим. Шу бўйи опа-сингил тутуниб, Фарғона-Тошкент орасида мактубларимиз бориб-келиб турди. Шаҳзоданинг имконияти чекланган, ногиронлиги бор. Унга мактуб ёзиш орқали мулоқот қилиш қулай. Аслида менга ҳам шу усул маъқул. Анча йиллар давомида орамиздаги ришталар хат орқали давом этди.
Орада турмушга чиқдим, уйим – манзилим ўзгарди. Оила, фарзандлар билан банд бўлиб, бир парча қоғозни қоралаш-у почтага бориб топширишга ҳам вақт топилмай қолди. Шаҳзода эса интернетдан ҳам, қўл телефонидан ҳам фойдаланмайди.
Уни кўп эслайман. Бир имкон топиб юзма-юз кўришишни кўнглимга тугиб қўйганман-у, маҳалласидаги почта бўлимига боришга вақт тополмаётган одамга Фарғонага йўл бўлсин?!
Яқинда my.gov.uz сайтига бир иш билан кириб, "Почта юбориш" хизматига кўзим тушди. Бу электрон шаклда келиб тушган турли хат-хабарлар ва юридик ҳужжатларни почта томонидан қоғоз кўринишида чоп этиш, конвертга жойлаштириш ва олувчиларга етказиб бериш хизматларини ўз ичига оларкан. Дарров ёдимга Шаҳзода тушди. Ариза тўлдиришга ошиқдим.
Жараён қийин кечмади. Чунки ўзим ҳақимдаги маълумотлар тайёр ёзиб қўйилганди, кимга жўнатишни белгиладим холос. Хатни компютерда ёздим. Сўнг word файлни pdf форматга айлантириб, аризага илова қилдим. Берилган QR-код орқали тўлов (7 минг сўм)ни амалга оширдим. Айтганча, ҳатто карта рақамим ҳам ёзиб қўйилган экан.
Умид қиламанки, дил сўзларим тез орада дугонамга етиб боради ва узоқ танаффусдан сўнг ундан ҳам соғинч номаларини қабул қиламан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter